Ўзбекистон шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритилди

Ўзбекистон шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритилди
73 views
21 August 2019 - 10:11

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритган.

Давлат департаментининг дунё давлатларидаги шаффофликка бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистондан ташқари мазкур рўйхатга яна 67 давлат киритилган. Улар орасида Озарбайжон, Хитой, Ироқ, Туркманистон, Саудия Арабистони каби давлатлар ҳам бор.

Ҳисоботда АҚШ 2018 йилда молиявий ёрдам кўрсатган 140 давлат ҳукуматларининг шаффофликни таъминлашга қаратилган фаолияти таҳлил қилинган.

Ҳисоботда эътироф этилишича, Ўзбекистон давлат бюджетини жамоатчиликка эълон қилиш борасида ютуқларга эришди, бироқ жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган бюджетда режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаяпти.

Давлат департаменти Ўзбекистонга шаффофликни таъминлаш учун қарз мажбуриятлари, вазирликларнинг батафсил харажатлари тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилишни тавсия қилмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими