Қайғу

Қайғу
63 views
07 August 2019 - 10:31

 

ҚАЙҒУ

Тенгликни қулатди аср совуққон,
Дунё гигантлари тизилди сафга –
Замин неъматларин тугатиб инсон,
Олис сайёрани олар ҳадафга.

Олам жим кузатар Шомнинг шомини,
Нажот кутмай қўяр шўрлик гўдаклар,
Нажот кутмаc энди, она сутининг
Таъмини тотмайин ўлган буваклар.

Фарёд-ла алмашар ойдин қўшиқлар –
Малайлар Иблисга қилганда хизмат:
Эзилган қурсоқлар, куйган бешиклар,
Ўқ теккан белларда йиғлайди уммат.

Таланган шаҳарлар, хўрланган ҳурлар,
Кўзга қон тўлдирган мудҳиш лаҳзалар,
Шомни ўгай каби четлаган нурлар,
Юракни иккига бўлган ларзалар.

Дунёнинг ярмида ҳукмрон уйқу,
Ҳеч кимни чўчитмас адолат куни,
Шаҳар номи қолган вайроналар-у
Бепарво топталган гулларнинг хуни.

Энди юракларга солмагай даҳшат
Бетонлар остида ёрилган бошлар,
Учоқлар ўтсалар солишиб ваҳшат,
Умумқабрларда инграйди лошлар.

Ўққа учиб ўлса умматнинг ярми,
Қолган ярмин мағлуб этгуси ҳашам:
Тўплам қилар ноёб машиналарни,
Дунё гўзаллари ҳарамида жам.

Уларга хуш ёқар – ўлжасин тутган
Бургут тумшуғидан сачраган саслар,
Олтин саройларда оёқларига
Мушукдек суйкалиб яшар йўлбарслар…

Олам қалқонига тушаётир дарз,
Кўтарилиб борар баҳрлар сатҳи.
Энди елкаларни букчайтирмас қарз,
Унутдир инсонга азалий аҳди.

Шомни ямлаб борар ҳасад олови,
Удир – офат сочган шўрлик Ғазога.
Ўшадир – хотинлар “оҳ”ига бефарқ,
Эрларни йўллаган мудҳиш қазога.

Маъносиз боқишга кўникар кўзлар –
Дунё тўлганида зулмга, додга.
Нафосат жон берган ул мудҳиш маҳал
Қўл силтагинг келар адабиётга.

…Яшил сайёрани юрар айланиб
Миллион йилдирки, Қобил отган ўқ.
Бу ўқ тинар фақат жонга жойланиб,
Кўксин тутиб берар бирорта мард йўқ.

Гулноз МЎМИНОВА