Жаслиқ ёпилди, лекин у билан боғлиқ сирлар ҳам ёпиқлигича қолиб кетаверадими?

Жаслиқ ёпилди, лекин у билан боғлиқ сирлар ҳам ёпиқлигича қолиб кетаверадими?
24 views
05 August 2019 - 19:14

5 август куни Ички ишлар вазирлиги расмийлари Жаслиқ колониясининг ёпилиши юзасидан матбуот конференцияси ташкил этди. Бироқ Ўзбекистон тарихидаги энг машъум қамоқхона бўйича журналистларнинг аксар саволлари жавобсиз қолиб кетди.

2 июль куни президент Шавкат Мирзиёев «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарорга имзо чекиб, қийноқлари билан дунёга танилган Жаслиқ қамоқхонасини ёпишга кўрсатма берган эди.

ИИВ расмийларининг сўзлашича, халқаро ҳамжамиятда туғилаётган салбий фикрлар ва колонияга етиб боришнинг масофа ҳамда шароит жиҳатдан мушкуллиги каби омиллар асосида Жаслиқ колониясини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Айтилишича, шу вақтгача қамоқхонада сақлаб келинган 395 нафар маҳбус (уларнинг 10 фоизи диний маҳкумлардир) яқин бир ой ичида доимий яшаш жойига энг яқин бошқа жазони ижро этиш муассасаларига кўчирилади, аммо кўчириш жараёнини матбуот вакиллари томонидан кузатилишининг «маълум сабабларга кўра» имкони йўқ.

Бироқ ИИВ расмийлари журналистларнинг қамоқхонада ноинсоний қийноқлар қўлланилгани ёки йўқлиги, 1999 йилдан бери у ерда қанча одам вафот этгани, муассасанинг йиллик харажатлари, қамоқхонада энг узоққа чўзилган жазо муддати, маҳбусларга ибодат қилиш учун яратилган шарт-шароитлар ва Жаслиқнинг кейинги тақдири борасидаги кўплаб саволларини очиқ қолдирди.

«Жаслиқни ёпиш қарори Ўзбекистон халқаро имижини кўтариш учунгина қабул қилиндими ёки бошқа сабаблар ҳам борми?» деган саволга эса бундай режа анчадан бери мавжуд бўлгани, лекин президент Мирзиёев бу борада тезкорлик билан қарор олгани кутилмаган ҳол бўлгани айтилди.

Шунингдек, ИИВ расмийларининг маълум қилишича, Жаслиқда 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадор маҳбуслар, ҳозирда, сақланмаётир. Уларнинг жазо муддати «инсонпарвар қонунлар асосида бекор қилинган ёки енгиллаштирилган бўлиши мумкин.»

Журналистлар саволларига жавоб берган Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов маҳбусларга диний ибодат билан шуғулланишга шароит яратилганми, деган саволнинг нотўғри қўйилганини таъкидлади.

«Агарда кун тартибида ибодат учун вақт ажратилганми, деса, тўғри бўларди. Жазони ўташ жойида фақат ислом динига эътиқод қилинган маҳбуслар жазо ўтамайди. Барча учун кун тартиби бир хил. Агар эрта тонгда туриб, намоз ўқимоқчи бўлса, ёки саҳарлик қиламан, деса ва жазони ўташ муассасаси томонидан унга шароит яратиш учун ҳаракат бўлса, кун тартиби бузилади. Тартиб ҳамма учун бир хил. Агар маҳбус кун тартибини бузмаган ҳолда ибодатини амалга оширадиган бўлса, унга жазо берилмайди. Маҳбус саҳар туриб намоз ўқийман, ёки кун давомида овқат емайман, деса, уни ҳеч ким мажбурламайди,» дейди у.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Одилов «Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мустақил ҳуқуқ фаоллари томонидан ўтган вақт давомида тайёрланган Жаслиқда қўлланган қийноқлар бўйича ҳисоботларни ўрганишга Ўзбекистон ҳукуматида истак борми?» деган саволга мужмал жавоб қайтарди:

“Энди улар ишончли, тасдиқланган бўлса, қуруқ гап бўлмаса… Ҳукуматнинг хоҳиши қандай эканини кўриб турибсизку, қилган ишларимиздан кўриниб турибдику хоҳишимиз…”

Бундан ташқари, Би-би-си Ўзбек Хизматининг «Қийноқлар билан боғланувчи Жаслиқнинг ёпилгани билан мамлакатнинг бошқа қамоқхоналарида қийноқлар сақланиб қолаверадими ёки уларни бартараф этиш йўлида чоралар ишлаб чиқиладими?» саволига вазир ўринбосаридан шундай жавоб олинди:

«Чоралар аллақачон ишлаб чиқилган. Мен сизга бир нарсани аниқ айтаман – қийноқ масаласи ҳозирги кун тартибидан умуман олиб ташланган. Ҳозир қийноқ йўқ. Руҳий қийноқ ҳам, тазйиқ ҳам йўқ. Нимага, деганда биз назорат этамиз. Биз фақат қонун доирасида жазо ижросини таъминлаб беришимиз керак.»

Умуман олганда, тадбирда иштирок этган матбуот вакилларининг аксарияти расмийларнинг жавобларидан қониқмаганини билдириб, аниқ маълумотлар очиқланмаса, бундай йиғинни ташкил этишдан мақсад нима эканини очиқ савол остига олди.

Шу тариқа бир соатча давом этган матбуот конференцияси ортидан Ўзбекистон тарихидаги энг машъум ва энг махфий қамоқхона бўйича маълумотлар яна мавҳумлигича қолиб кетди.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек