Аз-Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим

Аз-Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим
108 views
31 July 2019 - 8:00

Араблар ўзлари эътироф этади – агар хоразмлик аз-Замахшарий бўлмаганида улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди

Бизнинг тарих деганда, кўз олдимизда, аввало, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк аждодларимиз сиймоси гавдаланади. Яна қанчадан-қанча алломаларимиз бўлганки, уларни ҳар қанча фахр билан эсласак, арзийди. Кўҳна Хоразм заминида таваллуд топган, жаҳон фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома Абулқосим аз-Замахшарий ана шундай улуғ зотлардан бири бўлган.

1075 йил 19 мартда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида дунёга келган аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида кўп келтирилади. Тарихчиларнинг аллома ҳақида билдирган маълумотларига кўра, ёшлигида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли унинг бир оёғини кесиб ташлашади ва бутун умри давомида ёғоч оёқда юради.

ЎзА хабарига кўра, бу изтиробли воқеа сабабми ёки ўз табиати шундай бўлганми – ҳар ҳолда аз-Замахшарий болаликдан илмга чанқоқ эди. Илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, тенгдошлари орасида зўр истеъдодини намоён қилди. У мадрасада ўқитиладиган фанларни пухта эгаллашга киришди. Айниқса, араб тилшунослиги ва грамматикасига оид асарлар аз-Замахшарий фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.

Олим беш йил Маккада яшаб, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг шева ва урф-одатларини чуқур ўрганди. Кўплаб асарлар ёзди. Шулардан бири араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал фин-наҳв” (1121 йил) асаридир. Бу иш араб тилини ўрганишда йирик қўлланма сифатида шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади.

Шунингдек, олимнинг «Муқаддамат ал-адаб», “Жавоҳирул-луға”, «Ал-Муфассал», «Асос ал-балоға», “Ал-Асмо фил-луға” каби йирик асарлари дунё илм аҳли орасида ғоят қадрланади.

Араблар ўзлари эътироф этади – агар хоразмлик аз-Замахшарий бўлмаганида улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди. Маккада яшаган даврида аз-Замахшарий аксар вақтини Каъбада ўтказган. Ўшанда у доимо шеърият ихлосмандлари, толиби илм вакиллари, мухлис ва шогирдлар қуршовида бўлган. Кўпчилик ундан сабоқ олгани эътироф этилган.

Ўз даврида алломани яхши таниганлар ҳурмат юзасидан уни “Устоз уд-дунйа” (“Бутун дунёнинг устози”), “Устоз ул-араб вал-ажам” (“Араблар ва араб бўлмаганларнинг устози”), “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”), “Фахру Хваразм” (“Хоразм фахри”) дея аташган.

facebook.com