Тарихчи олим Андрей Кубатин оқланди

Тарихчи олим Андрей Кубатин оқланди
96 views
26 September 2019 - 19:05

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди турколог ва тарихчи олим Андрей Кубатинни оқлаш ҳақида қарор чиқарган.

2017 йилги ҳарбий суд олимни ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топиб 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

35 ёшли Андрей Кубатин иши ҳуқуқ фаоллари ва илмий жамоатчилик ўртасида норозиликларга сабаб бўлди, Президент Мирзиёевдан ёш истеъдодли олимни озод қилишда кўмак сўралган эди.

МХХ қўзғатган жиноят иши ва ўша ишга асосланган ҳукмга кўра, Андрей Кубатин 1000 доллар эвазига Туркиянинг ҳамкорлик ташкилоти ходимига Ўзбекистон Бош архиви ва Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг электрон китобларини бериб юборган.

Бироқ охирги бир ярим йил давомида Андрей Кубатиннинг айби судда ўз исботини топмагани, у тақдим этган китоблар очиқ Интернетда мавжудлиги, шунга қарамасдан, уни ноҳақ давлат сирларини сотишда айбдор деб топилгани хабар қилинди.

Кубатин ёш бўлишига қарамасдан, дунёнинг академик доираларида яхши танилган шарқшунос олим экани таъкидланди.

Тошкент Шарқшунослик институти доценти Андрей Кубатин ўзбек тили шеваларини мукаммал билади.

Шу билан бирга истеъдодли тарихчи ва қадимшунос олим сифатида ҳам танилган.

Мурожаатлардан кейин Ўзбекистон Бош Прокуратураси Андрей Кубатин устидан 2017 йилги ҳарбий суд қарорига нисбатан протест киритган, шу йил 31 майида Кубатин ишини қайта кўриб чиқиш бошланган эди.

Андрей Кубатин жазо муддатини Тошкент вилоятидаги манзил колониясида ўтаётган ва судга Пскентдан қатнаётган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Кубатиннинг реабилитацияси ва қамоқдан озод этилишини олқишлаган, манзил колониясида олим билан учрашувдан кейин Андрей Кубатиннинг ватанга садоқати, Президент Мирзиёев ислоҳотларида фаол иштирок этишга тайёрлиги ҳақида Бош Прокуратурага мурожаат йўлланганини билдирган.

ЎХҲ ахборот бўлими