ДХХ: “УСМОН ҲАҚНАЗАРОВ” ҲОЗИРЧА (!!!) ОЗОДЛИКДА!”

ДХХ: “УСМОН ҲАҚНАЗАРОВ” ҲОЗИРЧА (!!!) ОЗОДЛИКДА!”
36 views
26 September 2019 - 0:09

“ВА КИНОЯ ҚИЛИБ: “СИЗНИ ЙЎНАЛТИРАЁТГАН БОБОМУРОД АБДУЛЛАЕВНИ(!) ХОЗИРЧА ОЗОДЛИККА ЧИҚАРГАНИМИЗ БИЛАН, ИШИ ХАЛИ ҲАМ СЎРОҚ ОСТИДА, УНИ ҲАМ КУЗАТАЯПМИЗ”, – ДЕБ АЙТДИ”.

Бу ДХХ зобити Зафар Сарваровнинг Дилфуза Юсуповага (қамоқдаги журналист Саид-Абдуллазиз Юсуповнинг турмуш ўртоғига) айтган гапи.

Дилфуза Юсупова (Delcha Yusupova) ДХХ вакили билан бўлиб ўтган воқеаларни Facebook даги Said Abdullaziz Yusufga Ozodlik гуруҳида мақола тарзида эълон қилган.

Ўзини Зафар Сарваров деб таништирган ДХХчининг мен ҳақимдаги гапларига келсак, Саид Абдуллазиз Юсупов ноҳақ қамалгач, унинг хаста отаси ва онаси, оиласи адвокат Сергей Майоровни топиб бериш учун менга чиқишди. Мен уларни Майоровнинг олдига олиб бордим. Майоров Жамила Бақоева (Саид Абдуллазиз Юсуповнинг онаси) ва Дилфуза Юсуповаларга вақти тиғизлигини ва ўзбек тилидаги жиноий ишлар билан ишламаслигини айтди ҳамда адвокат Арслон Шоймардоновга мурожаат қилишни тавсия қилди. Ҳамкасбининг телефон номерини берди. Арслон Шоймардоновнинг уйига бирга бордик, чунки аёллар менга адресни топишда қийналишларини айтишди.

Кейинчалик ҳам улар менга: “Қўшимча адвокат ёлласакмикан? Саид Абдуллазизнинг ишини ҳуқуқ ҳимоячилари ёритса, қандай бўлади?” – деган саволлар билан мурожаат қилишди. Мен уларга ҳуқуқбон Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаеваларга мурожаат қилишни тавсия қилдим. Қилган ишим шу.

Бошига мусибат тушганларга ёрдам бериш менинг инсоний ва мусулмонлик бурчим. Қолаверса, қамоққа ташланган ҳамкасбимни қўллаш профессионал мажбуриятимга киради.

Агар ДХХчилар Саид Абдуллазиз Юсуповнинг ота-онаси ва оиласига кўрсатган шу арзимаган кўмагимни “йўналтириш”, деб баҳолаётган бўлишса, “чекист”ларга ҳақиқий йўналтириш қандай бўлишини кўрсатиб қўйишим мумкин. Лекин мен бундай ҳаракатлардан ўзимни тияман, чунки у ҳолда ДХХ жазавага тушиб, қамоқдаги Саид Абдуллазизга ёмонлик қилиши аниқ.

Дилфуза Юсупова эълон қилган мақоладан хулоса шу-ки, ДХХ истаган пайти мени яна қамоққа қайтариши мумкин! Хорижга чиқиш паспорти нега берилмаётганию нега изимда кузатувчилар юргани энди тушунарли.

ДХХ зобитининг ушбу баёноти хавфсизлигим ва ҳаётим ҳали ҳам хавф остида эканлигидан дарак бермоқда.

Бобомурод АБДУЛЛА

2019 йил 26 сентябрь