Саводсизлик…

Саводсизлик…
85 views
28 August 2019 - 14:59

Саводсизликнинг уч хил кўриниши бўлади.

Биринчиси, ўзининг аҳволини билган Саводсиз. Бу тоифа ҳадеб издиҳомга ўзини уравермайди. Ичида ўзидан уялиш ҳисси бўлади. Ана шу уят унга чегарасини, ҳаддини кўрсатиб туради. Нима бўлганда ҳам «кўрпасига қараб оёқ узатади».

Иккинчиси, ўзининг аҳволини такаббурлиги билан хаспушлайдиган Саводсиз. Бу жуда хатарли тоифа! Хатарли жойи шундаки, булар ҳеч қачон оқимга қарши сузмайди, ҳеч қачон тарозининг енгил тарафига чиқмайди. «Оқим бўйлаб сузиш» эса кишини толиқтирмайди, ортиқча ҳаракатнинг ҳам ҳожати йўқ. Энг ёмони, булар сузиб-сузиб «уйнинг турига» чиқиб кетади. «Эээ, шу калла билан…» деб қолаверасиз. «Така бўлсин сут берсин», дегани шу!

Учинчиси, ўзининг саводсизлигини, даражасини, кимлигини билмайдиган Саводсиз. Буниси энди даҳшат! Қўлига тушиб қолсангиз, фақат қочиб қутиласиз. Бошқа чорангиз йўқ. Йўқса, шармандангизни чиқаради. «Шармандага шаҳар кенг» дегани шу!

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шогирдлари билан кетаётса, йўлидан бир ҳўкиз чиқиб қолибди. Шунда… то ҳўкиз ўтиб кетгунча Ҳазрат йўлнинг чеккасига чиқиб турбдилар. Шогирдларининг ичида бизга ўхшаган бир нодони бор экан.

– Ҳазрат, молга ҳам шунча тавоземи? – деб ажабланибди.
Шунда у зот айтибдилар:
– Болам, бизнинг ақлимиз бор, унинг шохи бор!

Учинчи тоифани кўрсангиз, йўлдан чеккага чиқинг, акс ҳолда, ўзингизга қийин! Чунки унинг «шохи» бор!

Алишер Назар
facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди