ЎЗБЕКИСТОНДА ЕХҲТ КИТОБЛАРИ ҲАМ ТАЪҚИҚЛАНГАНМИ? ЁХУД БОЖХОНА ДХХГА ҚУЛ БЎЛСА…

ЎЗБЕКИСТОНДА ЕХҲТ КИТОБЛАРИ ҲАМ ТАЪҚИҚЛАНГАНМИ? ЁХУД БОЖХОНА ДХХГА ҚУЛ БЎЛСА…
32 views
29 September 2019 - 11:24

Бугун, 2019 йил 29 сентябрь куни, соат 00.30 да Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Варшавада ўтган саммитида қатнашиб қайтган турмуш ўртоғим Қутлуғқиз Балхибаева Тошкент Халқаро аэропортидан аввалига паспорт назоратидан, кейин эса божхона назоратидан ўтаётганда жами икки соат “текширилиб”, ушлаб ўтирилди. У билан самиттдан қайтган бошқалар ҳеч қандай текширувларсиз қўйиб юборилди.

Божхоначилар турмуш ўртоғимга тегишли ҳар бир сумкани, ҳар бир кийимнинг чўнтакларию тешикларини обдон текширишган. “Сумкангизда ЕХҲТнинг китоблари борми?”, – деб сўрашган. Аёлим тунги “шмон” сабабини сўраганда божхоначи аёллар: “Опа, сизни текширишга зор эмасмиз. Бизга ДХХчилар буюришмоқда. Нима қилайлик? Уларнинг айтганини қилишга мажбурмиз”, – дейишган.

Таъқиқланган ҳеч нарса тополмагач, кайфиятлари тушиб кетибди. Бечоралар менинг турмуш ўртоғимга келганда ҳеч бир текширилган аёлга тузмаган тинтув баённомасини ҳам тузишибди. “Анавилар (ДХХчилар) сўрашаяпти”, – деб қўшимча қилишибди ва бу юртда ҳамма нарса ДХХ манфаатлари учун қилинишини намоён этишибди.

Бугунги асаббузарлик Тошкентдан Женевага куни кеча қайтиб кетган Диего Гарсиа-Саяннинг (БМТнинг Махсус маърузачисининг) расмий баёнотига “свежий” мисолдир: бу юртда ДХХ бурнини тиқмаган соҳанинг ўзи йўқ!

Бобомурод АБДУЛЛА

2019 йил 29 сентябрь