Шавкат Миромонович айрим ҳокимларнинг олдида тилингиз қисиқми?

Шавкат Миромонович айрим ҳокимларнинг олдида тилингиз қисиқми?
80 views
30 September 2019 - 23:29

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Бугун Ӯзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида ӯзининг сӯконғичлиги, қарғовчанлиги, нӯноқлиги, маданиятсизлиги ва бошқа бир неча салбий қусурлари орқали нафақат фарғоналикларнинг, балки бутун Ӯзбекистон халқи, дунё ӯзбеклари, дунё мусулмонлари нафратига, қаҳру ғазабига учраган Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг масаласи кӯриб чиқилгани ва Шуҳрат Ғаниев сенаторлар қаршисида айбини тан олгани эълон қилинди.

«Ижтимоий тармоқларда бӯлаётган муҳокамалар тӯғри. Айбимни тан оламан. Ҳар қандай жазога лойиқман. Ӯзимни оқлаш учун бирор сӯз топа олмайман», деб баёнот берган жаноб ҳокимга Сенат ва ҳурматли Танзила Камаловна атиги қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати бериш билан чекланди. (Огоҳлантириш жазоси Сиз билан маслаҳатлашган ҳолда белгиланган бӯлиши эҳтимолдан ҳоли эмас).

Шу тариқа, шахсан Сиз ва Сиз раҳбарлик қилаётган ҳукумат ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг ишига доир яна бир карра адолатсизлик қилдингизлар.

Шуҳрат Ғаниевнинг бу хатти-ҳаракатларига халқ икки хил баҳо берди. Бир гуруҳи бу ишларни Сизнинг сиёсатингизга қарши очиқ-ойдин саботаж деди, яна бир гуруҳи эса ҳоким Президент буйруғини сидқидилдан бажарди, дея эътироф этди. Сизнинг бу сафар ҳам эркатой ҳокимнинг калтабин саъй-ҳаракатларига яна бир марта кӯз юмишингиз эса, соқол қӯйиш, рӯмол ӯраш, намоз ӯқишга қарши курашларга тарғиб Сиз томондан илгари сурилаётган ташаббус, дея фикр юритувчилар сонини кескин ошириб юборди.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда янграган халқ фикри бир четда қолиб, ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг «Халқдан ва Президентдан кечирим сўрайман. Имкон берилса, чин дилдан меҳнат қилишга тайёрман» деган бир оғиз сӯзига таяниб, халқ хоҳиш-иродасини инобатга олмаганликларингиз Сизга, ҳукуматга нисбатан ишонч йӯқолишига олиб келди.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Кенг халқ оммаси, бутун ӯзбекистонликлар қатор ноқонуний ишларни амалга оширган, халқни йиғлатиб, зорлатиб, уларнинг уй-жойларни ноқонуний бузиш ишлари билан кенг кӯламда шуғулланган ва алал-оқибат шахсан Сизни ғазабнок қилган Шуҳрат Ғаниевни орадан ҳеч қанча вақт ӯтмасдан, мустақиллик байрамида «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлаганингизни унутгани йӯқ ва ҳеч қачон унутмаса керак.

Сизга ишониб, Сизни Президент қилиб сайлаган халқингиз Шуҳрат Ғаниевга бу сафар кӯрсатган «каромат»ларингиздан ҳам ҳайрону лол! Калтабин ҳокимни паноҳингизда асрашингизнинг боиси нимада?

Нега миллион-миллион халқингизни биргина нӯноқ, муомала маданиятидан бебаҳра қолган, динимиз душмани, оғзи шалоқ, иши тумтароқ бетавфиқ ҳокимингизга алмашгингиз келмаяпди?

Ёки айрим ҳокимларнинг олдида тилингиз қисиқ жойи борми? (Мен каби бошқа юртдошларим ҳам худди шундай фикрда эканлигига асло шубҳам йӯқ).
Нега халқ томонга ӯтишингиз қийин кечмоқда?

Жаноб Президент! Шуҳрат Ғаниевни зудлик билан Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод қилмасангиз ва унга тегишли органлар тегишли жазо беришмаса айни чоғда минг машаққатлар билан олиб бораётган ислоҳотларингизга халқ ишончи йӯқолибгина қолмасдан, халқнинг шахсан Сизга нисбатан ҳам ишончи батамом йӯқолади. Бунинг олдини олиш учун халқ қалбига қулоқ тутсангиз.

Камоли эҳтиром билан Рӯзибой Азимий