Оналик

Оналик
82 views
08 October 2019 - 14:02

Президент набирасининг расмлари кўргазмаси бўлибди. Албатта онаси фарзандининг ёнида бўлиб, доим мадад бериб турган. Онада ахир. Фарзандидан айрилишини тасаввур қила оладими она?

Кўргазма ажойиб ўтганига ишонаман. Фарзанди ютуқларидан қувонган онани айтмайсизми… Бу ҳам бир бахтда она учун.

Фарзандини бағрига босиб, фахрланиб, юмшоқ ёстиққа бошини қўйиб, хотиржам уйқуга кетади она.

Мен яна бир ОНАни тасаввур қилаяпман. Аввал ўн кеча-кундуз зах, кир, совуқ бир камерада сақланиб, калтакланиб, руҳий босим ўтказилиб, қўрқитилиб, психотроп дорилар таъсирида “жинни”га чиқарилиб, кейин мажбуран жиннихонага тиқилган ОНАни биламан. Қонунлар ишлаши керак бу жамиятда ҳам деган эътиқодга ишониб, ўз ҳуқуқи, фарзандларининг келажаги учун курашган бир ОНАни биламан. У онанинг ҳам орзулари беқиёс… Фарзандларини кун келиб ақлли, жамиятга фойдаси тегадиган бўлиб улғайишларини, ҳақиқий болалик бахтидан баҳраманд бўлишларини истаган ОНАни биламан. Балки қизчаларининг бирор кўргазмаларини ҳам кўришни истар бу она ҳам.

Аммо бу она бугун эгизакларидан узоқда… Қийноқлар остида. Ҳа! Айнан қийноқ остида! Зеро руҳий қийноқ, жисмоний қийноқдан минг чандон азобли эканлигини барчамиз биламиз! Бугун бу ОНА эгизларини бағрига босиб, ухлатолмаяпти. Ўз қўллари билан ширинликлар пишириб, туғилган куни билан табриклолмаяпти. Қалби қон йиғламоқда…

Бу ОНАнинг президент набирасининг онасидан нима фарқи бор? Ахир иккаласи ҳам онаку! Фарқи шундаки, бири Президент Шавкат Миромоновични қизи, иккинчиси эса ҳалол, тўғрисўз қилиб тарбия қилган Болтабой отани қизидир.

Хулоса эса ўзингиздан…

Дилобар Эркинзода