Шавкат Миромонович, қачон сизда сўз ва иш бирлиги бўлади?

Шавкат Миромонович, қачон сизда сўз ва иш бирлиги бўлади?
75 views
22 September 2019 - 16:39

Шавкат Миромонович, сиз “Кимнинг қўли қонга ботмаган бўлса Ватанга қайтинг” дегандингиз. Сизга ишонганларнинг пешонасини силашга ваъда берган эдингиз. Навоий вилояти, Нурота туманида яшовчи 5 нафар норасида гўдакларнинг отаси Комилжон Эргашев сизга ишониб, сизга инониб не-не умидларда соғинч билан она ватанига қайтган эди. Сиз бошлиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари нима қилди? Аэропортнинг ўзиданоқ шўрлик йигитни хибисга олдилар. Терговчи Отабек Меҳмонов ўғлининг озодлиги учун бева онасидан 10 000 доллар сўради. Бева аёл зўрға 7 минг доллар топиб, терговчига бермоқчи эди. Бироқ Мирзиёевга ишонган содда қишлоқ боласи, “Она, пора берманг, мен айбсизман. Худо ҳоҳласа, президентимизнинг шарофатлари билан қамоқдан чиқаман” деди. Пора беришларига унамади.

Судда ўзим иштирок этдим. Барча гувоҳлар ноинсоний қийноққа солинганликларини, шунинг оқибатида Комилжон Эргашевга туҳмат қилишга мажбур этилганликларини айтиб кўзларига ёш олишди. Ҳатто гувоҳлардан бири судьянинг “Нега терговда бошқа, судда бошқача, бир-бирига мутлақо қарама-қарши кўрсатма бермоқдасиз?” деган саволига гувоҳ “У ерда мен кўрган қийноқларни кўрганингизда тирик қолиш учун сиз ҳатто ўз отангизга ҳам қарши кўрсатма берардингиз” дея жавоб қилди. Бироқ не ажабки, судья суд тергови баённомасига гувоҳларнинг кўрсатмаларини акс мазмунини қайт этганди… Натижада гуноҳсиз бир йигитга 18 йиллик қамоқ жазоси беришди. Отасиз ўсган камбағал йигитнинг 5 гўдаги қолиб кетди… Мен буларни барчасини видеорепортаж қилиб ёритдим…

Гувоҳлардан ҳақиқат борасида интервьюлар олдим… Бир инсон тақдири, 5 нафар норасидаларнинг аянчли қисмати сизга чивин чаққанчалик ҳам таъсир этган эмас… Суд-ҳуқуқ тизимида коррупция шу қадар авж олганки… Ҳақ тилаб таъқиблар остида қолиб кетдим…. Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниевни собиқ сиёсий маҳкум Нишонбой Худойбердиевнинг 40 йиллик уйи – ҳовлисига чанг солгани учун танқид қилиб чиққандим. Оқибатда ўзимга нисбатан жиноят иши очишди. Туғилганларимга пушаймонлар қилишди… Зомин туманининг собиқ ҳокими, айни дамда Жиззах вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиқ ўринбосари Баҳриддин Сафаровнинг буйруғи билан мени ўғирлашди… Шундай қилишмоқдаки, “Ё Ватанни тарк этасан, ё қамаласан, ё кетингни қисиб юрасан” дейишмоқда….

Президент! Ҳали сиз мени, коррупцияга қарши курашиш ортидан Сизни қўлламоқчи бўлиб, қашқирларга қарши курашаётган биргина журналист аёлни ҳимоя қилолмасдан кўппакларингизга емиш қилиб қўймоқдасизу, ҳориждан қайтганларни не қилмоқчисиз? Терговчиларга пора топиб бера олмаса, шўрлик Комилжон Эргашев каби қаматмоқчимисиз? Шуми Сиз олиб бораётган ислоҳот? Ниятингиз эзгу бўлса, нега атрофингизга фидоийларни эмас, нуқул ўғри- муттаҳамларни тўплагансиз? Қачон сизда сўз ва иш бирлиги бўлади? Сизга ишонганларнинг бири менми? Адолатсиз бошқарувингиз ортидан набира суюб ўтиришим керак бўлган ёшимда дарбадар қилдингиз-ку мени? Ҳатто Франция суди диктатор деб топган Каримов ҳукумати ҳам менга уйдирма жиноят иши очишдан тийилган эди!

Малохат Эшанкулова