Канишка I

Канишка I
35 views
04 October 2019 - 18:06

Канишка I — Кушон подшолигининг ҳукмдори (78—123). Унинг даврида мамлакат ҳудуди ҳозирги Ўрта Осиёнинг жанубий қисми, Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистон ва кейинроқ Шарқий Туркистоннинг бир қисмини ўз ичига олган. Канишка I Қанғ давлати билан иттифоқда бўлиб Шарқий Туркистонда Хитойга қарши турган. Хусусан, Канишка I мил. 90 й.да Қашқарни 70 минг отлиқ қўшин билан қамал қилгани маълум, бироқ озуқа заҳираларининг етишмаслиги сабабли қамални бўшатишга мажбур бўлган. Канишка I даврида салтанат юксак даражада тараққий этган. Вилоятларни подшо ноиблари — сатрап (кшатрап)лар бошқарган.

Бу даврда Шим. Ҳиндистон ва Ўрта Осиё маданияти равнақ топган; Шарқ мамлакатлари ва Рим империяси билан савдо ва маданий алоқалар ўрнатилган. Пул ислоҳоти ўтказилиб, олтин, кумуш ва мис тангалар зарб қилинган.Канишка I даврида Кушон-Бақтрия тили давлат тили сифатида қабул қилинган. Кашмирда 4-будда собори (йиғини) чақирилган. Бу йиғинда буддизмнинг янги мазҳаби — маҳаяна расмийлаштирилган.

Будда ибодатхоналари қурилган, шунингдек, оташпарастлик, ҳиндуизм, ақидапарастлик ва бошқа диний эътиқодлар тарқалган. Унинг даврида юнон, эрон ва ҳинд маданияти ва дини бир-бири билан аралашиб кетган. Ўзи ҳам буддизм эътиқодини қабул қилган ва унинг аҳоли ўртасида кенг тарқалишига ҳомийлик қилган. Ўз давлати пойтахтини Далварзиндан Пурушапур (ҳозирги Пешовар) га кўчирган. Канишка I Кашмирда Канишкапур шаҳрини бунёд этгани ҳақида маълумотлар бор.

Адабиёт
Бонгард-Левин Т.М., Илин Т.Ф., Древняя Индия, М., 1969; Ғиёсов Т.Ғ, Қадимги Ҳиндистон тарихи, Т., 2000.

Манба: facebook.com