Қиёматдан нишон бор

Қиёматдан нишон бор
60 views
29 July 2019 - 10:39

 

 

ҚИЁМАТДАН НИШОН БОР

Қай бир томон солмай назар қиёматдан нишон бор,
Ҳақ-адолат топа олмай минг битта бағри қон бор,
Дарғазаб халқ юрагида қасос тўла вулқон бор,
Менинг аччиқ дардларимга на таскин , на дармон бор,
Кўраман деб ўйлагандим мен ҳам обод ватанни,
Эвоҳ, бағрим қон бўлмоқда кўриб барбод ватанни!

Ризқ ахтариб дунё бўйлаб саргардон элни кўрдим,
Оч-яланғоч, рангу рўйи заъфарон элни кўрдим,
Давоси йўқ минг дард билан андармон элни кўрдим,
Қул каби ҳеч қиммати йўқ чалажон элни кўрдим,
Дардларини айтиб мен ҳам бир бало бўлдим, нетай,
Дардманд элнинг дардларига мубтало бўлдим, нетай!

Жаримаю солиқларнинг саноғи бор, сони йўқ,
Акобирлар мансаби бор, бироқ ҳеч имони йўқ,
Олишнинг устаси бари ҳиммату эҳсони йўқ,
Одам каби кун кўришнинг сира ҳам имкони йўқ,
Хору зор эл гадолардай туртинар ҳам суринар,
Бундан кўра жаҳаннамда яшаш осон кўринар!

Аёлларнинг зиммасида оғир юки турмушнинг,
Ҳолин кўриб қилт этмайди ҳаром туки турмушнинг,
Томоқлардан ўтмас асло ёвғон сўки турмушнинг,
Азадордай халқ эгнида мотам кўки турмушнинг,
Бу юрт бўйлаб қора ажал шарпаси кезиб юрар,
Қонга тўлган элнинг бағрин яна ҳам эзиб юрар.

Порахўрлар бир-бирига пора бериш билан банд,
Амалдорлар кеккайганча кўкрак кериш билан банд,
Нонга зор халқ ёт элларда ризқин териш билан банд,
Қайнатолмай қозонини шўрлик шўриш билан банд,
Бойлар билан ғарибларнинг фарқи осмон-ер бўлди,
Юлғучларнинг билган гапи фақат “Бергин! Бер!” бўлди.

Кетолмайман манглайимга битилган ёр қошидан,
Кечолмайман Парвардигор омонат жон-лошидан,
Ўтолмайман қора қисмат баланд тоғу тошидан,
Ва лекин имоним комил: балиқ сасир бошидан,
Бошимизга бало бўлиб битган бошни жудо қил,
Элу юртга жони фидо жўмардни кадхудо қил!

Таърифига асло таъбир тополмам бу ҳолатни,
Жиловини тортадиган мард йўқ ҳеч жаҳолатни,
Ҳали ҳануз дасти дароз қўли қон разолатни,
Ҳали ҳануз оғзи қондир ҳақиқат, адолатни,
Токай билган ишин қилар сира тап тортмай шайтон,
Токай шайтон қилмишларин лоқайд кузатар Раҳмон?!

Ҳаромҳўрлар нафсин ўйлаб қора режа туздилар,
Бозорларга қўшиб уйлар, мозорларни буздилар,
Шафқат қилмай одамларнинг жон томирин уздилар,
Мазлумларнинг қонин ҳатто шароб қилиб суздилар,
Элнинг қонин шароб қилиб ичганларга минг лаънат,
Ўз элига минг бир кафан бичганларга минг лаънат!

Умрим ўтди, мен ҳам қай кун бошим олиб кетарман,
Боболарим етган ўша манзилга ҳам етарман,
Бироқ бағрим ўртаган бу армонларни нетарман,
Қабримда минг армон билан, эвоҳ, қандай ётарман,
Ҳеч бўлмаса у дунёда чирқиллатма арвоҳим,
Нолам раво айлаб халқим бахтли қилгин, Оллоҳим!

Абдулҳамид Пардаев