Ўзбекистон: Ассалом, Совет Иттифоқи ёҳуд ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга нима беради?

Ўзбекистон: Ассалом, Совет Иттифоқи ёҳуд ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга нима беради?
63 views
03 October 2019 - 16:32

Ўзбекистонда бўлган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиши “мавзусига бир неча маротаба қайтганликлари”ни айтган.

Спутник нашрининг иқтибос келтиришича, “ҳозирда Россия томонидан бош вазир ўринбосари Антон Силуанов раҳбарлигида Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши учун имкон қадар оптимал шарт-шароитларни яратиш устида иш олиб бораётган икки томонлама гуруҳ фаолият олиб бораяпти. Фикримча, йил якунига қадар таҳлилий ишлар ўз якунига етади”.

Айни пайтда Матвиенко ЕОИИга аъзолик “мураккаб масала” эканини тан олган.

Унинг сўзларига кўра, Мирзиёев “яхши иқтисодчи сифатида интеграциясиз яшаш мумкин эмаслигини тушунади”.

“Шавкат Мирзиёев яхши иқтисодчи иқтисодчи сифатида ҳозирги савдо-иқтисодий шароитларда интеграциясиз яшаш мумкин эмаслигини яққол тушунади, бироқ якуний қарорни қабул қилиш учун турли соҳалар, меҳнат бозорида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий хатарлар ва салбий оқибатларни таҳлил қилиб чиқиш лозим”, дея иқтибос келтирган Кремлга яқин Спутник агентлиги.

Аввалроқ Россия хабар агентликлари Матвиенконинг “Мирзиёв қарор қабул қилди, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИ қўшилиш масаласини ишлаб чиқмоқда”, деган сўзларини келтирганди.

Матвиенконинг охирги баёноти Ўзбекистон раҳбарияти бу борада ҳануз ниҳоий қарор қабул қилмаганини англатади.

Расмий Тошкентнинг ўзи Матвиенконинг баёнотига муносабат билдирганича йўқ.

Россия мулозимининг Мирзиёев билан учрашувдан олдин қилган баёноти ўзбекистонлик таҳлилчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида турлича муносабатларни уйғотган.

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистонинг ЕОИИга эҳтимолий аъзолигидан келадиган иқтисодий фойда ва айни пайтда сиёсий рискларни ҳисоб-китоб қилишга уринганлар.

Иқтисодий ҳисоб-китоблар

Қозоғистондаги Евросиё Университети доценти Сапарбой Жубаев Ўзбекистоннинг ЕОИИга эҳтимолий аъзолигини “ижобий қадам” деб баҳолайди.

Унинг фикрича, бу каби қарор қўши давлатлардан келадиган истеъмол моллари нархининг арзонлашишига олиб келган бўларди.

“Оддий халққа қўшни давлатлардан келадиган асосий истъемол моллари арзон бўлади. Бож тўлови бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон товарларини экспорт қилиш осонлашади, транспорт тўловлари камаяди, мехнат бозори барқарорлашади. Қозоғистон ва Россияда ишлаш муаммоси ечилади”, дейди иқтисодчи.

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилмоқчи – Матвиенко

Мустақиллик – муқаддас: Беларус Россия билан конфедерация тузишни рад қилмоқда

Қозоғистон миллий суверенитетга аралашишга Россиянинг ҳаққи йўқлигини эслатди

Аммо ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи ва тадбиркор Абдулла Абдуқодировнинг фикрича, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзоликнинг иқтисодий афзалликлари ҳақида аниқ рақамларсиз гапириш қийин.

“Бу борада саволлар кўп – товар айирбошлаш шартлари қандай бўлади, божхона назорати, барча учун қоидалар умумий бўладими, ёки чегирмалар яна бўладими?”, дейди Абдулла Абдуқодиров.

Унга кўра, бу каби иттифоқларда қайси давлатнинг иқтисодий асослари кучли бўлса, ўша ютади.

“Умумий қоида шуки, ҳар қандай иқтисодий ҳамкорликда кимнинг иқтисодиёти негизи кучлироқ бўлса, ўша мамлакат ютуққа кўпроқ эришади. Белорус бу ҳамкорликдан катта манфаат кўрди, лекин Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон кўпроқ янги чекланишларга эга бўлди.

Бизнинг иқтисодиётимиз Россия иқтисодиёти негизидан тубдан фарқ қилади ва кўп жиҳатдан икки иқтисодиёт бир-бирини тўлдириб туради, рақобат деярли йўқ. Демакки, ҳамма гап деталларга тақалади. Бизнинг экспортимиз анча диверсификация қилинган ва нефтга умуман боғлиқ эмас. Агар бу иттифоқ бизнинг ҳамюртларимизнинг Россиядаги шароитини яхшиласа, шунинг ўзи катта ютуқ”, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Сиёсий оқибатлар

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ нафақат ЕОИИга кириш ғояси, балки уни референдум кун тартибига олиб чиқиш ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилган таклифларни ҳам рад этади.

Унинг Инстаграм ва Фэйсбукда эълон қилинган видео баёнотида айтишича, Ўзбекистон учун ЕОИИга аъзо бўлиш “сиёсий мустақилликнинг тугашини англатади”.

“Агар иш референдумга етиб келса, Ўзбекистонга бу бўйинтуруқни кийдириш жудо осонлашади. Каримов 1991 йил Совет Иттифоки Конфедрацияси Референдумига кириб 1990 йил қозонилган мустақиллик Декларациясини кандай осон бекор қилган бўлса, бу муҳтамал референдумда Мирзиёев ҳам 1991 йил эълон қилинган Мустақилликни шундай осон бекор қилиши мумкин. Бир ўзбек ватандош ўлароқ, ўзбек сиёсатчиларини огохлантирмоқчиман: Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон давлати тепасидагилар ким бўлишидан қатъий назар, “Евросиё Иқтисодий Иттифоқи”га кириш қарорига келган бўлсалар ва бу қарорини амалга оширсалар, бу акция Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида йўқ бўлишининг бошланиши бўлади”, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Унинг фикрича, “давлатлар орасидаги ҳар қандай иқтисодий алоқа сиёсий алоқанинг инструментидир. Ҳатто энг кучли инструментидир”.

Лондон SOAS Университетидан Алишер Илҳомов Евросиё иқтисодий иттифоқи қисқа муддатда Ўзбекистоннинг айрим муаммоларига ечим бўлиши мумкинлигини эътироф этади.

“Жумладан, Россиядаги меҳнат мигрантлари муаммоси”, – дейди таҳлилчи.

Аммо унинг фикрича, бу Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятсизликка учрагани тақдирда натижа берадиган бир қарор бўлади.

“Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар натижаларига умид қилмаётган бўлса, шундай ҳолатда Россиядаги мигрантлар бизни қутқаради, деган ҳисоб-китоб бўлиши мумкин. Яъни бу Ўзбекистонда иқтисодий турғунлик ҳолати ёки заиф иқтисодий ўсиш сақланиб қолган ҳолатдагина бирон бир маъно касб этиши мумкин бўлган қадам бўлади”.

Алишер Илҳомовга кўра, ЕОИИ ҳақиқатан ҳам иқтисодий ташкилот.

“Евросиё иқтисодий иттифоқининг ўзи ҳам, агар унинг низоми ва мақсадларига қарасангиз, соф иқтисодий ташкилотдек кўринади. Яъни аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий тўсиқларни олиб олиб ташлаш, савдони ривожлантириш, божхона ва тарифларни мувофиқлаштириш ва ҳоказо. Аммо шу билан бирга, яхшироқ қарасангиз, бунинг ҳам икки томони борлигини кўриш қийинмас. Яъни Москванинг собиқ иттифоқ ҳудудида аввалги сиёсий мавқеини тиклаш истаги. Бу айниқса, Россиянинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар бўлган Қозоғистон ва Беларуснинг Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилиш режаларига қаршилик кўрсатганида билиниб қолди. Ваҳоланки, Москванинг қаршилиги Евросиё иқтисодий иттифоқининг ўзи ишлаб чиққан қоидалар ва нормаларга буткул қарши эди. Ҳаммамиз яхши тушунамизки, агар бу иттифоққа аъзо давлатлар Москванинг ихтиёрига қарши бирон ҳаракат қиладиган бўлса ёки дейлик, Европа ва ғарб билан яқинроқ алоқаларга киришадиган бўлса, улар ҳатто савдо ва иқтисодий алоқалар бўлса ҳам, Москва иқтисодий воситалардан сиёсий воситаларга ёки юмшоқ кучдан қаттиқ кучга ўтиши мумкин”, – дейди Лондонда фаолият олиб бораётган асли ўзбекистонлик таҳлилчи.

Ўзининг айтишича, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши борасида қарор тайёрланаётгани ҳақидаги хабар уни ҳайратга солмаган.

“Охирги икки-уч йилдаги воқеалар ривожига қарасак, ҳаммаси шунга бораётганини кўрамиз. Айниқса, РосАтомнинг Жиззах вилоятида АЭС қуриш лойиҳаси. Бу иқтисодий жиҳатдан буткул асосланмаган бир лойиҳа. Бу Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида пухта ўйланган стратегияга эга бўлмай туриб, шошма-шошарлик билан қабул қилган лойиҳаси. Узоқ муддатда мамлакатнинг на иқтисодий, на сиёсий ва на хавфсизлик манфаатларига жавоб бермайдиган бир лойиҳа бу. Мен буни Кремл томонидан Ўзбекистонга, шахсан Президент Шавкат Мирзиёевга ўтказилган мунтазам ва қаттиқ босимларнинг натижаси, деб биламан. Бу орада Москванинг “юмшоқ қудрати” ишга солинди, маданий алоқалар, иқтисодий ёрдамлар, ҳаммаси бирлашиб, гўёки Кремлнинг қандайдир эзгу ниятлари ҳақида муждалар берилган бўлди. Аммо бошқа давлатлар, хусусан, Грузия ва Молдова ҳамда Украинадаги воқеалардан биламизки, Россия аллақачон, “юмшоқ куч”дан қаттиқ кучни ишлатишга ўтган, собиқ совет ҳудудидаги раҳбарларни сотиб ололмаган пайти ҳарбий усулларни ҳам ишга солмоқда. Россиянинг Ўзбекистон билан алоқалари худда ана шу манзарада ривожланаётганини эсдан чиқармаслигимиз керак. Россия сиёсатининг икки томони бор. Москва собиқ иттифоқ давлатларига, агар яхши гапга кўнмасангиз ва бизнинг таъсир доирамиздан чиқишга уринадиган бўлсангиз, бошингизга Украинанинг кунини соламиз, демоқда. Қрим ёки Донбассдаги воқеалардан кўраяпмизки, бу йўлда Россияни ҳеч нарса тўхтата олмайди”, – дейди Алишер Илҳомов.

‘Ассалом, Совет Иттифоқиʼ

Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умарова эса ЕОИИ Россиядан бошқа аъзо давлатларга ҳеч қандай яхшилик олиб келмагани, жумладан, Қозоғистон ва Беларус иқтисоди “ҳар доимгидан ҳам аянчли аҳволда” эканини айтган.

Унинг Фэйсбук саҳифасида ёзишича, Россия етакчилигидаги иттифоққа киргандан кейин “орқага йўл йўқ”.

“Ҳеч қанақасига. Тинчгина ажралиш, тинч йўл билан тарқалиш имконсиз. Барча қарорлар бир мамлакат томонидан қабул қилинади ва бу бизнинг мамлакат бўлмайди. Иттифоққа кириш, бу – бир томонга чипта сотиб олишдир.

Ассалом, ‘Совет Иттифоқиʼ. Бу менинг тенгдошларим энг кам умид қилган воқеа эди”, деб ёзган Азиза Умарова.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг ёзишича, агар Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан ҳам аъзолик масаласини ишлаб чиқаётган бўлса, буни очиқ ва шаффоф бир кўринишда амалга ошириши лозим.

“Иккинчидан, деб ёзади ўзининг Фэйсбук саҳифасида, ЕОИИга аъзолик сингари ҳал қилувчи ва стратегик қарор референдум кун тартибига олиб чиқилиши керак. Наҳотки бу масала референдумга арзимаса?”, дейди сиёсатшунос.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг ёзишича, Матвиенкониг Ўзбекистонга сафаридан мақсад ҳам расмий Тошкентга босимни кучайтиришдир.

“Шу пайтгача Россия тарафидан бўлган ва бўлаётган босимларнинг сиёсий мақсадини расмийлаштириш, шартни эслатиш ва босимни юқорироқ паллага олиб чиқиш ҳисобланади. Яъни, “Ўзбекистон! Ёки бизга тезроқ қўшиласан ва айтганимизни қиласан, еки, шу пайтгача қилган яширин босимларимиз очиқ кўриниш олади!” дейиляпти”, деб ёзди таҳлилчи Фэйсбук саҳифасида.

Унинг фикрича, Матвиенконинг баёноти борасида расмий Тошкентдан ўпкалаш ўринсиз.

“Россия тарафидан Ўзбекистон давлатчилигига бўлаётган босимлар кўламини биз яхши тасаввур қила олмаймиз. Лекин ҳозирча, Ўзбекистон ҳукумати анча дипломатик ва совуққонлик билан бу босимларни ўтказиб юбориш ҳаракатида. Чунки, расмий Тошкент тушунадики, агар Ўзбекистон ЕАЭСга киргудек бўлса, бу Россия босимларининг энг бошланиши бўлади холос”, деб ёзади Камолиддин Раббимов.

Манба: bbc.com/uzbek