Айтар сўзим

Айтар сўзим
66 views
06 August 2019 - 10:35

 

 

АЙТАР СЎЗИМ

Шоир тамъа қилиб тамшаниб турса,
Фозил тилин сотиб, гердайиб юрса.
Золим ўз халқининг қонини сўрса,
Ҳақ сўзни айтганни душмандек кўрса,
Элим, файз қолмабди гул боғларингда.

Маддоҳлар шеър битса “шоҳаншоҳига”
Парво қилмай элнинг чеккан оҳига.
Бир кун ўзи тушгай қазган чоҳига.
Золим жавоб бергай ҳар гуноҳига
Элим, не синов бор бу чоғларингда?

Нигоҳбон бандага ёлғиз Оллоҳдир,
Буни англамаган маддоҳ гумроҳдир.
Хоинлар шайтонга малай, ҳамроҳдир,
Элим, озод яшаш шарафли роҳдир,
Ҳур яша муқаддас тупроқларингда!

28.07.19.

* * *

Чўлпондан илҳомланиб

Эй, гўзал макон, сенга не бўлди?
Улус дилида умидлар сўлди.
Манзиллар барбод, эл чекар фарёд,
Бу она Ватан бўлурми обод?
“Билмам нечун қушлар учмас боғчаларингда?”

Халқнинг дилида аламлар доғи,
Борми бу юртнинг суянган тоғи?
Қачон яшнагай мазлумлар боғи?
Айт, келмадими бирлашмоқ чоғи?
“Қўзғол, халқим, етар шунча жабру жафолар”.

Тик тут бошингни, қайнасин қонинг,
Қўрқувни улоқтир, қочсин ағёринг.
Курашгин танангда қолгунча жонинг,
Шунда келгай сенинг давру давронинг,
“Яйраб, яшнаб ўз Ватанинг гул боғларингда!”
28.07.19 йил.

Ҳасан Ғойиб