Президентни ҳам “жилов”лайдиган ҳоким

Президентни ҳам “жилов”лайдиган ҳоким
61 views
04 August 2019 - 22:19

ПРЕЗИДЕНТНИ ҲАМ “ЖИЛОВ”ЛАЙДИГАН ҲОКИМ

Фарғона вилояти хокими Шухрат Ғаниев президент Мирзиёевнинг эркатойи деб эшитганим бор.

Фарғоналик кўпни кўрган бир танишимизнинг айтишича “Мирзиёевнинг Ғаниевдан “бир жон” қарзи бор”. (Бу ҳақда алоҳида ёзаман)

Яқинда водийлик бошқа бир оғайнимиз Ғаниев билан боғлик бир воқеани айтиб берди.

Фарғоналик бир кучли тадбиркор, президент Мирзиёев билан яхши муносабатда экан. Мирзиёев қачон водийга борса, йиғилишларда уни сўраб турар, яқин атрофида кўзи тушса, ёнига чақириб олиб, анча гаплашиб турар экан.

Хуллас, шу тадбиркор ўтган йил бошидажуда чиройли ва самарали бир лойиҳа тузган ва Тошкентга келиб, президент ҳузурига кирган.

Президент Шавкат Мирзиёев унинг лойиҳаси билан танишиб, хурсанд бўлган ва “Буни тезда ишга тушир!” деган ва учрашув охирида тадбиркорга “Сен бориб Ғаниевга учраш бу лойиҳа бўйича. Мен унга айтиб қўяман. Ёрдам беради” деган.

Президентнинг қўлловидан хурсанд бўлган тадбиркор учиб қўниб Фарғонага келади ва эртасигаёқ хоким Ғаниевни олдига кирмоқчи бўлади.

Кира олмайди. Эртасигаям, ундан кейин ҳам хокимни топа олмайди.

“Президентни олдига тўсиқсиз кираман. Лекин вилоят хокимини топа олмаяпман” дейди кулиб тадбиркор.

Орадан 10 кунлар ўтиб, ва ниҳоят у хоким Ғаниевнинг хузурига минг чиғириқдан ўтиб киришга эришади.
Бу ёғини энди ўша тадбиркорнинг тилидан эшитинг:

“”Хокимнинг кенг хонасига киргач, дераза олдида кўчага қараб турган хокимга кўзим тушди. У, харбийлар формасида эди. Форма устидан тортилиб, шимига қадалган “подтяжка”си қўллари билан тортиб қўйиб юборар, “подтяжка” резинаси “тарс” этиб унинг қорнига урилгани сукунатни бузарди холос.

Салом бердим. У алик ҳам олмади. Жим туравердим.

“Нега келдинг?” деди ниҳоят Ғаниев.

Мен унга ўз лойиҳам бўйича гапириб, лойиҳани президент ҳам кўриб чиққанини ва унинг топшириғи билан хузурига келганимни айтдим.

Деразага тикилганича мени эшитган хоким, гапим тугагач, шарт менга ўгирилди. Менга қараб 4 қадам юрди ва шундай деди:

“Энди менга қара! Лойиҳангни ……..тиқиб қўй! Сенга ҳозир бир гап айтаман: агар сени яна бир марта президент олдида кўрсам, каллангни олишга буйруқ бераман! Энди йўқол бу ердан!”

“Ҳўп хоким бува! Сиз нима десангиз шуда. Кечиринг, вақтингизни олганим учун!” дедим ва унинг хонасидан чиқдим. Хокимнинг кесак башарасидаги иккита совуқ кўз мени сўзсиз кузатиб қолди…

Орадан 5 ойлар ўтгач, президент Фарғонага ташриф буюрди. Вилоят фаоллари билан йиғилишдан кейин, президентнинг кўзига тушмаслик учун, чиқиб кетаётганимда, Шавкат Мирзиёев мени барибир кўриб қолди ва ёнига чақирди.

Кўришиб бўлгач, “Анави лойиҳанг нима бўлди? Хоким ёрдам бердими?” деди.

Давлат раҳбарининг кўзларига қараб қарамай шундай дедим:

“Лойиҳани Ғаниевга кўрсатдим, ва ўлимга хукм этилдим. У сиз билан кўришишимизгаям қарши”

Президент менга қараб турдида, кулиб юборди!

“Ғаниев шунақа, сал ўжарроқ. Майли мен унга яна бир марта айтиб қўяман” деди президент ва кулиб кулиб, мулозимлари даврасида мендан узоқлашди…”

Улуғбек Ашур