Бош прокуратура: Коррупция олти ойда давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 665 млрд 757 млн сўмлик зарар етказди

Бош прокуратура: Коррупция олти ойда давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 665 млрд 757 млн сўмлик зарар етказди
74 views
01 August 2019 - 12:28

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Жорий йилнинг биринчи ярмида коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 665 млрд 757 млн сўм (Марказий банк курси бўйича 192,2 млн АҚШ доллари) миқдорида моддий зарар етказилган, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 1 трлн 621 млрд 503 млн сўми (187 млн АҚШ доллари) ёки 97,3 фоизи ундирилган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар қилади Газета.уз нашри.

Бош прокуратура вакили коррупция билан боғлиқ жиноятларга фақат пора бериш ва олишгина кирмаслигини, бунда мол-мулкларни ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятлар ҳам ҳисобга олинишини урғулаган.

Унга кўра, биринчи ярим йилликдаги зарар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 29 баробарга ошган.

Йил бошидан буён жами 661 нафар (ўтган йилнинг шу даврида — 725) турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан 590 та (1043) жиноят ишлари қўзғатилган, 398 та жиноят иши бўйича 537 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва қолган жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган.

Коррупцияда гумонланган ходимларнинг 250 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 48 нафари солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, 71 нафари пора олиш-бериш ёки унда воситачилик қилиш, 51 нафари фирибгарлик, 23 нафари мансабни суиистеъмол қилиш, 18 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 4 нафари мансабга совуққонлик, 7 нафари мансаб сохтакорлиги ва 65 нафари бошқа жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

ЎХҲ ахборот бўлими