Ўзбекистон, Хоразм: Маҳмуд Ражаб 10 суткага қамалди

Ўзбекистон, Хоразм: Маҳмуд Ражаб 10 суткага қамалди
59 views
25 September 2019 - 13:33

Хоразмдаги Би-би-си манбасининг билдиришича, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб жамоат тартибини бузгани учун 10 суткага қамалган.

Бироқ қариндошлари шоирнинг ўз уйида эканини таъкидламоқда.

23 сентябрь куни Хоразмда «Эрк» партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган эди.

Намойишда қатнашган ҳуқуқ фаоли ва блогер Шабнам Оллошкурова (Нафосат Оллашкурова) душанба куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида намойишчиларга номаълум аёллар ҳужум қилгани ҳақида хабар берган.

10 суткалик қамоқ

Кейинроқ – ярим тунга яқин – уларнинг вилоят маъмурий судига олиб борилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Хоразмлик манба Би-би-сига тинч кўча юришининг эркак қатнашчилари салмоқли (2-3 миллион сўм), аёл иштирокчилари эса “бир минималка” миқдорида жаримага тортилганини маълум қилди. Шунингдек, у Маҳмуд Ражаб ва Шабнам Оллошкурова 10 суткага қамалганини ҳам билдирди.

Аммо намойиш иштирокчиларининг жаримага тортилганини тасдиқлаган шоирнинг қариндошлари унинг қамалмагани, балки ўз уйида дам олаётганини айтди.

Би-би-си билан суҳбатлашган Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бири на Урганч шаҳар ИИБсида, на маъмурий судда намойиш қатнашчиларига қарши бирор тазйиқ ёки босим бўлмаганини таъкидлади.

Бундан ташқари қариндош Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Даврон Назармуҳаммедов Маҳмуд Ражаб ва унинг атрофидагиларга «яхши муомалада бўлгани, уларнинг жамоат тартибини бузгани учун жазога тортилиши қонун талаби эканини ётиғи билан тушунтиришга урингани» ҳақида гапириб берди.

“Биз эрталабгача ИИБ ва маъмурий суд биноси олдида хавотирга тушиб ўтирдик, лекин Маҳмуд ака ва қолган яқинларимиз хурсанд ҳолда чиқиб келишди. Назармуҳаммедов Маҳмуд акага у билан боғлиқ жиноий ишнинг, ўзи ваъда берганидек, адолатли тарзда кўриб чиқилишига яна бир бор сўз берибди,” дейди шоирнинг қариндоши.

Расмий муносабат

23 сентябрь тунида Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган расмий муносабатда «Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида» Маҳмуд Ражаб яқин қариндошларини жалб қилган ҳолда кўча юришини амалга оширгани таъкидланади.

“…М.Раджапов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали аҳолини давлат органларидан норози бўлишга ундовчи турли хил вазиятларни ёритиш билан шуғулланувчи, 1987 йилда туғилган, Оллашкурова Нафосат Балтабаевнани жалб этиб, кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, аҳоли ўртасида давлат органларига ишончсизлик уйғотиш орқали ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсадида, 2019 йилнинг 22 сентябрь куни соат 16 ларда оила аъзолари ва яқин қариндошларини тўплаб (жами 12 нафар шахс), Тошкент шаҳрига бориб, ИИВ раҳбарияти билан учрашишларини айтиб, Гурлан туманидаги уйидан пиёда йўлга чиққанлар”, дейилади вилоят ИИБси баёнотида.

Шунингдек, баёнотда намойишчилар жамоат тартибини бузгани, транспорт воситалари ҳаракатига халал бергани ҳамда “М.Раджапов ва унга ҳамроҳлик қилган оила аъзолари ҳамда яқин қариндошларининг қонунга хилоф ушбу ҳаракатларига чек қўйиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳудудий ички ишлар бўлимига келтирилган”и борасида сўз боради.

Бундан ташқари Хоразм вилоят ИИБси «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун амалдаги қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлигини» эслатиб ўтган.

Китоб ўқиганлик учун жиноят иши

Маҳмуд Ражаб ва қариндошлари 22 сентябрь куни Тошкентга, Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашувга, пиёда юриб боришни режалагани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилишган.

Улар «Эрк» раҳбари Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда айбланаётган Маҳмуд Ражабга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатишни талаб қилишган.

20 сентябрь куни маҳалладошлари Маҳмуд Ражабни олиб кетиш учун келган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатишган ва уни олиб қолишган.

Маҳмуд Ражабга нисбатан жорий йилнинг 30 апрель куни Тошкент аэропорти божхона расмийлари томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маҳмуд Ражаб жиноят ишини шу йил март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.

Муҳаммад Солиҳ асарлари ундан тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган.

Айбдор деб топилгани тақдирда, 56 ёшли Маҳмуд Ражаб беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Аввалроқ у Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққанди.

Манба: bbc.com/uzbek