Тошкентга юриш бошлагани учун 10 кунга қамалган Маҳмуд Ражаб жазони ўтаб чиқди

Тошкентга юриш бошлагани учун 10 кунга қамалган Маҳмуд Ражаб жазони ўтаб чиқди
52 views
03 October 2019 - 16:29

“Озодлик радиоси”нинг хабар беришича, “Тошкентга юриш” қилгани учун қамалган 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб ўн кунлик ҳибсдан сўнг 3 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15.30 да озод этилди.

Бу ҳақда маҳаллий ИИБ ҳибсхонаси олдида туриб хабар қилган журналистга таяниб хабар берган eltuz.comга кўра, Маҳмуд Ражаб билан бир кунда қамоққа олинган блогер Нафосат Оллошукурованинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиққан, юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор эди.

Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари устидан суд мажлиси 23 сентябрь, кечқурун соат 10 да бошланиб, 24 сентябрь тонгги соат 4 да тугаган.

Суд қарорига кўра, Маҳмуд Ражаб ва блогер Нафосат (Шабнам) Оллашукурова 10 суткадан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Юришда қатнашган уч эркак энг кам иш ҳақининг уч баробари (669000 сўм) миқдорида, етти аёл эса бир баробари (223000 сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари Тошкентга бориб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида 22 сентябрь куни юриш бошлади ва 50 километр йўлни пиёда босиб ўтди.

56 яшар Маҳмуд Ражаб Туркиядан шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнаётганди.

Манба: ozodlik.org