Саид Абдулазиз Юсупов ўғлининг, оиласининг ҳаётига суиқасд қилишмоқчи бўлишди

Саид Абдулазиз Юсупов ўғлининг, оиласининг ҳаётига суиқасд қилишмоқчи бўлишди
90 views
26 September 2019 - 6:44

Пичоқ суякка бориб тақалди!!!

Ассалому алейкум, яхшилар!

Бугунги хатимни Сизга жуда қаттиқ ғазаб билан ёзмоқдаман!!! Кеча ва бугун бўлган воқеалардан сўнг дод солгим келмоқда!!!

Бугун (25.09.2019) эрталаб, биз суд маҳкамаси олдида бўлиш учун чамаси 8:40ларда келиним билан уйдан чиқиб кетдик. Бир соатлар ўтгач, чамаси 09:40 ларда ўзини тез ёрдам ходималари деб таништирган, оқ халатли икки аёл уйимизга келган, уларга турмуш ўртоғим эшикни очганларида улар бироз ўзларини йўқотиб қўйишган, кейин набирам Юсупов Амирхонни (фамилия, исмини тўлиқ айтишган) кеча инфекционный больницага тушганлигини, ва у ердан ўз ҳохишимиз билан олиб чиқиб кетганлигимизни, ва бугун уларга инфекционныйдан вызов тушганлигини, ва улар набирамни кўриб қўйиб, унга укол қилишмиз керак ва уйни дорилаб кетишлари кераклигини айтишган. Турмуш ўртоғим хасталиклари туфайли, уларни бу дахшатли воқеалардан йироқ қилиш учун қизимникида бўлиб турган эдилар (менимча айнан шунинг учун турмуш ўртоғим эшикни очганда довдираб қолишган), шу кунларда бўлаётган барча гапларни уларга етқизмаётганлигимизни сезиб юрадилар, шунинг учун, набирамни улардан бекитиб, докторга олиб кетишган деб ўйлаб, жуда қаттиқ қўрқувга тушиб қолганлар. Югуриб хонага кирсалар, набирам ётган бўлган ва больницага бормаганини, мазаси яхшилигини айтган. Бориб ҳамшираларга “кимлар сени жунатди, ростини айт” деб бақириб юборганлар, улар бўлса, узуқ юлуқ гаплар гапира бошлашган, узр, қандайдир тушунмовчилик бўлибди деб қочиб кетишган. Қаттиқ қўрқиб кетган турмуш ўртоғим бизларга қўнғироқ қилганлар ва биз гўшакни кўтармагач, қудамизга қўнғироқ қиладилар, қудамиз югуриб келиб участка нозири, маҳалла раиси, поликлиника, домкомга учрашадилар. Энг қизиғи, хамма ерда қўйилган камераларнинг хеч бири ишламаган!!! Телефон қилиб суриштирганида, ҳеч бир инфекционный касалхоналарда ҳам, поликлиникамизда ҳам набирамнинг исми фамилияси, адресимиз бўйича чақирув бўлмаган. Ахир бу ғирт ёлғонда!! Энди сиз тасаввур қилинг, уйингиздан чиқиб кетсангизу, ортингиздан кимлардир кириб келиб, касал бўлмаган набирангизнинг тўлиқ исм шарифини айтиб, унга муолажа қилишмоқчи, уйингизни дориламоқчи бўлишса, қандай аҳволга тушасиз? Бизнинг ҳолатда буни қанчалик дахшатлигини тушунаяпсизми??? Бегуноҳ болада нима айб? Бу билан нимага эришмоқчи бўлишди? Ўғлимга боласини бир нарса қилиб, руҳий тазийқ ўтқазиб, унинг бўйнига йўқ айбларни илишмоқчи бўлишдими? Уйда турмуш ўртоғим бўлмаганларида нима бўлар эди? Тасаввур қилаяпсизми???? Ғазабга минишим, дод солгим келаётгани табиий ҳол эмасми? Бу воқеа кечаги ноқонуний терговдан сўнг ўлганнинг устига тепгандай бўлди.

Ноқонуний тергов (сўроқ)

Кеча, кечки пайт (24.09.2019), соат 20:00 атрофида, ўғлимнинг ёрдамчиси келинимга қўнғироқ қилиб, Фондга (ўғлимнинг ишхонаси) келиб кета оласизми деб чақириб қолди. Биз келиним билан ўғлимнинг шахсий нарсаларини олиб кетамизми деган тахминда 20:30лар атрофида ўша ерга етиб келдик. Қўнғироқ қилиб келганимизни айтгач, 5-6 дақиқалардан сўнг фонднинг ён эшигига келишимизни айтишди. 20:38 ларда у ердаги постда ўтирган ички ишлар ходими келинимнинг паспортини рўйхатга олиб, фақат келинимнинг ўзини киргизди, мени бўлса, ташқарида қолишимни сўради. Келиним ичкарида бўлган гапларни қўйидагича изоҳлади: “Ўғлингизнинг ёрдамчиси билан 4 қаватга чиқдим, ва у мени энг четдаги хонага кузатиб қўйди. Кирсам, у ерда мен қаердадир кўрган инсон – ўзини ДХХ ходими Зафар Сарваров деб таништириб, гувоҳномасини кўрсатган йигит, 13 майда Фондга ДХХ куратори бўлиб келганини айтди. Ваҳолангки, 10 майда Гвардейский қамоқхонасида турмуш ўртоғимнинг ифторликлари учун қўлимдан озиқ овқатларни,шахсий дори ва кийим кечакларни қабул қилган эди. . Сўнг узоқдан гап бошлаб, олдига оқ қоғоз ва ручка қўйди. Хўжайинимнинг “ишини нима қиласизлар сиёсийлаштириб, оддий фирибгарлик ишику бу” деб айтди. Пулни қайтарса, чиқиб кетади деди. Унга жавобан “биз ҳеч нарсани сиёсийлаштирмаётганимизни, бунақа пулларни турмуш ўртоғим олмаганликларини, аслида сепаратистик гуруҳ аъзоларини фош қилувчи операция бўлганлигини, унда кураторлари Хаёт Адиловнинг топшириғи бўйича ишлаганликларини, бу пулларни ҳеч қачон кўрмаганлигимни айтдим. Бунга жавобан ДХХ ходими Зафар Сарваров бу ёлғон, бундай нарса бўлмаганку деди. Мен унга “Хаёт Адилов деган ДХХ подполковниги бўлганлигини эътироз этаяпсизми, ва бу операция бўйича барча аудио, видео ва ёзма далиллар уларга топширилганку”, деб савол бердим. У бўлса, “ха бўлган, лекин у одам ўлиб кетган, ва биз хеч қандай аудио ёки видеоларни тополмадик” деди. “Агар ҳақиқатда излаганингизда топардингиз”, дедим ва “бу маълумотлар 09 сентябрда машинага люк орқали ташлаб кетилган турмуш ўртоғимнинг хатида хам ёзилганку” дедим. Бу хатни ҳақиқатда хўжайиним томонидан ёзилганлиги қаердан билишимни сўради. Уларнинг хуснихати, ёзилиш оҳангидан тушуниб етганлигимни, ва бу хат аслида 2 қисмдан иборат бўлиб, биринчиси, оиламизга тегишли бўлган, ва халққа етқазишга қарор қилганимиз ва иккинчиси Президентга очиқ хат (!) бўлганини айтдим. Хатни турмуш ўртоғим томонидан ёзилганига ишонаман дедим. Шунда у менга телефондаги видеони кўрсатиб, мана турмуш ўртоғиз Сизга 13 сентябрда ворагондан (маҳкумларни олиб юрадиган машина) дафтар ташладику, деди ва менга бу ёпиқ ишлиги, ва агар турмуш ўртоғим суд жараёни ҳақида бирор маълумотни биз билан бўлишса, унга 162-модда бўйича қўшимча айблар қўйилишини айтиб қўрқитмоқчи бўлди. Мен Аллоҳдан ўзгасидан қўрқмаслигимни айтиб, ҳақиқатда кетаётган машинадан дафтар эмас, 4-5 варақли шахсан ўзимга, ота-оналарига ва ўғилларимизга бўлган соғинч мактублари, насиҳатлар эканлигини, ёки бирор ерда шу кундан кейин бирор маълумот чиқарганимни кўрдингизми деб сўрадим. У йук деб жавоб берди, ва чил ёсин ўқитаётганмушмисила деб сўради. Фейсбукни текшириб ўтирибсизларми деган саволимга “ХАММА НАРСАНИ ТЕКШИРИБ ЎТИРИБМИЗ” деди. Ва киноя қилиб: “Сизни йўналтираётган Бобомурод Абдуллаевни(!) хозирча озодликка чиқарганимиз билан, иши хали ҳам сўроқ остида, уни ҳам кузатаяпмиз ”, – деб айтди. Мен унга: “Биринчидан, Бобомурод Абдуллаевни сизлар эмас, Яратган Эгам озодликка чиқарди, сизларга қолганда, уларни маҳкум қилардингиз дедим ва иккинчидан, улар мени йўналтираётганлари йўқ, шунчаки, бошларидан ўтганларини гапириб бериб, ўз мисолларида, адолатнинг қарор топишига шубха қилмаслигимизни маслаҳат бердилар”, деб айтдим ва тушундимки, хамма нарса деганда, нафақат фейсбук, балки телефоним ҳам, оилам ҳам, мен ҳам кузатув остидамиз. Хўш, агар бу ҳақиқатда ўзлари айтгандек сиёсий иш бўлмаса, оддий фирибгарлик иши бўлса, нега шахсий телефоним, қаерга борганим, уйимизга кимлар кириб чиқаётгани, оилам кузатув остида унда???? Шунда у киши Жамшид (турмуш ўртоғимнинг укахонлари, журналист) ҳам маслаҳат бериб юрибдику, деди киноя қилиб, мен кулимсираб, Жамшиджон умуман маслаҳат бермадилар, улар аксинча, ёрдам беролмаётганликларидан афсусланиб, узр сурадилар, мен Жамшиджонга ҳеч кимдан гинам йўқлигини, хеч кимдан хафа эмаслигимни айтганимни ва шу билан алоқага чиқмаганимизни айтдим. Шундан сўнг, майда ва кераксиз гаплар бўлди, гапни чўзмасдан, хайрлашиб чиқиб кетдим ”. деб айтдилар.

Яхшилар, энди менга айтинглар, аслида ким бу ишни сиёсийлаштирмоқда? Улар айтганидек “оддий фирибгарлик” ишининг ёпиқ тарзда ўтаётганлиги, ўғлим билан учрашишга адвокатимиз ва оила аъзоларимизга тўсқинлик қилишаётгани, ДХХ келиним билан кечки пайт ўтқизаётган “суҳбатлар”, соғ набирамни касалга чиқариб, унга укол қилиб қўймоқчи бўлган, уйимизни дорилаб кетмоқчи бўлган ҳамширалар, буларнинг барчаси, ўғлимни оиласи билан қўрқитиш орқали, бўйнига бошқа айбларни қўйишга харакат эмасми??? Ўғлимнинг ишини ваколатли инсонлар тарафидан ёритилишига таъқиқ қўйилиши, лекин уни қоралаб чиқаётганларга йўлни очиб беришгани, хусусан Шухрат Мусаев ва Исми Гул исмли журналистлар томонидан ўзлари айтган “ёпиқ иш” тафсилотлари, ҳаттоки, адвокатимиз кўрмаган видео далиллар, эски иш бўйича “акахонлари” олиб берган суд қарорларининг тарқатилиши, ўғлимни аслида қандай инсон бўлганлигини ёритаётганларга бўлган таҳдидлар, телефон, интернет ва уйимизнинг мунтазам назорат остидалиги, аслида ўзлари бу ишга сиёсий тус бераётганликларидан дарак эмасми? Ўғлимни 2014 йилда гўёки қилган фирибгарлиги учун айбдор қилишга уриниш мақсадида, 2019 йил май-июль ойларида унинг иш хонаси хўжалик ишлари текширилиши, ўғлимнинг бўйнига бошқа ишларни қўйишга уриниш эмасми? Яна қачонгача давом этади бу каби адолатсизликлар? Шаҳар бедарвозами?

Судья жаноблари!!!

Сиз ўз ишингизга қабул қилинишдан олдин берган қасамингизни эслатмоқчиман. Адолат учун хизмат қилишингиз кераклигини эслатмоқчиман! Сизни адолатсиз деб ўйламайман, чунки Сизни танимайман, аммо атрофингизда бизларнинг атрофимиздаги каби чиябўрилар Сизга таъсирини ўтқазмоқчи бўлаётган бўлишса, билингки, адолатсизлик учун бир кун келиб жавоб беришга тўғри келади! Умид қиламанки, тўғри йўлдан адашмайсиз!! Бандасидан эмас, Яратган Эгамдан қўрқув ҳисси Сизда кучлироқ бўлишини сўрайман, чунки бир оила бузилса, арши аъло ларзага келар экан.

Яхшилар!

Мен учун, оиламиз учун қон эмас, жон қардошга айланган азизлар! Ҳар бир қилган дуоингиз, ёзган яхши сўзингиз учун, Аллоҳдан Сизларга битмас туганмас яхшиликлар тилаб қоламиз, ва Аллоҳга умид билан юзланиб, ҳар бирингиз учун дуода бўламиз! Аллоҳим барчамизни ўз паноҳида асрасин!

Делча Юсупова