Ҳоким ўринбосари журналистларга ташланди

Ҳоким ўринбосари журналистларга ташланди
56 views
16 August 2019 - 11:02

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилган.

Видео лавҳада Kun.uz мухбири воқеа қандай рўй берганини ҳикоя қилиб берган.

Kun.uzга кўра, тадбиркор 1,5 млрд сўм сарфлаб, муҳтож оилалар учун уй қурган, аммо Тошкентнинг Олмазор туман ҳокимлиги 800 миллион сўмни 10 ойдан буён тўламай юрибди.

Нега деган саволни берган тадбиркор ва Kun.uz веб-сайти таҳририяти ходимлари Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабовнинг тажовузига учрагани тасвирланган видеода.

Мансабдор шахсга мурожаат қилинган вақт ва бундан кейин рўй берган ҳодисанинг видеоси Kun.uz веб-сайти ва сайтнинг Youtubeдаги каналидаэълон қилинди.

Видеода ҳоким ўринбосарининг журналистларга зўравонлиги акс этган.

Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

“Қайд этиш керакки, бу Абдурасул Ваҳабовнинг Kun.uz ижодий гуруҳига биринчи марта тажовуз қилиши эмас. Шу йилнинг январида ҳам айнан ушбу амалдор кўпчилик олдида огоҳлантириб ўтирмай, сайт видеокамераларига ёпишиб, операторларга ташланган эди. Ўшанда бу ҳолатга кўз юмилган эди. Бироқ, бу масъул шахснинг бу сафарги ҳаракати ҳеч қандай ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди”, деб ёзади Kun.uz

Таҳририят масъул идоралардан Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг зўравонлигига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

Адлия вазирлигининг Телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” канали Ўзбекистонда “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” 2016 йил 2 мартида ҳукумат томонидан тасдиқланганини эслатди.

Бу қоидаларда “давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт.

Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим”, дейилади.

ЎХҲ ахборот бўлими