Молга қарамас

Молга қарамас
53 views
26 July 2019 - 11:41

 

 

МОЛГА ҚАРАМАС

Аввало мол яхши, молдан бош яхши,
Бош давлатин топган молга қарамас.
Ақлсиз ўғилдан оқил ёт яхши,
Нодон ўғил отасига қарамас.

Бедов учқур бўлса, хатар тўқинмас,
Эрда ғайрат бўлса, кинага уймас,
Хунаса урушда бошин кўтармас,
Ерга боқар, ёв кўзига қарамас.

Қўшинни урушга сардорлар бошлар,
Алпларга тўқинса, синар қиличлар,
Мардларнинг отлари Ғиркўкдек кишнар,
Номусли йигитлар молга қарамас.

Номуссиз йигитлар гарчанд оч қолса,
Дўсту ёрдан кечар, кисса бўш қолса,
Ёмон хотин яхши эрга дуч бўлса,
Юрагин доғлайди, ортга қарамас.

Кўллар тошса, юзи ўрдак, ғоз бўлар,
Мард йигитнинг куни баҳор, ёз бўлар,
Кўзи тўққа оздир, кўпдир, соз бўлар,
Асил йигит кўпга, озга қарамас.

Кўҳна дунё муханнаслар уйидир,
Дўзах эса судхўрларнинг жойидир,
Олтин-кумуш кўзларининг мойидир,
Юртни деган бузуқ жойга қарамас.

Оқил одам сўз айтади устоддан,
Ўтган-қайтган бари қайноқ ҳаётдан,
Топсангиз, аяманг жонингиз марддан,
Мард тилло-кумушга, бойга қарамас.

Дунё кўрки нозанинлар, не жонлар,
Нодонга йўлиқди турфа жононлар,
Эрдан қолган, эри ўлган жувонлар,
Мард йигитни кўзлар, бойга қарамас.

Махдумқули ғариб кўнглин бой этиб,
Қаноат ўлкасин дилга жой этиб,
Ҳар ким ўз ёрини ҳилол-ой этиб,
Ойин кўзлар, ўзга ойга қарамас.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com