“Санъат халқники”ми…?

“Санъат халқники”ми…?
32 views
31 July 2019 - 15:43

Сегодня в гостях у ZERO LINE прекрасная Нигора Умарова Нигора Умарова (Nigora Umarova), журналист, писатель и чтец стихотворений на фарси и узбекском языках. Но более всего покоряет эта женщина своей вдумчивостью и проникновенным отношением к искусству. Посетив сегодня нашу выставку, Нигора была так впечатлена, что выразила желание написать о своих мыслях тут же, не покидая наших стен. И с позволения автора мы публикуем небольшое эссе-впечатление Нигоры Умаровой на узбекском языке о выставке “Искусство принадлежит…”:

“Санъат халқники”ми…?

Вячаслав Ахуновнинг собиқ СССРнинг аянчли ва доғули ўйлаб топилган мафкурасига бағишланган “Санъат халқникидир” деб номланган антисовет кўргазмаси киши хаёлини бир зумда 38 йил ортга қайтарди. Санъат халқникидир… “Буюк” доҳий, совет тузуми ўйлаб топган “пайғамбар” Владимир Ильич Лениннинг санъат ва маданият ишлари билан шуғулланувчи масъул Анато́лий Васи́льевич Лунача́рскийга ёзган хатидаги “Санъат халқникидир” жумлалари ўз навбатида тузум мафкурасини санъат ёрдамида оммага тарғиб қилишга, санъат ҳамда маданият орқали халқ онгига сингдиришга ёрдам берган.

Озми-кўпми бу тузумнинг гувоҳи бўлганмиз. “Қуёшга ўхшар Ленин бобомлар, минг йиллар яшар, Ленин бобомлар… Ленин бобомлар. Менинг бобомлар…” Болалар боғчасида ўрганган ушбу қўшиғим ҳали ҳануз онгимга мустаҳкам ўрнашиб қолган. Бола онгига битилган ғоя тошга ўйиб ёзилган битикдек мустаҳкам ўрнашиб қолади деб бежизга Ибн Сино айтмаган-де… “Ленин бобомиз”ни шунчалик севардик-ки… Керак бўлса, жонимизни ҳам беришга тайёр қилиб, боғча ва мактабда тарбиялашганди. Боғчада ўрганган қўшиқдан таъсирланган 3-4 ёшли қизалоқ, бувамга эркаланиб гаплашиб ўтириб, уларга “Бува, Сиз Ленинга жуда ўхшайсиз. Мен Сизни Лениндек яхши кўраман. Ҳеч қачон ўлмаслигингизни хоҳлайман” –дебман. Ётган жойлари нурга тўлгур буважоним, жиддий бўлиб қолдилар ва “Ҳар бир инсон ўзига-ўзи ўхшаши керак. Муҳими – йўлини тўғри топиб олишида, билдингми..”- дея уқтирдилар. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ёши етмай, фронт ортида меҳнат қилган, етимлик туфайли ҳаётнинг озми-кўпми аччиғини тотган меҳрибонимнинг сўзларини улғайгач англадим.

Бувам Тошкентнинг Бешёғоч маҳалласида туғилган. Қадимдан тошкентликларнинг таомилга мувофиқ, ёзги ва қишки ҳовлилари бўлган. “Қулоқлаштириш” даврида Текстиль комбинати қурилиши даврида ёзги боғ ҳовли, мол-ҳоллар билан давлатга топширилган. Акс ҳолда уларнинг бошига бошқа маҳалладошлари қатори узоқ совуқ ўлкаларга сургун бўлиш қисмати ёзиларди. Оналари Бешёғоч даҳасининг қизларига дарс берган Отинойи ҳам эски ўзбек алифбоси бўлмиш араб алифбосини билганлар. Қизларга хат-савод ўргатиш билан бир қаторда, Навоий, Фузулий, Аҳмад Яссавий, Хўжаназар Ҳувайдо девонини ўқишга ўргатганлар. Бироқ “олиб бориб-олиб келишлар” соғлиқларига жиддий таъсир кўрсатиб, вақтли оламдан ўтган. Бувам ҳам ота, ҳа онадан етим қолиб катта ака қўлида қолган. Тузум ўз ғоясини одамлар онгига шу даражада сингдириб юборганки, одамлар Ленинни Худо даражасида кўришган. Оиладаги бу йўқотишларда “Доҳий”ларни умуман айбдор деб билишмаган. Чунки МАФКУРА-ИДЕОЛОГИЯ шундай эди. Четга чиқувчи “дарча” йўллари тўсилган, фақат “уй ичидаги ҳаводан нафас олинарди”.

Тонг отмасдан бувимнинг Бамдоддан сўнг Навоий, Фузулий, Яссавий ғазалларини оҳангга солиб ўқиган қироатларидан уйғониб кетардим. Баъзан “Буви, эскича китобингизни ўқиб беринг ,-деб хархаша ҳам қилардим. Чунки ашъорлар менга ашуладек таъсир қилар, баъзан эса кўзда ёш қалқирди. Бувимларнинг авлоди анча пишиқ-пухта бўлгани учун барча китобларни томнинг бўғотида сақлашган, шу боис бўлса керак жадидларнинг “усули савтия”га асосланган Мунаввар қори ҳамда Абдулла Авлоний томонидан Ғулом Орифжонов ва Порцевларнинг тошбосма ва михбосма (литография) усуслида босилган 1911 йилда босилган “Ўқиш”, “Қироъат”, Абдулла Қодирийнинг уч бўлиб 1919-21 йилларда чоп этилган “Ўткан кунлар”и, лотин алифбосидаги “Меҳробдан чаён”и ҳанузгача сақланиб қолинган, бироқ у китоблар темир қутида, қулфланган тарзда турарди. Бувимлар Сталин 1953 йил 6 мартда вафот этганида бутун мамлакат қандай аза тутганлигини, ҳатто йиғлаб-сиқташлар оқибатида баъзи кекса аёлларнинг қон босими ошиб кетиб, вафот этганлигини айтиб берардилар. Одамлар онгида шу нарса бор эканки, Иккинчи Жаҳон урушида совет халқининг ғалабага эришишида иккинчи доҳий – ПЎЛАТ ДОҲИЙ (Сталин) сабабчи бўлган, акс ҳолда Совет Иттифоқини фашистлар босиб оларди, деган. Кўргазмада Сталин вафотига бағишлаб чоп этилган 1953 йил 7 мартда Сталин вафоти муносабати билан чоп этилган “Литературная газета”ни кўздан кечирар эканмиз, газета саҳифалари ёзувга тўла бўлса-да “ПУСТО” (қуруқ, бўш) сўзига дуч келамиз. Саҳифалар Доҳийнинг аҳволи ёмонлашганлик ҳолати, тиббий ташхис ҳамда вафот этгач, инсонларнинг билдирган таъзияномаларига тўла. Бир қараганда инсонларнинг дарди унда акс этгандек. Бироқ вақт ўтиши билан сталиннинг ҳақиқий қиёфаси очилгач, буларнинг барчаси “қуруқ гап”лигига ишорат эмасмикан рассом наздида…

Ҳозирги Ўзбекистон тарихи жойлашган тўрт қаватли бинода Ленин музейи бўлиб, вақти-вақти билан сайёҳат-дарслар уюштириб туриларди. Айниқса, телевидение экранларида “Йўлчи юлдуз” спектаклини қайта-қайта томоша қилишни, ўн тўрт комиссарни Тошкентда бўлиб ўтган Осипов қўзғалонида отиб ташланишини; бойларга нисбатан нафрат билан қараш ғоясини илгари сурган, даврга мослаштириб, муаллифи вафотидан сўнг қайта ишланган “Бой ила хизматчи”ни киши қайта-қайта томоша қилардик-ки… Чунки “Санъат-халқники!”, эди-да…

80-йилларда ўша пайтнинг доҳийси ҳисобланмиш ёзувчининг “Қўриқ Ер” асаридаги қўшиқ ва декломацияларни берилиб тинглар, ҳатто баъзиларини ёд олгандик. 5 ёшда мактабга тайёрлов синфи “Нулевой класс”га борганда ўқитувчимиз ёзишнинг илк малака ва кўникмасини шакллантираётганда “С чего начинаеться Родина?”, “Союз нерушимый республик свободных”, “Орлёнок, орлёнок, лети выше солнца”ни куйлаб, ёнимизда ыурилиш кетаётган объектларга бориб ўқувчилар иштирокида ҳар ҳафта концерт дастурини кўрсатиб қайтардик биз“бола пақир”лар. ВАТАН биз учун Совет Иттифоқи, у ердаги каби мамлакат ҳеч қаерда йўқ, чор атрофдаги империалистик, капиталистик давлатлар бизни кўра олишмайди, билиб бўлмайди эртами-кечми “совуқ қурол”-атом бомбаси орқали уруш бошлаб қолиши мумкин деган ҳадик билан ушланарди одамлар онги. Ҳатто мактабларда юқори синфлар учун махсус “Ҳарбий тайёргарлик” дарслари ўтилиб, противогаздан қандай фойдаланиш “инструкциялари” ўргатиларди. Қўрқув салтанати инсонлар онгини қўрқув орқали бошқарарди.

“Олам бўйлаб порлаган Қуёш,
Ишимизда сен доим йўлдош.
Бизлар учун ғамхўр, эмакдош,
Чаман юртимизнинг баҳори Ильич…”

Ҳар 21 январь совет халқи учун мотам куни, ҳар 22 апрелда байрам тантана “Бугун Ильич туғилган, бугун севинч туғилган…” – деб байрам қилинарди….

Вячаслав Ахуновнинг “Санъат халқникидир ” кўргазмасини заллар бўйлаб айлана туриб, хотирам жонланди. Тўғри, тарихни ҳар доим ғолиблар ёзган. Кечаги кун сабоқ. Кўргазмадаги намойиш этилган объектларни кузата туриб гоҳ турналар овозини эслатувчи, гоҳ шамолнининг увиллашини эслатувчи овоз ўтмишни эслатди. Кечги кун сабоқ. Раҳматли тарих ўқитувчимиз бўлардилар Асроров Ҳаким ака. “Ўз тарихини билмаган одам ўрмонда адашиб қолган ёш болага ўхшайди” ёки “Бизнинг ота-боболаримиз ёғочдан қошиқ ясаб таомланаётган бир пайтда бизни ҳозир бошқараётган буюк оғаларимиз дарахтма-дарахт сакраб юриб мева-чева териб юрарди”,- деган гапни ҳар дарсларида қўрқмай (ҳа, айнан қўрқмай, чунки тегишли идораларга мактабларда нима ўқитилаётгани ҳам етказилиб туриларкан кейин билсам) такрорлашни яхши кўрар эдилар. Устозим фикримни тўғри йўналтирганларига, миллий ғурур ва ўзлигимни англашга ўз ҳиссаларини қўшганларига доимо ҳақларига дуо қиламан. Ҳатто, тарих хонасида “Синф музейи”ни ташкил қилиб, барча болалар уйимизда бор тарихий ашёларни у ерга тўплай бошладик. 4-синфда синфдошларим орасида Сулаймон Боқирғонийнинг,

“Сани дардинг банга дармондин ортуқ,
Санга қул бўлғоним султондин ортуқ.
Гар номинг айтсам чўл ичинда,

Ул чўл бўлур манга бўстондин ортуқ…”- ғазалини қироат билан ўқиб берсам, “Умарова, бу шеърни қаердан ўргангансан?”- деб сўрадилар.

-Бувимлар доим “эски китоблари”дан ўқиб берадилар.

– “Эски китоб” дема. Бу бизнинг қадимий ёзувимиз. Уни албатта, ўрган.

– Музейимизга ўша китобни олиб келсам майлими? Зўр экспонат бўларди.

– Уйда турган китоб қадрият. У авлоддан авлодга ўтади. Қадриятни сақлай билиш керак.

Устоз Ҳаким аканинг гаплари сабаб уйдаги эски ўзбек алифбосида ёзилган бадиий китобларни ҳижжалаб ўқишни бошладим. У ердаги “Яхшилик ерда қолмас” ва “Хулқлар” тўғрисидаги нарсалар одамни шунчалик ўзига тортарди-ки. Кейинчалик билсам, бу Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим” ва “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китоблари экан.

Кўргазмада қўйилган гугурт қутиларидан қилинган “Гугуртга ҳайкал”инсталяцияси киши эътиборини ўзига жалб қилди. Совет тузуми шиорлари ёзилган, коммунизм ғояси қуриш ғоясини илгари сурган доҳийлар Маркс, Ленин, Сталин ва компартиянинг бошқа раҳбарлари тасвирлари жамланган гугурт қутичалари асосида пирамидасимон шаклда терилган ҳамда Ленин мавзолейини эслатувчи бу қутичаларнинг энг юқорисида битта дона гугурт чўпи қўйилган. Биргина гугуртни ёқишингиз билан барчаси “пов” этиб ёнади-ю, бир зумда кулга айланади. Шунга ўхшаб, 1988-1990 йилларда бўлган Компартиянинг съезди, “Ошкоралик”, “Қайта қуриш” даврининг бошланиши одамлар қўлига бериб қўйилган “чақмоқтош” вазифасини бажарган бўлса, ажаб эмас…

“Рўйхатга киритиш” (“Тотальная инвентаризация”)да эса ҳар бир тош рақамлаб чиқилган. Бу Қатағонлик даврида икки-уч қорамоли бўлса ёки тўрт-беш ортиқча кийими бўлса ҳам рўйхатга олиниб сургун қилинган инсонларнинг тақдирини эслатди. Шу ўринда Абдурауф Фитратнинг қизлари Севара опанинг Фитратни қамоққа олиниш жараёнида оиладаги буюмлари рўйхатга олинганлиги тўғрисида бизга кўрсатган ҳужжатлари кўз олдимга келди. Худо кўрсатмасин-у, бугунги фаравон, барча неъматлар муҳайё кунимизда шундай “рақамлаштириш” бўлса, қатағон машинасига кирмайдиган бирон одам қолмаса кераго-о-ов…

Кечаги кун биз учун ҳам сабоқ, ҳам тарих. Бугунги кунимиз келажагимизни белгилайди ва эртанги тарихимиз ҳисобланади. Вячаслав Ахуновнинг “Муҳр, қолип, андоза…” (“Штампы, печати, шаблоны”), “Гумон” (“Сомнение”) , “Гугуртга ҳайкал” (“Монумент спичке”), “Рўйхатга киритиш” (“Тотальная инвентаризация”)ни кузата туриб, инсон ҳам фикр юритди, ҳам бугунги кунига, дадил фикр юрита оладиган кунига шукроналик келтирди. Бизда эркин ахборот олиш, уни қиёслаш, энг тозасини “саралаб олиш” имкониятимиз бор-ку! Ҳар бир кунимизни маънавий бойитишимиз, санъаткорона яшашимиз эса ўз қўлимизда. Рассомнинг социалистик модернизм асосида ZERO LINEдаги кўргазмаси эса ҳар бир инсоннинг тафаккурини кенгайтиришга озгина бўлса-да, туртки беради, онг остидаги қайсидир хотираларини уйғотади.
#ахунов
29.04.17

facebook.com