Жиноятчи пиш, қўлимга туш…

Жиноятчи пиш, қўлимга туш…
24 views
25 July 2019 - 18:15

Ўзбекистондаги қорайтирилган, аниқроғи қорайтирилмаган ойналар мавзуси ҳақиқатдан ҳам оғриқли мавзу эканини ҳатто булутли Лондонда ўтириб сезяпман. Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида ҳарорат +50дан ошган, ҳайдовчилару йўловчилар иссиқдан дод деяпти. Балки уларнинг додлари қаттиқ қўриқланувчи Олий Мажлис панжараларидан ўтмай қолаётгандир.

Дунёнинг кўплаб давлатларида тонировкага рухсат берилган. Россияда бунинг учун атиги 500 рубль штраф (8 доллар). Ўтган ой ЛДПР партияси бу штрафни ҳам пасайтиришни ва тонировкага рухсат беришни сўраб чиқди. У ерда, масалан АҚШнинг Нью Йорк штатидагига ўхшаб, 70 фоизлик нур ўтказувчанлик рухсат берилади, яъни 30%га қорайтириш мумкин. Лекин, масалан, АҚШнинг Калифорния штати тонировкани ман қилиш у ёқда турсин, уни рағбатлантиришга ўтган – у ерда нур ўтувчанлиги 40% бўлса, етади. 2012 йилда Шварценеггер губернатор бўлганида, у ойнасини қорайтирган ҳайдовчиларга ҳатто солиқ ва суғурта чегирмаларини киритди. Калифорния ҳукуматига кўра, тонировка қилинган машиналар секин исийди ва тез совийди, демак кондиционерни кўп ёқишга ҳожат йўқ. Бу билан улар яна икки йил ичида ҳавони заҳарлайдиган карбонат ангидрид газини 1 миллион тоннага камайтирмоқчи. Демак, қорайтирилган ойналардан нафақат инсон, балки табиат ҳам камроқ зарар кўради.

Май ойида Малайзияда ҳам орқа ва орқа ён ойналарни қорайтиришга киритилган чекловлар олиб ташланди.

Энди масаланинг қўрқинчли томони – гўёки қора ойналар ортида яширинган жиноятчиларга келсак. Яқинда ўзбекистонлик ИИВ мулозими “Ойнаси ноқонуний қорайтирилган ҳайдовчилар машина ичида нима қилаётганини биз қаердан биламиз”, дея кулгуга қолди. Лекин, айни дамда Ўзбекистонда 2 минг доллар тўлаб тонировка қилиш ва машина ичида истаган ишингни қилиш имкониятига эришиш мумкин. Бу қонун-қоидада мантиқ йўқлиги, менимча, ҳаммага аён. Милициядан уяладиган ашаддий жиноятчида ортиқча 2 минг доллар бўлиши ҳам кундек равшан. Хўш, ҳуқуқ посбонлари машина ичида нимани кўрмоқчи – терга ботиб тутаб кетаётган ва уларни қарғаб ўтирган ҳайдовчиларними?

Майли, машинада жиноятчи бор дейлик. Жиноятчи Калифорнияда йўқми? АҚШдаги отишмалар сони ва фуқароларнинг қурол олиб юриш ҳуқуқи ҳам кўплар учун янгилик бўлмаса керак. Лекин, шунга қарамай, полиция бемалол истаган шубҳали (ё шубҳасиз) машинасини тўхтатиб, бориб ҳайдовчи билан мулоқот қила олади. Бизнинг йўл патруллари албатта узоқдан таниб олиш имконига эга бўлиши керакми? Ёки жиноятчининг пешонасига “жиноятчи” деб ёзилгани тоза ойна ортида ярқираб кўриниб турадими?

Малайзия транспорт вазири ҳам тонировка чекловларини бекор қилганда, полиция “энди жиноятчиларни кўролмай қийналамиз” деб нолиди, лекин Вазирнинг жавоби ажойиб бўлди. “Жиноятчини ушламоқчимисан, бошқа йўлини топ!” Жиноятчиларни ушлаш учун ҳозирда бутун дунёда илғор технологиялар ишлаб чиқилган. Ундан ташқари, жиддий жиноятчиларни ушлаш учун узоқдан машинага тикилиш эмас, балки изчил терговлар олиб бориш керак. Бунинг учун эса ҳуқуқ органларига билим ва ташаббус керак. Кўчадан тўғри келганни тутиб келиб, уриб-сўкиб, қийнаб, бўйнига айб қўйишга ўрганган милиция учун бу янгилик бўлиши мумкин – лекин терговнинг ажойиб усуллари бор (ҳатто биз журналистлар улардан фойдаланамиз).

Ибрат Сафо