СЕРГЕЙ АБАШИН: “ЭЙФОРИЯГА БЕРИЛМАЙЛИК”

СЕРГЕЙ АБАШИН: “ЭЙФОРИЯГА БЕРИЛМАЙЛИК”
43 views
04 October 2019 - 17:48

Матвиенконинг “”Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилади” деган баёноти Ўзбекистонда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ҳолбуки, бу баёнотга Россиядагиларнинг ўзлари деярли эътибор берганлари йўқ.

Боз устига, на Россия ҳукумати ва на президент администрациясидагиларнинг бирортаси бундай қарор борасида келишувга эришилганини тасдиқлагани йўқ. Мен ҳозирча бунақанги қарор қабул қилинишига анча вақт бор деб ўйлайман. Матвиенко бу масала бўйича муҳокама қиладиган мулозимлар тоифасига кирмайди, шунинг учун ҳам бошқа манбалар тасдиқламаса, унинг сўзларини эътиборга олмаса ҳам бўлаверади.

Ўйлашимча, Ўзбекистоннинг Евроосиё иттифоқига қўшилиши масаласи нафақат Тошкент учун, балки кремль учун ҳам мураккаб ва оғриқлидир. Ўзбекистон иттифоққа қўшилса, Россия қанақанги манфаатларга эга бўлиши мумкин?

Янги бозорга эга бўладими? Лекин бу бозордан манфаатлар жуда катта эмас. Ўзбекистонлик мигрантларга патентларнинг бекор қилиниши ҳам нафақат иқтисодий, балки ички сиёсий зарар келтиради, негаки режим учун уҳим бўлган келгуси сайловларда мухолифат томонидан кескин танқидларни фақат кучайтиради, холос.
Ўзбек товарлари дейсизми?

Бироқ Россия иқтисодиёти учун бу товарларнинг аҳамияти принципиал даражада эмас. Ўзбек автомобилларининг маҳаллий автосаноат учун рақобатбардошлиги кучайиши мумкин. Ушбу қарорнинг сиёсий аҳамияти бор дейсизми?

Бироқ бу аҳамият ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда, дея жавоб бераман.

Энди миграция ҳақида тўхталиб ўтайлик. Ўзбекистондаги кўпчилик Евроосиё иттифоқига қўшилсак, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аҳволи енгиллашади дея таъкидлашмоқда.

Ҳа, енгиллашиши тўғри. Патентларнинг бекор қилиниши мигрантларнинг даромадини бироз кўпайтиради (инқирозлар бўлмаса, йилига 200 млн доллар атрофида). Бироқ мен мигрантларнинг ижтимоий ҳимоясида ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳақида огоҳлантириб қўйишим керак.

Мисол учун, аллақачон иттифоққа аъзо бўлган қирғизистонлик мигрантлар ҳамон махсус хизматларнинг таъқиби остида қолиб, депорт бўлиш ва мамлакатга киришига тақиқ қўйилишидан қутилганлари йўқ.

Шунинг учун ҳам ўзбекистонлик экспертларни ушбу масала бўйича эйфорияга тушиб қолмасликлари борасида огоҳлантириб қўймоқчиман.

Сергей Абашин

Русчадан Аббос Асад таржимаси
https://www.facebook.com/abbos.asad?epa=SEARCH_BOX