КИТОБ КЕЛТИРГАН ШОИР

КИТОБ КЕЛТИРГАН ШОИР
89 views
25 September 2019 - 20:24

Ёхуд шоирлик ва маҳбусликнинг ораси неча қадам?

Маҳмуд Ражаб ҳақида ёзяпману Устоз Матназар Абдулҳакимнинг “Маҳаллийчилик қилмаган ҳолда бир-бирларингни қўллаб – қувватланглар” деган беозор насиҳатларини эсга оляпман.

Ва яна Матназар ака бирор марта шогирдим деб тилга олмаган( Матназар ака бирор марта “Фалончи менимнг шогирдим” қабилида фикрламаган.

Чунки Устоз танланади. Шогирд сени танласагина, унга устоз бўлиш мумкин) ҳақли шогирди Маҳмуд акани доим олдидан, орқасидан ҳам “Маҳмуджон” деб чақирарди.

Маҳмуд Ражаб ижтимоий тармоқларда Муҳаммад Солиҳ китобларини ташувчи бўлиб танилган бўлиши мумкин. Бироқ Маҳмуд ака, аввало яхши шоир, ёзувчи, бадиий Сўзни нозик ҳис қилувчи инсон!

Китоб келтиргани учун, маърифат орқалагани учун Шоирини қамаш УЯТ!

Китоб кўтарган одамни тергов маҳкамаларида йиллаб ҳалак қилиш ачинарли ҳол!Шеърни севган одамнинг қўлига кишан урарсиз, бироқ унинг ҳисларига, туйғуларига, қарашларига кишан уролмайсиз!!!

Фақат Маҳмуд Ражаб эмас, бугунги шоирларнинг кўпчилиги Муҳаммад Солиҳ шеърлари ўзбек шеъриятини маъно ва шакл жиҳатдан янгилаганини эътироф этишади.

Мен ҳам Муҳаммад Солиҳ шеърларини севиб ўқиганман, унинг шеърлари тоғни ёриб сув келтирган Фарҳод монанд юрагим ва туйғуларимни зилол сувга тўйинтирган.

Муҳаммад Солиҳ шеърларининг ашаддий мухлиси бўлиш, на менинг, на Маҳмуд Ражабнинг, на бошқа шеър муҳибининг айби бўла олмайди.

Мен гўёки тақиқланган Шоир шеърларининг ярмидан кўпини ёд биламан. Бу учун қайси қонун менинг хотирамни, қуввайи ҳофизамни қамоқбанд эта олади. Қолаверса, Муҳаммад Солиҳ шеърларини севиш Ватанга хоинлик деган қарашларни шакллантириш ўта кетган бечораликдир.

Маҳмуд Ражабга, бир шоир ва шеър мухлисига нисбатан қилинаётган зуғумларни мен Сўзни, Адабиётни ва Китобни таҳқирлаш деб биламан.

Шоирларинг китоб ёзгани ва ўқигани учун маҳбусга айланмасин.

Шоирингни асра, Халқим!

Гўзал Бегим