Алвидо, Жаслиқ: Адолат қисман қарор топиши учун қамоқхона ходимлари жазоланиши керак

Алвидо, Жаслиқ: Адолат қисман қарор топиши учун қамоқхона ходимлари жазоланиши керак
29 views
03 August 2019 - 16:15

Маҳкумлар томонидан фашист концлагерига қиёсланадиган Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди. У ерда ўтказган 2 ойини 20 йилга тенглаштирган журналист Муҳаммад Бекжон адолат қисман қарор топиши учун Жаслиқдаги маҳкумлар озодликка чиқиши ва қийноқ қўллаган хизматчилар жазога тортилиши керак, дейди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2 августдаги қарори билан Жаслиқ қўрҳонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатди.

У ерда сақланаётган маҳкумлар бир ойнинг ичида суд қарорлари билан бошқа жазони ижро этиш колонияларига юборилади.

Жаслиқ қамоқхонаси ходимлари пенсияга чиққунича, шартномаси тугатилгунча ёки лавозими кўтарилгунча олаётган маош ва имтиёзлардан фойдаланишда давом этади.

Даҳшатли қийноқлари билан дунёга танилган қамоқхона эса Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонаси балансига ўтказилади. Қамоқхона биносининг келажакда нима мақсадда ишлатилишига ойдинлик киритилмаяпти.

Франциядаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан “дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист” дея аталган Муҳаммад Бекжон Жаслиқда ўтирган 2 ойини 20 йилга тенглаштиради.

“Хабарни бугун ўқиб кўрдим. Жуда хурсанд бўлдим. Лекин Жаслиқ ёпилгандан кейин бошқа зоналарда Жаслиқда ишлатилган режим кўчмасмикин, деган шубҳа бор. Умуман Жаслиқ ёпилди, дегани рамзий маънода яхши бўлиши мумкин. Ўша ерда мен ҳам 2 ой бўлдим, қанча биродарлар ўлиб кетди. Лекин Жаслиқ ёпилди, дегани билан ҳаммаси яхши бўлди, гўзал бўлди дейишдан йироқман”.

18 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналрида ўтказган Муҳаммад Бекжон Жаслиқ энди очилган вақтда биринчилардан бўлиб у ерга этап қилинган.

“2 ой бўлдим, лекин бу икки ойни 20 йилга тенглаштирса бўлади. Биз биринчилардан бўлиб этап қилиндик. У пайтлари ҳақиқий фашистларнинг концлагеридан бадтар эди”, дейди у.

Ўзбекистондаги қамоқ йиллари ҳақида “Алвидо, “Жаслиқ!” номли китоб чиқарган Бекжон Жаслиқни ёпиш билан адолат қарор топмаслигини айтмоқда.

“Ҳукумат ўша ерда ўтирганларни озодликка чиқариши керак. Ўша ерда ўтириб чиққанларни реабилитация қилиш керак. Мана Искандар Худойберганов ўтирибди, шунга ўхшаган бошқа маҳкумлар ҳам бор. 90 фоизининг ҳеч қандай айби йўқ. Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Ўша ерда хизмат қилган ходимларни жавобгарликка тортиш керак. Ким қийноқлар қўллаган бўлса, ҳаммасини битта-биттадан жавобгарликка тортиш керак. Улар ҳам қийнаш учун бизга буйруқ бўлди, деб баҳона қилиши мумкин. Истамасанг, кет эди милицияликдан. Қийноқларни кўриб, ишламайман, деб кетганлар бўлган”.

Муҳаммад Бекжоннинг айтишича, Жаслиқда ўтирган маҳкумлар озод қилиниб, қийноққа тутган ходимлар жавобгарликка тортилса ўшанда адолат қисман қарор топади.

“Чунки у ерда кўпчилик ўлиб кетди. Уларни қайтариб бўлмайди-ку. Шунинг учун ҳам озгина адолат қарор топган бўларди, деяпман”.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси 2002 йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни тавсия этиб келади.

Бу каби чақириқлар Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан сўнг ҳам айтиб келинаётган эди.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Сиёдаги тадқиқотчиси Стив Свердлов Жаслиқнинг ёпилишини Ўзбекистон учун шубҳасиз яхши янгилик, деган.

“Бу (Жаслиқ ёпилиши, Би-би-си таҳ.) бир давр интиҳоси бўлишига умид қиламиз. Ўзбекистондаги машҳур қийноқлар Жаслиқда содир бўларди. Уни ёпиш орқали Президент сиёсий жасорат намойиш этди. Энди муҳими у такрорланмаслиги учун бу тарихни ўрганиш керак”, деган Стив Свердлов.

Жаслиқда 11 йилу 6 ой ўтирган инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов уни музейга айлантириш кераклигини айтган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек