Ҳамма ўзининг ишини қилгани яхши

Ҳамма ўзининг ишини қилгани яхши
46 views
08 August 2019 - 12:06

Матбуотга гапирмаган ёки тепадан қараб ўрганган амалдорлар мақола чиққанидан кейин “ундай демагандим, бундай дегандим”, “сарлавҳани нотўғри қўйибди”, “контекстдан юлвопти” деган раддияларни қалаштириб ташлаяпти. Ўзи контекстга қўйилмаган бўлса, уни контекстдан юлиб олиб бўладими?

Амалдор, айниқса, сиёсатчи шундай гапириш керакки, бошида ҳам, ўртаси ва охирида ҳам бир хил маъно чиқсин. Контекстдан юлиб олиб бўлмасин. Иван Васильевич “одамга ўхшаб гапирсанг тушунаман-да”, дейди-ку. Журналист унинг гапини шундоғлигича, оқизмай-томизмай беришга мажбурмас. Уни янгиликлар контекстига қўяди, керак бўлса, талқин қилади.

Одатда, гапиришдан қўрқадиган, эплаб гапиролмайдиган ёки принципсиз амалдорлар турли баҳоналарни қидиради.

Шунақа пайтлар раҳматли Алишер Азизхўжаев эсимга тушади. Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтлари ҳам ишда, уйда, меҳмонда, ҳатто дачада бўлса ҳам, телефонини кўтариб, сўраган саволимизга жавоб берарди. Ҳамма гапиришга қўрқадиган пайтлар. Мен ундан “Алишер ака, нега сиздан бошқа одам гапирмайди, бош вазир, масалан? Ё президент уришадими?” деб сўраганман. “Ман ҳар доим гапираман, президентимиза ҳеч қачон уришмаганла, нага интервью бердин демаганла, бор-у, ишниям қип қўяман, гапираманам” деган Алишер ака ўзининг тошкентча ва “мужикча” “блатной” услубида. Ва “шунақа дейсизу, лекин бизани президентувуза ёмон қиворадила-де, уладан кейин биров гапиришигаям ҳожат қомийди, тўғриси-де” деб қўшиб қўйганини эслайман.Бирон марта, биронта интервъюсидан кейин “нотўғри кесибсила” ёки “контекстдан юлибсила” ё-да “ҳаммасини бермапсила” деган эмас.

Лекин тузук-қуруқ гапирмасдан, икки соат чайналиб, кейин “қирқибсила”, “маъносини бузибсила”, “бошқа ёққа бурворипсила” дейдиганлар кўп бўлади. Ҳамма ўзининг ишини қилгани яхши. Ёзишни ҳам журналистга қўйиб бериш керак.

Паҳлавон Содиқ