ХИТОЙГА СОТИЛГАН ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТИ УЙҒУРИСТОН ХАЛҚИГА НИСБАТАН ЎТКАЗИЛАЁТГАН ГЕНОЦИДНИ ОҚЛАБ ЧИҚДИ

ХИТОЙГА СОТИЛГАН ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТИ УЙҒУРИСТОН ХАЛҚИГА НИСБАТАН ЎТКАЗИЛАЁТГАН ГЕНОЦИДНИ ОҚЛАБ ЧИҚДИ
25 views
04 August 2019 - 17:19

Бутун бошли бир халқни қайта тарбиялаш, нима дегани ўзи?! Бундан ортиқ ҳақорат борми миллат шаънига нисбатан? Бу одамни оғзини роса мойлашибди қумурсқахўр, ўлаксахўр Яъжуж-Маъжужлар. Демак, душман ўз ичимизда. Афсус..

Зариф Султон

ШИНЖОНДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ

August 2019

ШИНЖОНДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ МИНТАҚАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КЎЛАМИ

Шинжон бугун дунё нигоҳида. Бу икки жиҳат билан изоҳланади. Биринчидан, “Бир макон, бир йўл” – Буюк ипак йўлининг янгиланган лойиҳасида Шарқ ва Ғарбни боғловчи марказ, логистик макон Шинжондир. Хитойнинг Гуанжо, Шанхай, Циндао, Нанкин, Пекин… каби йирик иқтисодий марказларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Европа ва Осиё мамлакатларига фақат Шинжон ҳудуди орқали, масалан, Урумчи, Қашқар, Хўтан каби шаҳарлар орқали ўтади. Шунинг учун ҳам Хитой ҳукумати махсус дастурлар қабул қилиб, марказий ғазна маб­лағи ҳисобига Шинжонда кўплаб логистик марказлар бунёд этди, бу ерларга тезюрар поездлар темир йўли етиб келди, аэропортлар қурилди, барча зарур инфратузилма яратилди. “Шинжонни иқтисодий ривожлантириш давлат дастури”га кўра энг замонавий технологияларга асосланган ўнлаб корхоналар қурилди, қурилмоқда. Олий таълим тизимида уларда меҳнат қиладиган мутахассислар тайёрловчи йўналиш­лар очилди. Хитой шарқидан ўн минглаб тор соҳа ходимлари Шинжонга кўчириляпти. Улар учун 30-50 қаватли сон-саноқсиз уйлар қурилди. Айни чоқда, Шинжон ёшлари Хитой шарқидаги олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга олиб кетилмоқда.

Шинжон умумхитой иқтисодиётинигина эмас, балки маънавий бирлигининг ҳам ажралмас ва мус­таҳкам бўлагига айлантирилмоқда.

Касбим тақозоси билан Шинжон, унинг Урумчи, Ғулжа, Хўтан, Қашқар, Қорамой, Отуш, Қизил-Суу, Оқ-Суу… сингари округ ва шаҳарларда бир неча марта бўлдим.

Бугун Шинжондаги табиий (шамол) энергиясини электр қувватига айлантирувчи завод дунёда биринчилар қаторига чиқди. Пахта толасини қайта ишловчи технологик ускуналар ишлаб чиқариш саноати Германия, Швейцария, Туркия даражасига аллақачон етиб олди (дарвоқе, биз фаолияти билан танишган “Xinjiang Jinsheng Group” корхонасининг эллик фоиз маҳсулоти, яъни ип йигирув линиялари Ўзбекистон буюртмаси асосида тайёрланмоқда экан). Бугун дунёнинг деярли барча қитъаларидан беморлар Шинжонга, миллий тиббиёт услубларида даволангани келмоқда. Серҳосил, тез униб-ўсадиган, ҳар қандай шароитга мослашувчан мева кўчатлари ва уруғчилик Шинжон илмий тадқиқот марказида Америка, Африка, Европа, Осиё мамлакатлари олимлари билан ҳамкорликда яратилмоқда.

2018 йил якунига кўра Шинжонда ЯҲМ ҳажмининг ўсиши 10,2 фоизни ташкил этган! Бу Хитойнинг умумий кўрсаткичидан икки баробар кўпдир.

МАДАНИЙ-ДИНИЙ МАСКАНЛАР ВА МЕДИА

Урумчидаги ислом институти мажмуаси ҳайратимизни оширди. Компьютер синфлар, электрон кутубхона, шарқона безаклар билан жилоланган ҳашаматли масжид… Қоҳирадаги Ал-Асҳар университетини тамомлаган мударрислар…

Урумчи, унинг 14 та округидаги телевидениеларда жами 21 та уйғур тилидаги телеканал, 5 тилдаги радиоканаллар узлуксиз ишлаб турибди. Араб ёзуви ва уйғур тилидаги газеталар Шинжон маркази ҳамда округларида чиқариб тарқатилмоқда. Уйғур тили ва миллий ёзувида интернет сайти фаолият кўрсатяпти.

Қайси уезд, шаҳар ёки округга борманг, унинг марказида минорали жоме масжидларини кўрасиз.

ШИНЖОНДАГИ “ЁПИҚ МУЗЕЙ”ГА САЁҲАТ

Хитой марказий ҳукумати Шинжонда барча соҳаларда чексиз кўламларда ислоҳотлар олиб бор­япти. Бу ислоҳотлар туб аҳоли – уйғурларни қайта тарбиялашни ҳам ўз ичига олган.

2006-2016 йиллар оралиғида Шинжоннинг асосан уйғурлар яшайдиган турли округ, шаҳар ва уездларида ўнлаб террористик ҳодисалар рўй берди. Натижада юзлаб одамлар қурбон бўлди. Машина, биноларда портлаш содир этиш, ўзини ўзи портлатиш, қуроллардан ўт отиш, қатл қилиш жараёнида мутлақо бегуноҳ инсонлар ҳам ҳаётдан барвақт кўз юмди. Шинжондаги терроризм ёпиқ музейи залларини охиригача кўриб чиқиш руҳан оғирлик қилади. Боиси, даҳшатли видео-суратли кадрларни кўришга юрак чидамайди…

Булар ғоят аянчли ва диливайрон манзаралар. Шунинг учун ҳам Урумчидаги музей “ёпиқ намойиш” мақомидадир.

– Биз ғарб матбуотида Шинжондаги намойишлар, террор ҳаракатларининг танклар ва полиция томонидан бостирилган лавҳаларини кўргандик, – сўрайман музей ходимасидан. – Нега ўша тасвирлар қўйилмаган?

– Музейимиз экспонатлари тўлдириб бориляпти, уларни ҳам қўямиз.

“ҚАЙТА ТАРБИЯЛАШ МАРКАЗЛАРИ”ДА КЎРГАНЛАРИМ

Биз Хитой Марказий ҳукуматининг Матбуот муассасаси таклифига кўра 17 мамлакатдан келган 27 нафар журналист, АҚШ, Россия, Канада, Франция, Италия, Туркия, Албания, Саудия Арабистони, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Австралия, Индонезия… йирик ОАВларининг мухбирлари Шинжондаги иқтисодий ислоҳотлар ва маҳаллий маъмурлар ибораси билан айтганда, “қайта тарбиялаш марказлари” фаолияти билан танишгани боргандик. Урумчи, Қашқар, Оқ-Суу, Хўтан каби округ ва шаҳарларда бўлдик. Сафар чоғида ҳар биримизга инг­лиз, рус, турк, араб, япон… тилларига хос таржимон ажратилган.

“Исталган маъмур ёки тарбияланувчи билан эркин суҳбатлашишингиз мумкин”, дейишди бизга. Дарҳақиқат, шундай бўлди. Биз Ғарб матбуоти дастлаб “қамоқ”, кейин “лагер”, ҳозирда “жамлоқ” деб атаётган марказларда эркин ҳаракат қилдик. Ким кимни суҳбатга тортади, қанча суҳбатлашади, хитойлик ҳамроҳларимиз бизни чекламади. Мен ўзбек ва уйғур тиллари яқинлигидан фойдаланиб, таржимонни рад этдим ва тарбияланувчилар билан ўзим, ёлғиз суҳбатга киришдим.

Хўш, “қайта тарбиялаш марказлари” деганда нима тушунилади? Бу жой гўё мактаб-интернатни эслатади. Атрофи девор билан ўралган (аввалги йилларда тиконли симлар ҳам бўлган, дейишади). Дарвоза қўриқланади. Ичкарида ётоқ, ўқув, касбга ўргатиш ва тадбирлар ўтказиш залларидан иборат бинолар бор. Ётоқ хоналарида уч-тўрттадан икки қаватли кроватлар, дарс тайёрлаш учун стол-стуллар, кийим жавони ва ҳожатхона мавжуд. Ўқув биносида синф хоналари ва кутубхона, касбга ўрганиш биносида ихтисослашган (компьютер устаси, сартарош, боғбон, меҳмонхона ишчиси, ошпаз… сингари 15 та касбни ўз ичига олади) хоналар жойлашган. Ошхона ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган зал ҳам бор. Тарбияланувчилар тўртта йўналишда таълим олади: давлат тили, Хитой қонунлари, радикал ғоялардан озод бўлиш, бирор касб.

– Тарбияланувчилар ҳар уч ойда имтиҳон топширади, муваффақиятли ўтганлар буткул уйларига жўнатилади, – дейди Оқ-Суу округи Вен Су уездидаги қайта тарбиялаш маркази раҳбари Робигул. – Агар иккита имтиҳондан ўтиб, иккитасидан йиқилса, яна уч ой ўқийди ва такрор имтиҳон топширади.

– Бу жараён амалда қанча муддат оляпти, – сўраймиз ундан.

– Ҳар кимнинг қобилиятига боғлиқ. Баъзилар тўққиз ойда, баъзилар бир ярим йил деганда синовдан ўта олади.

– Бу каби марказлар Шинжонда нечта ва жами қанча одам қайта тарбияланяпти?

Шу савол Шинжон Уйғур автоном райони комуннистик партия ташкилоти бюроси аъзоси, ШУАР матбуот муассасаси раҳбари Тянь Вен хонимга такрор ва такрор берилди. – “Марказлар доимий ҳаракатда, – деди у. – Имтиҳондан ўтганларга бутунлай жавоб берилади. Яна янгилари келиши мумкин. Шунинг учун аниқ рақам айта олмайман”.

Ўрганишларим, таржимонсиз хос суҳбатларим чоғида аниқлаганим шу бўлдики, бугун Шинжондаги барча уездда, албатта, камида биттадан шу каби марказлар мавжуд.

– Бизда 550 нафар тарбияланувчи бор, – дейди Хўтан округи Мои уездидаги қайта тарбиялаш маркази раҳбари Бувиойша. – Баъзида 600-650 нафаргача етади, баъзида 500 нафарга тушиб қолади.

Биз бўлган марказлардан тахминан шу каби рақамлар ҳақида маълумот олдим. Демак, масалан, биргина Хўтан округида 7 та уезд бўлса, улардаги марказларда ўртача 3 500 нафар тарбияланувчи бор. Оқ-Суу округида 8 та уезд, демакки, тарбияланувчилар сони 4 000-5 000 атрофида. 23 миллион аҳолиси, шундан 10 миллиони уйғур бўлган Шинжонда 14 округ бўлиб, тахминимизча, 60-80 минг одам қайта тарбияланмоқда. Албатта, бу шахсий кузатувим натижаларига кўра хомаки ҳисоб-китобим. Шундай бўлганда ҳам, саксон минг (!) оила вакилининг марказларда қайта тарбияланаётгани тушунарсиз ҳолдир. Хўш, улар нега қайта тарбиялаш марказларига олиб келинган?

ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАР БИЛАН СУҲБАТЛАР

Марказ ўқув хоналари, касбий таълим устахоналари, ётоқхона ва бўш вақтда тадбирлар ўтказиш жойларида ўнлаб тарбияланувчилар билан таржимонсиз ва гувоҳсиз ёлғиз суҳбатлашдим. Виждоним олдида ҳар бир сўз учун масъулман. Суҳбатларнинг аксариятини аудио ва видео тарзида ёзиб ҳам олганман. Айнан парчалар келтираман:

Абдукарим:

– Ёшим 36 да. Саккиз ой бўлди шу ердаман. Дўкондор эдим. Асабийлашиб (бу сўзни табиатидаги ўзгаришга нисбатан ишлатадилар – М.О.) ханларга савдо қилмай қўйдим. Кофирлардан олинган пул ҳаром бўлади, деб ўйлагандим. Устимдан арз қилишди. Кейин бу ерга ўзим келдим. Хотиним, ота-онам мендаги ўзгаришдан хурсанд. Ҳафтада бир кун уйдаман. Зарур гап бўлса, телефон қилишади. Хитой қонунларини билмас эканман. Энди ўқиб ўрганяп­ман.

– Сиз намоз ўқиганмисиз илгари?

– Ҳа, ўқирдим.

– Бирор сурани ўқинг-чи.

– Ювинмаганман (таҳоратим йўқ, демоқчи – М.О.).

Ойгўзал:

– 25 ёшдаман. 4 ёшли фарзандим бор. Эрим ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Намоз ўқий бошлагандим, эрим кадрга (“кадр” халқ тилидаги атама. Бошқача фикрлайдиганлар билан шуғулланувчи идора. У ҳар бир уездда бор – М.О.) айтиб берибди. Мен билан суҳбатлашишгач, хатомни тушундим. Марказга юборинг, деб илтимос қилдим. Келганимга бир йил бўлди. Имтиҳондан ўтсам, уйга бутунлай қайтаман.

– Фарзандингизга ким қараяпти?

– Эрим ва қайнотам-қайнонам. Деярли ҳар куни телефонда ҳол-аҳвол сўраб тураман. Ҳафтанинг охирида бир кунга жавоб беришади, уйга бориб, йиғилиб қолган ишларимни қиламан, болам билан бўламан.

Тадбирлар залида йигирма чоғли йигит-қизлар уйғурча рақс сабоғини оларди.

Осиё, рақс муаллими:

– Венсуда яшайман. Ҳафтада уч кун келиб, тарбияланувчи ёшларга уйғур рақсларини ўргатаман. Шогирдларим 300 нафар. Уларга бир йилдан буён сабоқ бераман. Бирор ансамблда бемалол раққос бўлиб ишлашлари мумкин.

Гулбўстон:

– Намоз ўқимаган дўзахга тушади, деб эшитгандим. Бир охундан намоз ўқишни ўргандим. Кейин опамларни мажбур қилдим. Дўстларимни ҳам мажбурладим. Шунда қўшнимиз кадрга хабар берибди. Мен билан суҳбатлашиб тушунтиришди. Кейин адашганимни билдим. Бу ерга ўз хоҳишим билан келдим.

Патигулислом:

– 27 ёшдаман. Бир болам бор. Эрим телефонида ҳар хил ролик­лар кўрсатди. Кейин ханларни ёмон кўриб қолдим. Кейин кадрга чақириб суҳбатлашдилар. Хатомни англадим. Эримдан ажрадим. Бир ярим йилдан буён шу ердаман. Бу гал имтиҳонлардан ўтаман, яхши ўқидим.

– Эрингизнинг тақдири нима бўлди?

– …

– Сизни нега олиб келишган?

Маликазот (ўзи уйғур, аммо хитой тилида жавоб берди):

– Сизни тушунмадим. Давлат тилида гапиринг. Қолаверса, ҳозир вақтим йўқ, сиз билан гаплашишга…

УЛАР ЖИНОЯТ СОДИР ЭТМАГАН-КУ!

Қайта тарбиялаш марказида яна ўнлаб ўхшаш тақдирларни учратдим ва суҳбатлашдим. Хўш, намоз ўқиса, ароқ ичганни ёмон кўрса, ёқтирмаган одамига савдо қилмаса, боласини мактабга юбормаса… наҳотки шу важлар инсонни оиладан айро тушириб, қайта тарбиялаш марказларига жалб қилишга асос бўла олади? Ахир улар жиноят содир этмаган-ку!

– Тўғри, Хитой қонунларида белгиланган жиноятларни содир этишмаган. Агар жиноятчи бўлганларида қайта тарбиялаш марказида эмас, қамоқда бўлардилар, – дейди Тянь Вен хоним. – Биз онгида экстремис­тик ғоялар куртаклаётганларни ўз вақтида қайта тарбиялаяпмиз. Токи улардаги бу оғма фикрлар ривожланиб, экстремизмга етакламасин. Бундан радикализм келиб чиқмасин, кейинчалик террорчига айланмасин, дея олдини оляпмиз. Биласизми, давлат бу ишларга қанча маблағ сарф қиляпти? Ҳар бир уездда марказ ташкил этиш, тарбияланувчиларга ётоқ жой ҳозирлаш, яшаш учун етарли даромад келтирадиган касбга ўргатиш, партия ғоялари ва қонунчилик асосларига ўқитиш, давлат тили – хитой тилини мукаммал билишига эришиш, энг муҳими, дунёқарашини ёт, экстремистик фикрлардан тозалаш, қолаверса, соғлиғини сақлаш, кунига уч маҳал тўйимли овқат билан боқиш, қўриқлаш… Ахир шунча харажат нега сарфланяпти? Тинчликни сақлаш учун! Тинчлик бўлган жойдагина тараққиёт бўлади. Тинчликни таъминлаш борасида Хитой танлаган йўл бу!

***

Мен терроризмни келтириб чиқармаслиги учун Хитой ҳукуматининг Шинжон тажрибаси энг тўғри ва самарали йўл демоқчи эмасман. Асло. Гарчи ҳар бир тарбияланувчи бу марказларга ўз ихтиёрим билан келдим, дея такрор ва такрор айтаётган бўлса-да, уларни эркинликдан йиллаб мажбурий ихоталаш (яъни имтиҳон топшира олгунча ушлаб туриш) халқаро қонунчиликка, инсон ҳуқуқлари меъёрларига қанчалар мос келади, масаланинг шу томони ҳам бор. Лекин бу, ўзлари таъкидлаётганидек, Хитой танлаган йўл.

Жаҳон ҳамжамияти масалага бир ёқлама ёндашаётган, воқеликни фақат қора кўзойнак орқали ёритаётган ғарб ОАВларига ҳам ишониб қолмаслиги керак. Биз бўлган марказларнинг бирортаси тиканли симлар билан ўралмаган. Ҳар бирида телефон орқали сўзлашув хоналари бор. У ерга 20 тача телефон қўйилган. Оила аъзолари билан истаган вақтда бемалол мулоқот қила оладилар. Агар дастлабки йилда тарбияланувчилар бир хил кийим кийган бўлса, ҳозир исталган либосда юриш ихтиёрий. Тавсия қилинган 15 та ҳунардан қай бирини танлаш ихтиёрий. Ҳафтада бир кун уйига, оиласи ёнига бориб-келиш имкони берилган.

ЖАВОБСИЗ САВОЛЛАР…

Шинжонда кечган бир ҳафта давомида менда ўнлаб жавобсиз саволлар туғилди. Нега Урумчидаги ислом институтида уйғурларга Қуръони карим, ислом аҳкомлари хитой тилида ўқитиляпти? Нега минг­лаб мусулмонлар намоз ўқийдиган Қашқардаги Ийдгоҳ, Хўтан, Оқ-Суу, Урумчи жомъе масжидларида жума намозига атиги 20-30 чоғли одам келяпти? Нима, улар исломдан, мусулмончиликдан юз ўгирдиларми? (Масжид имомлари билан суҳбат алоҳида мақола тарзида эълон қилинади – М.О.) Нега экстремистик ғояга қарши кураш фақат уйғурлар, умуман, мусулмонлар орасида, холос? Бошқа миллатлар ичида бундай оқимга мойиллик йўқми? (Бу ҳақида Шинжон фанлар академияси президенти билан махсус интервьюда танишасиз – М.О.)

Ҳар қандай мамлакат ўзининг сиёсий докторинасига эга. Шинжондаги қайта тарбиялаш марказлари Хитой ҳукумати ички сиёсатининг маҳсули, танлаган йўлидир.

Менинг бу ёзганларим кимларгадир ёқмас. Лекин мен кўрганим, билганим ва суҳбатдошларимнинг сўзлари, фикрларини сизга ҳавола қилдим. Журналист қози эмас. У ҳукм ёки қарор чиқармайди. Воқелик ҳақида холис ахборот беради. Хулоса эса сиздан.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист

Изоҳлар:

21asr.uz
Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир

***

Mexmet Tog’ay Chelebey
Mexmet Tog’ay Chelebey Kistyum shim edi laqabi IAK davrida…iflosligicha qolipdida demak

***

Муслима Абдуллоҳ
Муслима Абдуллоҳ Каоимовни ялақиси эди,ҳозир Ғаниевга мойкачилик қиляпти

***

Ruzibay Azimiy
Ruzibay Azimiy Ағинәм, Аллаһ бар, Муһаммад Обидовқа охшағанлар бүгүн бундақ, әтә андақ сайрайду.
Мән өзбәк оғлани болған һалда уйғур қердашларни чамам яткинчә уйғур болуп қоғидаватимән, Муһаммад Обидовниң асли уйғур болуп турип уйғурларға қарши бундақ сайраши хийәнаттинму чоң гүнағу. Аллаһ кипәйәт қилсун.

***

Olimjon Akram
Olimjon Akram Фукароликдан чикариш керак. Миллат душмани

***

Ихтиёр Эсанов
Ихтиёр Эсанов Бу лаьнати Обидов хойин итялоқ шу мақоласидаёқ унинг сохталиги билиниб турибди,Хитойга Европа бн савдо сотиқ қилиш учун Уйғурия керакмиш қандай билимсизлик хаммага маьлумки океан орқали савдо сотиқ минг марта қулай ва арзонлигини Шанхай ,Гонконг портл…

***

Jodgor Obid
Jodgor Obid Шарманда!!!

***

Muhammad Bekjan
Muhammad Bekjan ИТЯЛОҚ!