Тўрт девор учун фалон пул тўлайсиз ёки пойтахтда уй-жой савдоси қандай кетмоқда?

Тўрт девор учун фалон пул тўлайсиз ёки пойтахтда уй-жой савдоси қандай кетмоқда?
91 views
01 August 2019 - 12:23

Ўтган икки йилдан зиёдроқ вақт давомида Тошкент шаҳрида янги турар-жойлар қурилиши «бум»и кузатилмоқда. «Новостройкалар» номини олган бирламчи бозордаги уйлардан бирини сотиб олганларга доимий прописка берила бошланиши пойтахтдаги уй-жой савдосига қандай таъсир кўрсатганини ўрганиш мақсадида Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири халқ тилида «уй бозори» дея аталувчи Чилонзор туманидаги маклерлар тўпланадиган жойни бориб кўрди.

«Сотиб олишгами ё аренда?»

Чилонзорнинг таниқли Ц-мавзесида жойлашган савдо-кўнгилочар марказининг бир бурчагидан жой олган «уй бозори» атрофида маклерлар (савдо-сотиқда воситачилик қилувчи шахс) деярли кўзга ташланмайди.

Уларнинг бари жазирамадан сақланиш учун бино ичидаги салқин майдончада тиқилиб олиб, мижозларни кутмоқда.

Бинонинг бу қисмида «уй бозори» жойлашганини фақат кириш эшиги ёнига илинган «Лицензиясиз риелторлардан эҳтиёт бўлинг!» огоҳлантиришидан билиш мумкин.

Ичкарига кириш билан деворларга бетартиб ёпиштирилган ва столлар устига уйиб ташланган сотувга қўйилган ҳамда ижарага берилаётган квартиралар тўғрисидаги эълонларга кўз тушади.

Аксарияти эълонларни кўксига ёпиштириб олган маклерлар эса ичкарига кирган ҳар бир эҳтимолий мижозга пешвоз чиқади.

«Сотиб олишгами ёки аренда, ака?»

Мижознинг истагини эшитган маклерлар дарҳол унга турли таклифларни кўрсата бошлайди.

«Икки хонали квартирани қанчага олсам бўлади?» сўрайман ёши элликларга бориб қолган бир эркак маклердан.

“Энди бу доимгидек, биринчи очередда, районга, кейин квартиранинг ремонти ва этажига боғлиқ,” жавоб беради у.

Сотувга қўйилган уй-жойларнинг барининг нархи АҚШ долларида кўрсатилган.

У таклиф қилган икки хонали квартираларнинг нархи эса, ўртача, $25,000 дан $40,000 га қадар эди.

Тўрт девор учун фалон пул

Уй бозори

“Сизларда сотилаётган новостройкалар ҳам борми?” сўрайман бошқа бир ёшроқ маклер йигитдан.

«Унча кўп эмас, лекин уйларни қураётган компаниялар бизга каталогларни ташлаб кетишади,» дейди у.

У менга Abu Sheikh девелоперлик компанияси қурган турар-жойларнинг каталогини кўрсатади.

Каталогда Шайхонтоҳур туманида барпо этилган кўп қаватли “Abu Sheikh” турар-жой комплексидаги квартираларнинг фақат чизмаси кўрсатилган эди.

«Каталогда нархлар кўрсатилмабди,» дейман мен.

“Энди биз фақат эски уйларни сотиш билан шуғулланамиз. Агар сизга новостройка керак бўлса, уни қурган компания ёки банк билан боғланишингиз керак,” маслаҳат беради у.

«Ўзи одамлар янги уйларни оляптими? Уларга талаб қанчалик юқори?» қизиқиб сўрайман.

“Пропискани очворгандан кейин сўраганлар кўп бўлди, аммо барибир эски уйларга талаб кучли ҳали ҳам. Чунки новостройкалар, биринчидан, қиммат. Кейин уларнинг кўпи фақат коробка [таъмирланмаган ва жиҳозланмаган – таҳ.]. Тўрт девор учун фалон пул тўлайсиз ва ремонтга ҳам анча маблағ сарфлайсиз,” тушунтиради у.

Эслатиб ўтиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сонли қарори билан Ўзбекистон фуқаролари учун уй-жой олди-сотдиси битимларига қўйилган чекловлар тўлиқ олиб ташланиб, бирламчи бозордан, ҳатто, 1 сўм миқдоридаги маблағга уй-жой сотиб олганлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган эди.

Бунга қадар амалда бўлган ва 2017 йил июль-августидан бошлаб жорий этилган тартибга кўра эса, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган» Ўзбекистон фуқаролари пойтахтда доимий пропискадан ўтиш учун қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2,500 баробари (2018 йил октябрь ҳолатига кўра 460 миллион 750 минг сўм)дан кам бўлмаган уй-жой сотиб олишга мажбур эди.

«Янги уй-жойлар кўпайиб, прописка олиш имкони пайдо бўлгандан кейин иккиламчи бозордаги квартиралар нархида ўзгариш бўлдими?» савол беришда давом этаман.

“Шахсан ўзим ўзгаришни унча сезмадим. Уй излаб юрган одам кўп, лекин реальный клиент доимгидек кам,” жавоб қайтаради 30 ёшлардаги суҳбатдошим.

«Одамлар, асосан, бир-икки хонали, марказдан четроқда жойлашган арзон квартираларни излайди. Бироқ ҳақиқий олувчи кам.»

Унинг сўзларидан уй-жой бозорида таклиф ҳам, талаб ҳам кўплиги, аммо одамларнинг арзон уйларни ҳам олишга қурби етмаётгани аён бўлади.

Ҳақиқатан, атрофга разм солиб, вақт энди тушдан ўтган бўлсада, квартира излаб юрган мижозлар деярли кўзга ташланмаётганини пайқайман.

Бинонинг бир бурчагида тўпланиб олган 50-60 чоғли одамнинг деярли бари мижоз пойлаётган маклерлар эканини тушунаман.

Бир четда кузатиб ўтирган чоғим бармоқ билан санарли мижозларнинг маклерлар билан суҳбатига қулоқ соламан.

Уларнинг ҳаммаси ижарага уй излаётган эди.

“Максим Горкийда зўр квартира бор. Икки хонали. Ремонти тоза, аккуратный. Заходи и живи состояниеда,” мижознинг кўнглига йўл топишга интилади бир маклер аёл.

«Қанча?» сўрайди оиласи билан яшашини айтаётган йигит.

«300 доллар.»

Нархни эшитган йигит жавоб ҳам қайтармай, қарама-қарши томонга йўл олади.

«Бундан камига яхши уй тополмайсиз, ука!» унинг ортидан бақиради аёл.

Қора маклерлар

Уй бозори

Ўзбекистонда, айниқса, пойтахт Тошкентда иккиламчи бозордаги уй-жойлар нархлари асоссиз равишда кўтариб юборилгани кўп айтилади.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга қулоқ тутилса, турар-жой эгалари бозор иқтисодиёти қонунларини тан олмаслиги, яъни талаб ёки одамларнинг харид қобилияти паст бўлса ҳам, ўз кўчмас мулки нархини тушириш ҳақида ўйлаб кўрмаслиги маълум бўлади.

Бундан ташқари, уй-жой олди-сотдиси ёки ижара битимлари тузишда кўрсатган хизмати учун маълум фоизларда ҳақ олувчи «қора маклерлар» (лицензияга эга бўлмаган риелторлар) нархларни кўтаришга зўр бериши ҳам таъкидланади.

Оқибатда, сотувчи ва харидор ўртасида кескин номутаносиблик юзага келиб, сотувга қўйилган, аммо нархи бозор талабидан анча юқори бўлган уй-жойлар, ҳатто, йиллар давомида ўз эгасини топа олмай келмоқда.

Буни биргина Чилонзордаги «уй бозори» деворларига илинган саноқсиз эълонлардан ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, бепул эълонлар қўйиш имконини берувчи Ўзбекистонда машҳур Olx.uz сайтида июль ойининг охирги саналари ҳолатига кўра, қарийб 40 минг квартира сотуви бўйича фаол эълон мавжудлиги ҳам кўзга ташланади. Уларнинг 34 мингга яқини иккиламчи бозордаги квартиралар, 4 мингдан ортиғи эса “новостройкалар”дир.

Хусусан, 2017 йилда Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги тадқиқотлар Маркази томонидан чоп этилган кўчмас мулк бозори тўғрисидаги илк илмий ишда ҳам ушбу соҳага бозор иқтисодиёти механизмлари ҳали кириб келмагани билвосита тан олинади.

«Қайд этиш лозимки, Ғарб давлатларида кўчмас мулк бозори бир неча юз йиллардан бери фаолият юритиб келаётган бўлса, Ўзбекистонда, бошқа Собиқ Иттифоқ давлатлари каби, бу бозорнинг тарихи йигирма йилдан сал кўпроқ вақт билан белгиланади,» ёзади монография муаллифлари.

Муаллифлар кўчмас мулк бозорини ривожлантириш учун ҳукумат томонидан қисқа ва ўрта муддатли дастурлар ишлаб чиқилиши лозимлигини таъкидлайдилар.

Кўчмас мулк бозори иштирокчилари (сотувчи, харидор ва воситачи) бозор иқтисодиёти қонунларини тан олмагунига қадар, бу соҳада жонланиш кузатилмаслиги, уй-жойларнинг нархи осмондан тушмаслиги ва уйга эҳтиёжманд одамлар эса сарсон бўлиб юраверишини тахмин қилиш мумкин.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек