“Блогер” деган сўз кўнгилни айнитар даражага келди

“Блогер” деган сўз кўнгилни айнитар даражага келди
54 views
08 August 2019 - 12:34

“Блогер” деган сўз кўнгилни айнитар даражага келди.

Уни журналист мақоми билан тенглаштириш таклифи эса бундан ҳам ошиб тушди. Оғзига кучи етган-етмаган бугун гўёки блогер!

Мен ўзини блогерман деб юрган 2-3 нафар касни шахсан танийман. Саккизта жумланинг эга-кесимини жойига қўйиб ёзолмайди. Лекин кунда-шунда – “саҳнада”! Хаёлига нима келса қайтармайди. Керак бўлса, ўзига тўғридан-тўғридан эфир ташкил этиб олади. Шапалоқдай қилиб “Фалон туманнинг ИИБ бошлиғи олган поралари учун қачон жавоб беради”, деб ёзиб қўяди. Нима бу? Информациями, провакациями ёки шунчаки ҳазилми? Бу алжирашни энди “коммент” билан оломон давом эттиради. Шу блогерликми? Ўртоғлар, буни биз томонларда блоггер демайди, ёқайиртар дейди!

Бир томонда ўзини диндор деб билувчи 3-4 таси гапни “Бисмиллоҳ”дан бошлаб, бир-бирини кофир, валадизино, ҳароми, ит эмган, голубой, эшшак… кечирасизу, ҳақоратнинг шунча тури борлигини шулардан билиб олдик. Ўзи кечирсин!

Афсуски, ёлғон билан ҳақиқат аралаш-қуралаш бўлиб кетган замонда яшаш чекимизга тушди. Шоир айтмоқчи: “Чумоли ҳам ўзини аждарман дейди”. Бир одам билан 4-5 йил ёнма-ён ишладик. Юмшоққина қилиб айтганда: аблаҳнинг ўзгинаси! Унинг учун ҳалол билан ҳаромнинг чегараси йўқ! Шуям бугун блогер! Нуқул ҳақиқат учун курашади! Тавба дейман, бу дунё шу қадар тентак экан-да.

Ҳафтадирки, биттаси Дўрмонда ўтириб олиб Мурод Муҳаммад Дўст қачон овқат еган, ўша овқатнинг пулини қаердан олган, ортиб қолганини кимга берган… халққа шунинг ҳисобини бериш билан оввора, шўрлик. Гўёки Мурод Муҳаммад Дўстнинг номаи аъмолини фаришталар шунга топшириб қўйган. Гўёки Мурод Муҳаммад Дўст жаннатга тушса, унга жой тегмай қолади! Кейин ўзимизни зиёли санаймиз, улуғлик даъво қиламиз. Худо сенинг қилиб юрган ишларингдан бир шингилини ФБга чиқариб қўйса нима қиласан?! Шунчасини бекитиб юрибди-ку! Хулқи билан хулқлансанг-чи!

Шахсан мен ҳар қандай назоратни табиатан ёмон кўраман. Лекин кейинги пайтларда ўзини блогерман деб ижтимоий тармоқларнинг у бошидан, бу бошига шаталоқ отиб юрганларнинг фаолиятини ҳам назорат қиладиган Қонуннинг ишлаб туриши тарафдориман. Токи, ҳар ким гапирган гапига жавоб берсин!

Ҳақиқатни ёзайлик, иллатларни аёвсиз танқид қилайлик, ҳукуматнинг юзига ойна тутайлик, лекин фаолиятимиз зиёли одамга, уйғоқ одамга, инсофли одамга, мусулмон одамга хос бўлсин ахир! Ҳазрат Навоий айтадилар: “Ҳар тўғри гап ҳам дегулик эмас”. Гапнинг дегулик-дегуликмаслигини сезиш учун инсонга фаросат керак. Ҳар ким ўзининг даражасини, ўрнини, ҳаддини билиш лозим.

Алишер Назар