Соқолофобия давом этади…

Соқолофобия давом этади…
62 views
29 September 2019 - 20:47

Марғилон шаҳрида сартарошлик билан шуғулланадиган яқинимизнинг айтишича, бундан тўрт кун аввал, 25 сентябр куни, шаҳар солиқ идорасида сартарошлар учун йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишни бир нафар терроризмга қарши кураш ходими ва уч нафар имом домлалар олиб боришган.

Йиғилишда сартарошларга ёш йигитлар соқолини қомат қилиб, текислаб қўймаслик, фақат силлиқлаб қириб қўйиш, текислаш илтимосларини рад этиш вазифаси юклатилган. Шу соқол қўйдираман деганларга хизмат кўрсатмай қўяверинглар, Аллоҳ ризқингларни бошқа томондан бераверади, деган гаплар ҳам айтилган.

Соқол ҳақида берилган саволга жавоб берган терроризмга қарши кураш бўлими ходими, соқол қўйиш ёмон эмаслиги, аммо миллийлигимизни бузиб қўяётганини, чет эллик сайёҳлар «бу ерларда араблар кўп экан» дейишаётганини айтган.

Мажлисда сўз олган имомларимиздан бири «Соқол қўйиш суннат, лекин хозирги ёшлар соқол қўйиб олади, лекин намоз ўқимайди, динга амал қилмайди, шу билан динни бузиб кўрсатади. Қолган амалларни ҳам жойига қўйса, марҳамат, бемалол соқол қўйиб юраверсин, ҳеч ким ҳеч нарса демайди» деган сўзларни айтган.

Хуллас, юртимизда инсонларнинг танасидан чиқадиган тукларга қарши ялпи кураш шу йўсинда давом этмоқда.

Ислам Абдулмажид