ЖУДА ТАНИШ МАНЗАРА

ЖУДА ТАНИШ МАНЗАРА
29 views
23 September 2019 - 22:02

Вақтим тиғизлиги ва баъзи оилавий ишларим боис блогерлар Тўлқин Остонов ва Рустам Каримларнинг аввалги суд мажлисларига бора олмаган эдим. Бугун, 2019 йил 23 сентябрь куни, улар устидан олиб борилаётган суд мажлисига илк маротаба бордим.

Бугунги мажлисда адвокатларнинг талабномасига биноан қўшимча гувоҳлар (бир холис, бир “участкавой” ва бир тезкор ходим) томонларнинг саволларига жавоб беришди.

Холис ҳам, участковой ҳам, “опер” ҳам саволларга жавоб беришда чалкашликларга йўл қўйишди ва тергов идоралари жуда кўп қонунбузарликларга йўл қўйганини фош қилишди.

Масалан, тергов хужжатларида Рустам Карим ва Тўлқин Остоновларнинг телефонларини олиб қўйишда иштирок қилган холис деб расмийлаштирилган йигит: “Судланувчиларнинг телефонлари қаерда, қачон ва ким томонидан олиб қўйилди?” – деган саволга: “Билмайман. Мени Олмазор РОВДсига холис сифатида олиб киришганида буларнинг телефонлари стол устида олиб қўйилган эди”, – деб жавоб берди ва телефонлар баённома тузишдан олдин (ноқонуний) олиб қўйилганини билдириб қўйди.

Тошкентдаги “Ҳазрати имом” мажмуасида жойлашган Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида, гўёки, “Тўлқин Остонов ва Рустам Каримлар томонидан содир этилган майда безорилик”ни расмийлаштирган участка нозири ҳам, баённомани воқеа жойида эмас, Олмазор ИИБда тўлдирганини айтди. “Участкавой” жаноблари “воқеа” ҳақида 1002 га хабар берган фуқароларни ва жабрланувчиларни кўрмаган ҳам экан.

Прокурор ва судьянинг: “Воқеани РОВДда расмийлаштирибсиз. Жабрланувчилар билан суҳбатлашмабсиз. Нега баённомани соат 15ларда тузиб, айбланувчиларни, дарров, икки соатдан кейин, соат 17ларда маъмурий судга жўнатдингиз?” – деган саволига участка инспектори: “Терроризм” болалари менга хабар беришди, мен уларнинг айтганлари асосида баённома туздим. Мен уларга ишонаман” – деб жавоб берди ва судланувчилар Олмазор тумани ИИБ терроризмга қарши курашиш бўлими ходимлари қистовида маъмурий судга юборилганини билдириб қўйди.

“Участковой”ни том маънода Рустам Карим карахт қилиб қўйди. Рустам Карим ундан: “Бизни маъмурий судга олиб борганингизни иддао қиляпсиз. Ўша куни менинг паспортим ёнимда ҳам, уйимда ҳам йўқ эди. Паспортсиз судланувчини суд қабул қилмайди. Паспортимни қаердан олдингиз?” – деган эди, “участкавой” жавоб бера олмай қолди. “Чунки Сиз ўша куни на баённома тузилганда, на судга борганимизда, на судланганимизда йўқ эдингиз. Сиз бизни, биз сизни ҳозир шу ерда, айни пайтда илк маротаба кўриб турибмиз” – деди Рустам Карим.

Олмазор тумани ИИБ терроризмга қарши курашиш бўлимидан келган тезкор ходим эса адвокат ва жамоат ҳимоячисининг саволларига жавоб беролмай тураверди. Жамоат ҳимоячиси Руҳиддин Комиловнинг: “Сиз терроризмга қарши курашиш бўлими ходими экансиз. Буларнинг майда безорилик қилганликлари учун қўлга олибсизлар. Терроризмнинг майда безориликка қандай алоқаси бор? Ёки Олмазор ИИБда терроризм майда безорилик ҳисобланадими?” – деган саволига “опер”тўра: “Тезкор хабар бўлди” – деб тураверди.

Хуллас, учовлоннинг жавобларидан ушбу айблов ва жиноий ишнинг буюртмалиги яққол намоён бўлди.

Кейинги суд мажлиси 30 сентябрь соат 11.00га белгиланди.

Бобомурод АБДУЛЛА

2019 йил 23 сентябрь

Фотосурат Тўлқин Остоновнинг саҳифасидан олинди