От ёнинда билинар

От ёнинда билинар
26 views
20 August 2019 - 11:42

 

ОТ ЁНИНДА БИЛИНАР

Эшак ўзин кам кўрмайди бедовдан,
Баҳолашса, от ёнинда билинар.
Бедов деган билан бедов бўлмас тенг,
Чин бедовлар майдонларда билинар.

Йигитликда билмас эдинг, бек эдинг,
Ёмонларга ёқмас сўзинг, ўгитинг,
Ориф бўлсанг, аслин сўрма йигитнинг,
Адабинда, икроминда билинар.

Ҳар бир қушдан лочин бўлмас, сор бўлмас,
Ҳар тулкидан йўлбарс бўлмас, шер бўлмас,
Йигит деган билан йигит тенг бўлмас,
Мард йигитлар иқроринда билинар.

Давлат қўнса мард йигитнинг бошига,
Ҳимоятли эли керак дошина,
Йигит ўзин маълум этар ишинда,
Қиличинда, забонинда билинар.

Махдумқули, ғарибларнинг кўзёши,
Тоғларни ёндириб, эритар тошни,
Фақирга зулм этмак золимлар иши –
Рўзи Маҳшар девонинда билинар.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com