САРОБГА ИШОНМАНГ

САРОБГА ИШОНМАНГ
70 views
04 October 2019 - 17:46

Ҳорижга бадарға бўлиб кетган юртдошларимиздан бирининг сўзларини эшитдим, “Мен Мирзиёевга душман эмасман, у мени албатта бир кун Ватанга чақиради” деганларини тинглаб, кўзимга ёш келиб кетди…

Саробга ишониб интиқлик билан увол ўтаётган эссиз умрга ачиниб кетдим….

Бирингизни аёлингиз Ватандан қочқин эрининг олдига бемалол қатнаб юрибди, бирингизнинг сиёсий бошпана олган жуфтингиз Ўзбекистонни зиёрат қилиб елибди… Бирингиз “Мирзиёев менга амал беради” деган илинж билан ҳаллослаб кириб келгандингиз, аммо, “Сизнинг мамлакат ичкарисидан кўра, ташқарисида Мирзиёевга кўмагингиз кўпроқ тегади” дея қайтариб юборилдингиз.

Сиз қанақанги демократ, қанақанги сиёсатчисиз, Ватанга бир бор қадам қўйишга изин олмоқ учун Мирзиёевнинг оёғини ялашга тайёрсиз? Яқин тарихда юртидан бадарға бўлган зиёлилар ҳам шундай қилганмикин, хонларнинг соясига салом берганмикин? …

Сиз Мирзиёев халқни абгор аҳволга келтириб қўйганини кўриб- билиб туриб, яқинингизни Ватандан бемалол келиб-кетиб юриши, Ўзбекистонга кириб чиқиши учун бутун бир миллат келажагиниям қурбон қилишга тайёрсиз.

Қачон асл ҳақиқатни англаб етасиз?

Ким бўлишингиздан қатъий назар, маддоҳлик қиласизми, тавон ялайсизми, Сиз учун энди ортга йўл йўқ!… Ички рақибларини таслим қилиб олгунига қадар Мирзиёев сиёсий макр ортидан, сиздан фойдаланиб туриши мумкин, бироқ алал-оқибат бир марталик пайпоқдек яна ахлат челакка улоқтириласиз…

Тушунинг энди, сизнинг қайтишингиз биргина Мирзиёевнинг ўзигагина боғлиқ эмас…

Ички ва ташқи душманларингизниям роли ҳам бор… Сиз кеча думини босиб қўйган одамларингиз бугун Мирзиёевнинг қанотида давлатни бошқариб, йўл-йўриқ кўрсатиб ўтирибди… Беҳуда умидворлик бас энди… Умидворлигингиз беҳуда эканлигини англаб етган чоғингизда гўр “Бунда кел!” деб имлаб чақирган, оғушига олган бўлади… Қисматингизга кўнинг энди, элни эрикламасдан, ростина ўтинг энди.

Ватанга қайтиш орзуингиз ушалишида Худонинг қудрати каромат кўрсатмаса, бандаси шоҳдир, гадодир ёрдам қилолмайди барибир сизга.

Шу сабаб маддоҳлик отини чексиз ўйни ўйлаб, чексиз дарё бўйлаб қамчилайверинг, элга кулгу бўлмасдан….

Минг қилманг барибир дунёга бир марта келасиз, бир марта яшайсиз, пешонангизга ёзилганидан ортиғини кўролмайсиз.

Малоҳат Эшонқулова