Қонунсизлик авжига чиқмоқда

Қонунсизлик авжига чиқмоқда
24 views
25 September 2019 - 18:31

Марғилондан хабар:

“Ассаламу алайкум!

Яқинда Марғилондаги ТРЗ бозорида соқолга рейд бўлгани ҳақида ёзган эдим. Тирикчилигим ўша ерда, камига оддий ишчиман. Яъни, бировга қаршилик қилсам, мендан кўп хўжайин зарар кўрмасин, оилам таъминотчисиз қолмасин, деб ўчириб юборгандим постни.

Бугун яна “зборшик”лар келиб, соқоли бор дўкондор соқолини олиб келмагунча дўкони очилмаслиги, қаршилик қилса, рўйхатга ёзиб бериб юборишини айтишди. Савдогарларнинг кўпи намозхон, латта дўппи кийишади. “Дўппингни ечиб,эртадан миллий марғилон дўппи кийиб кел”, деб шарт қўйилди. Ўтган сафар ёзган постимни кимдир ўқиб берган экан бироз сесканибди. Лекин ўчириб юборганим учун менинг кимлигимни билмаган.

Агар мақсад ўзлари даъво қилгандек “бозор хавфсизлигини таъминлаш” бўлса, ёнмаслиги учун чора кўришсин. Деярли ҳар 2-3 йилда бу бозорнинг ёниши одатий бўлиб қолган, аммо сабаблари аниқланмай қолаверади. Нима, савдогарнинг соқоли, дўпписи бўлмаса, ёнмайдими? Ўзи яқинда моли ёниб, бор-будидан айрилиб, энди оёққа тураётган савдогарнинг, умуман, халқнинг асабини қитиқлаш кимга керак?

Фейсбукда 2-3 қаторлик постдан сесканади. Ёзган одамни топиб ўчиртириб юборар, елкасидагилар ёзаётган “пост”ни қандай ўчиради!? Ака, шу гапларни айтмоқчи бўлиб юзига қарадим-у, айта олмадим. Орқасидан келадиган ишлар мендан кўра атрофимдагиларга зарар бериши ақлимдан ўтаверди. Агар иложи бўлса, шуни саҳифангизда номимни ошкор қилмай ёзсангиз.

Воқеа кеча бўлди, бундан олдинги огоҳлантириш бир ҳафта олдин бўлганди. Фақат бозорқўм томонидан оғзаки огоҳлантириш эди. “Агар буйруқ бажарилмаса, эртадан дўкон очтирилмайди”, деган, “Ҳали соқол қўядиган пайт келади”, деб маслаҳат ҳам берганди. Ўшанда бозорқум ўзи дўконма-дўкон юрганди.

Бу сафар жой учун ижара ҳақини оладиган “зборшик”лар, холос. Қизиқ жойи, соқолли дўкондорга дўппини ечиб, кепка кийиб, кечгача ишлашига рухсат беришди. Қаршилик қилса, дўконни очтирилмай, исми рўйхатга тушишини айтди. Айтишича, “Эллик ёшдан кейин мумкин” экан, айтишича. Улар кетгандан кейин ҳамма “ўз билганимни қилавераман”, деди.

Бозор “Марғилон ТРЗ бозори” деб аталади. Эски трактор заводи ҳудудида бўлгани учун шундай номланган…”

Мусанниф Адҳам