БЛОГЕРМИ ЁКИ БАЛОГАР?

БЛОГЕРМИ ЁКИ БАЛОГАР?
30 views
27 August 2019 - 7:18

Менга блогер ва журналистларнинг Президент Мирзиёев билан учрашуви ва блогер Хушнудбекнинг гӯёки бутун блогерлар номидан гапириши, ялтоқланиши мутлақо ёқмади.

Блогерлар Президент билан учрашиш бахтига мушарраф бӯлганлигидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизда кундан-кунга кӯпаяётган муаммолар ҳақида Президентимизга маълумот беришлари ва Президентимизнинг тегишли жавобларини олишлари керак эди.

Бироқ, афсуски, бундай бӯлмади, блогер Хушнудбек мамлакатимизда гӯёки ҳеч қандай муаммо йӯқдай президентга фақат миннатдорчилик изҳор қилиш билан банд бӯлди. Шу тариқа блогерларнинг нуфузини тамомила тушуриб юборди.

Ваҳоланки, блогерлар фурсатдан фойдаланиб, кечагина ҳамкасбларининг соқолини мажбуран қирдиртирган ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатларига президентнинг муносабатини билиши керак эди, шунингдек, ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилиб келган ҳамкасблари блогерлар Рустам Карим ва Тӯлқин Астоновлар судларига доир муносабатларини билиши керак эди, журналист Саид Абдулазиз Юсупов ишига доир муносабатларини билиши керак эди.

Малакасиз, савиясиз, муомала маданиятига эга бӯлмаган амалдорлар томонидан содир этилаётган ҳаракатлар ҳақида ва ечими хусусида саволлар бериши ва жавоб олишлари керак эди. Кундан-кунга ошиб кетаётган нарх-наво сабаби ҳақида савол берса арзирди.

Ёзнинг жазирама иссиғида костюм-шимлар кийиб бориб, президент олдида ӯзига хос сайрашига қараганда блогер Хушнудбек Комил Алламжоновнинг топшириғини аъло даражада уддалади, деган фикрдаман.

Умуман айтганда, блогерларнинг мамлакатимиздаги асл ҳолатни яшириши, лӯттивозлик қилиши яхши иш бӯлмади.

Каримовнинг диктаторга айланишида журналистлар етарлидан ортиқ ҳисса қӯшган эди.

Ҳозирги блогерларимиз ҳам бу каби ялтоқиликлари, жимжамадорликлари, ҳақиқатни яшириш, ҳаётни бӯрттириб кӯрсатишлари орқали Президент Мирзиёевни Каримовнинг аҳволига тушириб қӯймаса бӯлгани. Ёз давомида “Қовун тушди сайли”ни тинмай ёритиб келаётган блогерларимиз “қовун тушди сайли”ни қандай ӯтказишни бутун мамлакат аҳлига “чиройли” кӯрсатиб берди. Ишончни оқлаш учун тилёғламалик, иккиюзламачилик қилиш керак эмас эди.

Афсус, имкониятни қӯлдан бой бердинглар, балогарлар!

Рузибай Азимий