Соқол ҳақида сўнгги сўз!!!

Соқол ҳақида сўнгги сўз!!!
19 views
28 August 2019 - 14:51

Улуғбек муҳаммадиев, Ўзбекистон республикаси олий мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, омбудсман:

“кўчада кетаётган ватандошларни тутиб, ҳеч бир асоссиз бўлимга олиб бориб, мажбуран соқолларини қиртишлаш – бу ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайдиган ваҳший ҳаракат ва тамал инсон ҳақларига ёвузларча тажовуздир. Бундай ҳаракатни содир этганлар албатта жазосини олиши керак!..”

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий усмонхон алим:

“бизда қонунан дин давлатдан ажратилган, яъни, давлат хавфсизлиги масаласи мустасно, қолган барча ҳолатларда давлат ватандошларнинг диний ҳаётига аралашмайди. Соқол қўйиш аввало суннат бўлиб, ҳар бир мусулмоннинг соқол қўйиши, биринчидан, эътиқодий, иккинчидан, инсоний ҳаққидир. Ҳеч кимга бу табиий ҳақни поймол қилиш ваколати берилмаган. У вазир бўладими, депутатми ёки ички ишлар ходимими, фарқи йўқ, ҳеч ким бировнинг тукини мажбурлаб қиртишлаб ташлай олмайди. Бу бориб турган тажовузкорлик ва инсон ҳақларининг қўпол оёқ ости қилинишидир. Бу давлат конституциясини менсимаслик, қонунга тупуришдан бошқа нарса эмас. Қонунни бузганларга эса мутлақо қонун доирасида чора кўрилиши вожибдир!..”

Акмал саидов, ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори:

“биз ҳар қандай инсон ҳуқуқлари тўла кафолатланган демократик жамият қураяпмиз. Демак, бизда инсон ҳуқуқлари масаласи ҳар нарсадан устун бўлиши керак. Муҳтарам президентимиз биздан халқ ичига кириб бориб, халқ билан ҳамнафас яшаб, миллатнинг дардига дармон бўлишимизни талаб қилиб турган бир пайтда қандайдир деструктив кучларнинг соқол қўйган ёшларимизга нисбатан куч ишлатиб уларнинг соқолини олиб ташлашга мажбурлаши аввало давлатимиз раҳбарига қарши жиддий саботаждир. Бундай хоинликни асло кечириб бўлмайди! Мен инсон ҳақларига ҳамла қилган бундай қонун “посбон”ларининг ҳаракатларини қаттиқ қоралайман ва уларга қарши қаттиқ чора кўрилишини талаб қиламан!..”

Шайх абдулазиз мансур, ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси мулозими:

“куни кеча юртимиздаги эътиқод эркинлигига қарши куч ишлатар тизимлар томонидан яна бир хоинона ҳужум амалга оширилди. Бундай ҳаракатлар жамиятимиздаги миллий бирликка раҳна солишлик билан бирга одамлар орасида давлат органларига нисбатан ишончнинг йўқолишига сабаб бўлади. Шусиз ҳам ўтган чорак аср давомида энг оддий инсоний ҳуқуқлари ҳам поймол қилиб келинган бечора халқимизни янада тушкунликка туширади. Эй барака топкурлар, ҳаммамиз мусулмон фарзандимиз, келинг, аҳил бўлайлик, халқ ичига нифоқ ва парокандалик уруғини сочишдан тийилайлик, миллат ичидан душман қидирмайлик! Уч кунлик дунёда тинч-тотув яшайлик! Бу номаъқул ишни билибми, билмайми қилган укаларимиз тавба қилишсин, чиқиб халқдан кечирим сўрашсин! Ҳаммамиз кечиримли бўлайлик, азиз муслим биродарлар! Омиин, оллоҳу акбар!..”

Деганларида эди!!!

Ҳа, 33 милён халқ ва солиқ тўловчилар ҳисобидан кун кўраётган бу амалдор, мулозим, раис ва тўралар ҳеч бўлмаса ҳаётларида бир марта ҳақиқатга тик қараб юқорида иқтибос келтирилган гапларни айтиб чиққанларида эди бугунгача халқ ҳисобидан еб келган нон-тузларини бир бор оқлаган бўлар эдилар.

Аммо афсуски, улардан ҳамон садо йўқ. Улар оғизларига талқон солиб, мум тишлаб ўтиришдан бошқа нарсага ярамасликларини яна бир марта исботлашди. Бугунги раҳбариятга маддоҳлик қилишнигина бир-бирларидан орттириб бажарадиган бу коттаконлар, худо кўрсатмасин, эртага чарх айланиб, сиёсат ўзгариб, навбатдаги раҳбар бугунги кунларни қоралаш кампаниясини бошлаганида, ҳа, айнан шу мулозимлар: “у кунлар ёмон оғир кунлар эди, ҳақиқатни гапирсак, нақ бошимиз учиб кетарди” дея яна маддоҳлик қилишдан асло тойишмайди!

Биз шундай ўзига хос ва ўзига мос миллатмиз…

Аллоҳ барчамизни ислоҳ айласин!

Зариф Султони
facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди