Икки кўзи қорамиз

Икки кўзи қорамиз
53 views
17 August 2019 - 12:43

 

ИККИ КЎЗИ ҚОРАМИЗ

Икки қирғоқ иккимизнинг орамиз,
Ёши дарё икки жигарпорамиз.
Бошимизда қанча тошу маломат,
Бир-бировга икки кўзи қорамиз.

Еллар ҳайдаб бўйингизнинг мушкини,
Равон этсин деразамдан раънони.
Боқиб сиз юз ювган тиниқ булоққа,
Сув юзидан уқиб олай маънони.

Ҳисларини тўкиб келинчак баҳор,
Лолаларга кўмди қизил саҳрони.
Узун тунлар томирда завқ чайқайди,
Баланд тоғлар ўпди ёниб Зуҳрони.

Икки қирғоқ, икки ёнда иккимиз,
Орамиздан оқиб ўтар сиримиз.
Ҳижрон юкин кўринмайди охири,
Биз ҳам ўтган ошиқларнинг биримиз.

Икки кўзим йўлингизда тўрт ахир,
Яқинлатинг, дилбаргинам, орани.
Бизга томон қадам ташлар бўлсангиз,
Ватан тутинг нуқрасоч Бухорони.
1984 й.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com