Бўса

Бўса
22 views
09 August 2019 - 10:48

 

БЎСА

Бир сўз дедим, оташдай бир сўз,
Ғунча бўлиб лаблар қизарди.
Гўё қуёш чиқди фалакдан –
Юзга қалқиб қуёш сизарди.

Кулиб боқди осмондаги ой,
Маъюсликдан қилгандай ханда.
Юлдузларда ўзгача чирой,
Шаҳло кўзлар мафтун этганда.

Жунжиктирар кузнинг шамоли,
Банддан барглар узилиб тушар.
Ҳаприқаман, ҳаприқади у,
Сийнасидан каптарлар учар.

Ўн саккиз йил йўл юрдик ёниб,
Орамизда – бир бўсалик жой.
Лаблар лабга етмайди, ҳайҳот,
Етмагандай қуёшга ҳеч ой.

Ердан қалин бир тангалик жой,
Йилларга тенг бўлса бир бўса…
Наҳот васл боғинда, ҳижрон –
Дарди ила Исломнинг ўлса?!
1980 й.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com