Ўзбекистонда илмий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар

Ўзбекистонда илмий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар
26 views
30 July 2019 - 12:42

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛМИЙ ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА БАЪЗИ ТАКЛИФЛАРИМИЗ

Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳалар ривожланиб бормоқда.

Аслида илм-фан, технологик янгиликлар турли соҳалар равнақига катта куч бериши ва улар орқали давлат ва жамият ривожланиши керак. Бугун халқаро майдонда илмий соҳага комплекс ёндашилмоқда. Қишлоқ хўжалигидаги кластерлар бунга яққол мисолдир. Ўзбекистонда амалиётга жорий этилаётган бу каби кластерлар барча ишлаб чиқариш соҳаларига ҳам кириб келиши керак. Бу режаларни амалга оширишда уларнинг менежменти ва маркетингини ташкил этиш муҳим ўрин тутади.

Рақобат бозорида муносиб ўрин топиш учун ишланма ва илмий кашфиётларни амалиётга жорий қилиш, уларнинг бозор талабига мослиги ва харидоргирлигини аниқлаш, бозор ўзанини англаш тизимлари яратилиши керак.

Бугунги кунда тарих фанида ҳам барча фан соҳаларидаги инновациялар, фан-техника инқилобларининг тадрижий ривожланишини кучли ўрганиши, улар бўйича кенг миқёсли илмий ишлар олиб борилиши керак. Илмий ишлар юзасидан конкрет амалий аҳамиятга эга бўлган тавсиялар ишлаб чиқилиши, фанлараро ёндашувлар кучайтирилиши ва тарихчи олимларнинг барча соҳалардаги олимлар билан кенг мулоқотлар олиб бориши, яъни фанлараро кластерлар яратилиши талаб этилади.

Тарихимизда бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Мисол учун Маъмун академияси ана шу фанлараро мулоқот тизимида фаолият юритган эди. Маъмун академясининг иш тизимини чуқур ўрганиш ва улардан амалиётда фойдаланиш илмий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Ҳозир тарихчилар томонидан нафақат фан тарихи, балки давлат қурилиши, иқтисодиёт ва солиқ ишлари, ижтимоий сиёсат, меъморчилик, маънавий-маърифий соҳалар ва бошқалар тарихи ҳам чуқур ўрганилиши даврнинг муҳим талабига айланди.

Сиёсий ислоҳотлар учта ҳокимиятнинг бир-бирини тийиб туриш ва ҳеч қайсисида катта куч тўпланмаслиги учун олиб борилмоқда. Фанда ҳам ана шу тамойилдан фойдаланиш керак, фан тақдири бир ҳовуч одамларнинг қўлига тушиб, бошқаларнинг иқтидори эзиб ташланмаслиги керак.

Бугун Жамоатчилик назорати, сиёсий партияларнинг давлат ва жамиятдаги роли ва ўрни, фуқаролик жамияти институтлари кучайтирилмоқда. Худди шу каби қотиб қолган илмий-тадқиқот тизимининг ҳам занжирларини синдириб, уни озодликка олиб чиқиш керак. Ана шунда фан-технологиялар, инновацион тадқиқотлар ривожланади. Бизда янги илмий кашфиётларни бажариш, уларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш ва рақобат бозорида сотиш, мазмун ва шакл, талаб ва таклиф яхши ўрганилмаган. СССР даврида ана шу асрий тажрибалар йўқ қилиб ташланганди. СССРнинг иқтисодий қарашлари формати ҳам фан ва ишлаб чиқаришнинг алоқадорлигини ўрнатишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу гўёки карма қонунларига ўхшайди. Шунингдек, халқимиз орасида илмий даражаси бўлмаса ҳам технологияларни яхши биладиган, рационализаторлик салоҳиятига эга бўлган ёшлар ва билимдон кишилар кўп, уларга ҳам танловлар эълон қилиб бориш керак деб ўйлайман.

Аслида бугунги кунда халқимиз ва ёшлар онгида илмий салоҳиятни оширишга мойил илмий тафаккур ҳам шаклланиб бормоқда, ёшларимиз жаҳон олимпиадаларида ғолиб бўлиб қайтмоқдалар. Бу кўрсаткичлар уларнинг ижодий салоҳиятини очиб боради ва кейинчалик катта янгиликларни яратишларига замин ҳозирлайди. Бу борада номдор стипендиантлар, олимпиада ғолиблари олдига ҳам талаблар қўйилиши ва улар илмий ишларга йўналтирилиши лозим.

Ҳозир Ўзбекистонда фан тараққиёти ОАК томонидан совет даврида белгиланган шаблонлар орқали чекланиб қолаётганга ўхшайди.

Нимага айнан Ихтисослашган кенгашларга бир ҳовуч бир-бирини қўллаб турадиган ва кўп ҳолатларда ўз шогирдларини ҳимоя қилдирадиган одамлар тўпланиб қолган? Маҳаллийчилик, уруғчилик, таниш-билишчилик бу соҳага ёт-бегона бўлиши керак эмасми?

Олий аттестация кенгаши экспертлари ҳам махсус танланганга ўхшайди. Улар холис ва иқтидорли олимлардан қўйилиши лозим. Тарих соҳасида Камолиддин Шамсиддин, Ашраф Аҳмедов, Аблат Хўжаев, Рустам Сулаймонов, Шерзод Абдуллаев каби иқтидорли олимлар ана шу экспертларнинг сафида доимо бўлишлари керак.

Афсуски, юртимизда қанчадан-қанча иқтидорли олимлар бор, уларнинг камдан-кам шогирди ҳимоя қилган. Юқорида тилга олинган олимларнинг шогирдлари ҳам кўп эмас, булар келажакда академикликка лойиқ олимлардир. Академикларнинг сайланишидаги оғир талаблар ҳам олиб ташланиши, қилган ишларига қараб унвон бериш қоидалари киритилиши керак.

Бизда ёзилган китоб ва илмий мақолалар кўпинча тақриздан ўтказилмайди ва текширилмайди. Бугунги кунда плагиаторлик илмнинг кушандасига айланмоқда. Бир даврга тааллуқли материаллардан турли мавзуларни ёзишда фойдаланилмоқда ва натижада илмий амалий аҳамияти оз бўлган, фалсафа доктори ва фан доктори даражасига нолойиқ инсонлар илм саҳнасига келиб қолмоқда.

Минг афсуски, фанга ҳам ўзбекчилик кириб келди. Фанни ривожланишига тўсқинлик қиладиган бир ҳовуч олимлар бошқа ўзига душман деб билган ёки ёқтирмаган олимларнинг шогирдларининг йўлига тўғаноқ бўлади, улардан ўч олишади, иқтидорли ёшларни сарсон қиладилар. Алалоқибатда ёш иқтидорларнинг фан майдонини ташлаб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бугунги ёш авлод онгида “қайси илмий раҳбар Кенгаш аъзоси бўлса ва сўзи ўтадиган бўлса шунинг шогирди ҳимоя қилади” деган тушунча шаклланди. Ёшлар орасида “илмий раҳбар танлаш 50 % муваффақиятдир” деган қоида устувор бўлиб қолган ва улар бошқаларга камдан-кам ҳолатларда шогирд тушадилар. Ана шу адолатсизликларни статистик маълумотлар орқали ҳам кузатиб аниқлаш мумкин бўлади. Бу анъаналар таъсири натижасида диссертантлар томонидан унча долзарб бўлмаган мавзулар танланади. Бугунги кунда бирор амал курсисини эгаллаш учунгина илмий даража олганлар ҳам талайгина.

Баъзи олимлар йиллар давомида давлатнинг пулини мақсадсиз ишлатдилар, катта маблағлар ҳавога учиб кетди. Енгил-елпи мавзуларда грантлар олинди ва уларнинг амалий натижалари ҳам табиийки кам бўлди. Илгари ишланган ишларни ҳам грант қилиб пулини олиш илгариги анъаналардан эди. Бугун амалиёт билан боғланмаган ва тараққиёт учун ҳисса қўшмайдиган олимларнинг ва лойиҳаларнинг баҳридан ўтиш керакка ўхшайди.

Бу камчиликларни бартараф этиш учун Олий таълим муассасаларида ишлаётган номутахассис соҳа вакилларига ҳам бир марталик ҳимояга рухсат бериш ёки камида 4-5 нафар фан доктори бўлган тақдирда Ихтисослашган кенгашлар очиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши керак. Муаммоларнинг хусусиятидан келиб чиқиб фанлараро кесимдаги олимлар билан мулоқот қилиш ва ҳимояни биргаликда ташкил этиш мумкин.

Бугунги коррупцион тизим давр талабига жавоб бера олмайди. Давр билан ҳамнафас ва бир неча қадам олдинда бўлмаган фаннинг давлат ва жамият учун қандай фойдаси тегиши мумкин?

Илмнинг оқсашига асосий сабаб юқорида таъкидлаб ўтилганидек, бу тизимнинг коррупциялашганидир. Ҳозир Ихтисослашган кенгашларда катта куч бўлиб хизмат қиладиган, уни орқаваротдан бошқарадиган, тарозисининг тоши оғир босадиган профессорларни илмий раҳбар сифатида танлаш замона урфига айланди. Аслида бу анъана совет давридан бери давом этиб келмоқда.

Гуруҳбозлик, таниш-билишчилик, фақат маълум гуруҳларнинг манфаатларининг олдинга сурилиши туфайли мамлакатдан фан ривожланиши суст кетмоқда.

Илмий даража олишга арзимаган диссертантлар ҳам ҳимоя қилиб кетмоқдалар.

Бир даврга ва бир-бирига ўта яқин мавзулар танланмоқда ва тезлик билан ҳимоя қилинмоқда.

Бу соҳадаги иқтидорларни қийнаётган қолоқ анъаналарни қайта кўриб чиқиш, хориждаги ҳимоя тизимларини ўрганиб чиқиш керак. Кўпинча хориж ОТМларининг ҳар бирида кўп тармоқли Кенгашлар ишлаб турибди.

Турли олий ўқув юртларида фаолият юритаётган олимлар асосан ўзлари ишлаётган ОТМ мутахассисликлари тарихи бўйича илмий ишлар олиб борса ва ўша олийгоҳнинг мутахассис олимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйса, Ихтисослашган кенгашларда аъзо бўлишса келажакда ижобий натижалар бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда Ашраф Аҳмедов, Аблат Хўжаев, Камолиддин Шамсиддин, Рустам Сулаймонов каби кўплаб дунё тан олган иқтидорли олимлар бор. Бу олимлар 2-3 талаб Илмий Кенгашларга ёки ОАК экспертлигига аъзо бўлишлари ва янги мавзуларни белгилашда маслаҳатчи этиб тайинланишлари керак. Ана шу олимлар ўз мактабларини яратиб, ёшларни янги мавзуларни тадқиқ этишига бош-қош бўлсалар тарих фанида катта силжишлар бўлиши мумкин.

Аслида бугун илмий ишларни танлашда катта-катта амалий аҳамиятга молик ва янгиликларга бой бўлган бўлган мавзулар танланиши, умуман ҳар бир соҳада янги-янги горизонтлар очилиши лозим.

Фан-техниканинг оёғига тушов бўлиб турган бу кўринмас, аммо ўта қудратли занжирдан қандай қутулиш мумкин?

Ҳимоя қилиш усуллари, кенгашлар таркиби, уларга муқобил Кенгашлар яратиш, илмий ишларнинг сифатини кўтариш, ҳимоядан кейин ҳам 10 йил давомида олимнинг ўз позициясини сақлаб қолиши, илмий янгиликларни халққа етказиши, амалиётга жорий этиши каби кўплаб қоидалар бошидан охиригача ишлаб чиқилиши зарур.

Ҳимоядан кейин эълон қилинган ишлар диссертантнинг ўз-ўзининг плагиатига айланиб қолмаслиги, кўчирмачилик даражасини ўрганиш учун кучли дастурлар ишлаб чиқилиши лозим.

Бугун жаҳонда тезлик билан рақамли ва ақлли ёндашувлар ҳамма соҳалар қатори гуманитар фанлар тизимига ҳам кириб бормоқда. Халқаро майдонда илмий тадқиқотлар рақобати кундан кунга кучайиб кенг майдонларни эгалламоқда. Бу шароитда ушбу тизим билан катта натижаларга эриши қийин масаладир. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, илм соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилиши керак. Ислоҳотлар йўли билангина фан олдидаги ғовлар олиб ташланиши мумкин. Зеро, фаннинг мақсади турли соҳаларга оид конкрет муаммоларни ечимини топиш, амалиётга жорий этиш, уларнинг менежменти ва маркетингини шакллантириш ва ривожлантириш орқали давлат ва жамият равнақи учун хизмат қилишдан иборат бўлмоғи керак.

Шоҳиста Ўлжаева