Шароф Бошбеков: “Лотин алифбосига ўтиш масаласини зудлик билан ҳал қилиш керак”

Шароф Бошбеков: “Лотин алифбосига ўтиш масаласини зудлик билан ҳал қилиш керак”
67 views
02 August 2019 - 9:00

Сўнгги вақтларда кўчалардаги айрим маиший рекламалар, пешлавҳаларга кўзимиз тушганида ажабланмай қўйдик. Хатоларга, ажнабий сўзларга кўз юмадиган бўлдик. Охир-оқибатда қаердасан, деган саволга “EVOS”даман, “UNIFORMA” магазинидаман” деб жавоб берадиган бўлдик.

Саводсизлик, ажнабий сўзларнинг кўпайиб кетишининг асл сабаблари ва “Давлат тили ҳақида”ги қонун амалда ишламаётгани ҳақида драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шароф БОШБЕКОВ ЎзА мухбирига сўзлаб берди:

– Ватанпарварлик она тилига муносабатдан бошланади. Кўчадаги ажнабий ёзувлар, имловий хатолар кейинги масала. Аввало, “ўз томорқамиз”даги аҳволни тартибга солиб олишимиз керак. Тилшунослик, адабиётшуносликка оид атамалар, масалан, морфология, синтаксис, сюжет, драма, очерк, композиция, антоним, синоним ва бошқалар рус тилида қандай бўлса, ўзбек тилига ҳам шундай кўчирилган. Ўша пайтдаги “умуртқасиз” олим-тилшуносларимиз бу атамаларнинг ўзбекча муқобили ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаган. Ваҳоланки, яхшилаб фикр қилинса, бу сўзларни бемалол ўзбекчага ағдариш мумкин: масалан, синоним – маънодош сўзлар, антоним – зид сўзлар ва ҳоказо.

Лекин ота-боболаримиз ишлатмаган, техник тараққиёт натижасида кейинчалик кириб келган сўзлар – аэропорт, самолёт, вокзал, вагон, паровоз, велосипед, купе каби сўзларни шундайлигича қолдирган маъқул.

Юртимизда қанча газета, журнал лотин алифбосида нашр қилинаяпти?

“Maʼrifat”, “Tong yulduzi” газеталари, “Gulxan”, “Gʻuncha” журналлари каби саноқли босма нашрлар лотин алифбосида нашр этилади. Демак, мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан бехабар ёшларнинг яқинда, 2 сентябрь куни, тўртинчи авлоди мактаб остонасига қадам қўяди. Газета ўқимайдиганлар авлоди. Дунё бехабарлар авлоди. Бу шўрликлар тағин кириллни ўрганмоққа мажбур бўлмоқда ёки “онанг бозор, отанг бозор” дегандай савдога ўтиб кетиб, бола-чақа боқмоқда.

Тил ҳақидаги қонунда кўрсатилгандек, лотин алифбосига ўтиш масаласи аччиқ ичакдай чўзилиб ётибди. Бунга ким айбдор? Ўтган асрнинг 80-йилларини эслайсизми? Ўзбек тилини давлат тили, деб эълон қилиш тарафдорлари билан “қўштиллилик”ни ёқлаб чиққанлар ўртасида аёвсиз муҳораба кечаётган пайт. Охир-оқибат “қўштиллилик” тарафдорлари шармандаларча мағлуб бўлиб, тарихий адолат қарор топди. “Йиқилган курашга тўймас” деганларидек, қарши томон вақти-вақти билан бош кўтариб турибди. Улар унутгани йўқ. “Хўп, ўзбек тилига давлат тили мақоми ҳам берилди, оқибат нима бўлди? Баттар бўлинглар!” деб устимиздан кулаяпти. Бу аламзада кучларнинг илдизи ниҳоятда бақувват, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини ўзлари истаган томонга буриб юбормоқчи бўладилар ҳатто.

Бутун жамият ҳукуматимиз раҳбариятидан кескин чоралар кўришини кутаяпти. Лотин алифбосига бутунлай ўтиш катта харажатлар билан боғлиқ юмуш, дейдиганлар бор. Лекин замон ўзгарди. Ҳозир илгаридагидай битталаб қўлда қўрғошин ҳарфлар териш шарт эмас, ҳаммаси компьютерлашган. Нашриётга қучоқ-қучоқ қўлёзмалар топширишга ҳам ҳожат йўқ, асарингизнинг ҳажми қанча бўлишидан қатъи назар, уйингизда ўтириб, нашриётнинг электрон почтасига жўнатасиз – бўлди. Фақат лотин алифбосининг (қайта ишланган муқобили) компьютер учун мослаштирилган дастури керак бўлади, холос. Уч ойми, бир йилми, аниқ муҳлат берилиши лозим. Шундан кейин кирилл алифбоси қонундан ташқари, деб эълон қилинмоғи керак. Барча газета-журнал таҳририятлари, нашриётлар, идоралар, ҳукумат ҳужжатлари, хўжалик субъектларида иш юритиш лотин алифбосида бўлиши қатъий белгилаб қўйилиши лозим.

Мамлакатимизда саводхонлик масаласини қониқарли, деб ҳисоблаш мумкинми? Россияда “рус тилини ҳимоя қилиш” жамияти бор. Ўз-ўзидан нимадан ҳимоя қилиш керак, деган савол туғилади. Ажнабий сўзлардан. Менимча биз “ҳимоя қилиш”га кечикдик, энди ўзбек тилини “қутқариш” жамияти тузиш керак бўлиб қолди, чамамда. Бечора тилимиз чет эл сўзлари ботқоғида чўкиб бўлди. Фақат қулоғи кўриниб турибди, холос. Зудлик билан чора кўрилмаса, қулоғи ҳам кўринмай кетади.

Яна бир масала – оммавий саводсизлик. Мен тахминан ўн минг одамни танисам, шундан нари борса, 20 одамни саводли, деб биламан. (Ўзимни ҳам бу рўйхатдан ташқарида, деб ҳисоблайман.) Булар кимлар? Бутун умр газета-журнал таҳририятларида, нашриётларда қоғознинг чангини ютиб ишлаганлар. (Ваҳоб Рўзматов, Маҳмуд Саъдий каби.) Қассоб, механизатор, сотувчи, уй бекасининг саводи ҳақида гапирмаяпман, зиёли – ижодкорлар, олимлар, ёзувчи-шоирлар, мамлакатимиз илғор ойдинлари ҳақида сўз боряпти. Исталган касбдаги исталган одамга матн бериб кўринг – ўқиёлмайди. Ёзишни-ку қўяверинг. Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Коллежни битириб чиққан болалар ишга кириш учун ариза ёзишолмайди” деганида нақадар ҳақ эди. Барча рус мактабларида ўзбек тили дарси ўтилади. Лекин биронта рус ўқувчиси ўзбекча билмайди (агар унинг миллати ўзбек бўлмаса). Демак, тилни китобдан ўрганиб бўлмас экан. Демак, дарсликнинг ўзи чатоқ. Бунинг сабабини қидираман. Хаёл узоқ-узоқ йиллар олдинга етаклайди… Октябрь тўнтариши…

Саводсизликни тугатиш йиллари… Коллективлаштириш… Челябинскнинг бир олис қишлоғида дарс қандай ўтилса, Чиноздаги қишлоқда ҳам шу тарзда, шу услубда ўтилади: ўқитувчи синфга киради, саломлашади, йўқлама қилади, бир-икки боладан ўтган дарсни сўрайди-да, янги дарс бошлайди. Араб, япон, корейс, немис мактабларида қандай дарс ўтилади – ҳеч ким қизиқмайди ҳам.

Мен “Шифо-инфо” номли тиббий газетага раҳбарлик қиламан. Университетнинг филология ёки журналистика бўлимини битирган йигит-қизлар бизга иш қидириб келади. Диктант ёздириб кўраман. Матнни шундай тузаманки, орасида “Президент” деган сўз албатта бўлади. Ишонасизми, талабгорларнинг 96 фоизи шу сўзни хато ёзади. Ёрдамчиларимга: “Президент” сўзини бехато ёзганини ишга қабул қилаверинглар, қолгани бундан ҳам баттар” дейман. Уят эмасми? Дарс бераётган домлаларига уят. Улар учун ҳам сиз уялиб кетасиз. Амалиёт ўтагани келган қизчамиз “албатта” сўзини икки томондан вергул билан ажратаяпти. Сабабини сўрасам, “билмадим, бизга шундай ўргатишган” дейди. Анча йилдан сўнг амалиёт ўтагани бошқа қиз келди. У ҳам “албатта”ни икки томондан вергул билан “кишанлаб” ташлар экан. Биродарлар, мендай саводсиз, оми одамга “албатта”ни нима учун икки томонидан вергул билан ажратилишини тушунтириб беринглар. Ахир, гапнинг маъносига қараб вергул қўйиладиган жойи бўлади, қўйилмайдиган жойи бўлади-ку?!

Бизга муаллимларимиз: “Тиниш белгиларини увол қилма, кўр бўласан” деб миямизга қуйишган. Айрим нуфузли газета-журналлар таҳририятларида ҳам бунга риоя қилинмайди. Масалан, “Эргаш нима бўлса бўлар”, деб ўйлади. Бу мисолда тиниш белгилари нотўғри ишлатилган. Кўчирма гап қўштирноққа олинса, “деб” сўзидан олдин вергул қўйилмайди. Гапда қўштирноқ бўлмаса, вергул ишлатилади. Тўғри ёзилиши қуйидагича бўлади: “Эргаш нима бўлса бўлар” деб ўйлади. Ҳам вергул, ҳам қўштирноқ ишлатилса, муаллим айтганидек, кўр бўп қолиш мумкин.

Илгари ёзувчиларнинг саводли машинисткалари бўлган. Улар асарларини айтиб туриб ёздирган. Кўпчилик ёзувчилар бу ишга аёлини жалб қилган. Улар матнни бехато кўчирган. Кўп ёзувчиларни ёзувчи қилган аслида ўша машинисткалар. Кекса авлод ёзувчиларини тушунса бўлади – араб ёзувида савод чиқарган, кейин лотинга ўтилган ва, ниҳоят, кириллда талаб қилинган. Оқибатда савод ҳам “ўзимиз қатори” бўп қолган.

Хулоса қиламиз. Лотин алифбосига ўтиш масаласини зудлик билан ҳал қилиш керак. Чунки лотинда ўқиганларнинг яна бир авлоди мактаб эшигидан мўралаб турибди.

Биз мактабда ўқиган вақтда “ҳуснихат” деган дарс ўтилар эди. Махсус дафтарлар бўларди, катаклари тўлдириб-тўлдириб ёзиларди. Умуман, дафтарлар уч тоифа бўлар эди: катак дафтар (арифметика учун), ёзув дафтари (она тили учун), ҳуснихат дафтари (чиройли ёзиш учун). Шу дарсни мактабга қайтариш керак. Чунки ҳуснихати чиройли ўқувчи камроқ хато қилади. Бу фан наинки мактабда, балки олий ўқув юртларида, аспирантура ва докторантураларда ўқитилишини таъминлаш лозим. (Айниқса, тиббиёт билим юртлари ва институтлари учун фойдадан холи бўлмасди.)

Саводни кўпчилик менсимайди. Ваҳоланки, инсон фаолиятидаги барча сиёсий-ижтимоий ҳодисаларгача саводга боғлиқ. Ҳатто мамлакатлар ўртасидаги урушлар ҳам. Лотин алифбосига қаршиларнинг озгина саводи бўлганида эди, дунёдаги кўпчилик тиллар лотин алифбосига асосланганини, келажакнинг техник асоси бўлган компьютер тили, тиббиёт тили, биология, анатомия тили эканига ақли етган бўларди.

Мен саводни ички кийимга ўхшатаман. Уни ҳеч ким кўрмайди, лекин унингсиз сира илож йўқ. Биз уст кийимни кўз-кўз қиламиз, мақтанамиз. Саводли бўлсангиз, исталган даврада ўзингизни эркин тутиб ўтирасиз. Физиклар давраси бўладими, археологлар давраси бўладими, тортиниб-қимтиниб ўтирмайсиз. Эҳтимол, сиз Ломоносовнинг моддалар сақланиш қонунини билмассиз, лекин тире билан дефиснинг фарқига борасиз. Бошқалар дефис нима, тире нима билмайди. Сиз биласиз. Эҳтимол, сиз ампер билан вольтнинг фарқига бормассиз, лекин сиз қавс билан қўштирноқнинг фарқига жуда яхши борасиз-да.

Саводли одам кўп китоб ўқийди. Машина совға қилишмаса ҳам ўқийверади. Кўп китоб ўқиган кишини биз “ўқимишли одам” деймиз. Ўқимишли одам маданиятли бўлади. Маданиятли одам қонунни бузмайди – ўз-ўзидан жиноятчилик камаяди. Ўқимишли одам масъулиятли ҳам бўлади.

ЎзА мухбири Хуршид ҚОДИРОВ ёзиб олди

Манба: uza.uz