Қонун устиворлигини таъминлашга қодирмисиз?

Қонун устиворлигини таъминлашга қодирмисиз?
25 views
11 October 2019 - 14:47

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Бош вазир сифатида ўтмишда қилган ишларингизга қарамасдан, Сиз Президентимизга халқимиз каби биз ҳам ишонган эдик. Лекин ишончимиз оқланмади, ҳафсала пир бўлди.

Ҳамманинг қонун олдида тенглиги таъминланмади, коррупция чекинмади, давлат қусурлардан тозаланмади. Аксинча, зўравонликнинг янги шакл ва усуллари пайдо бўлди, давлат бошқарувида ўзи-билармонлик ва тутуриқсиз ёндашувлар кузатилди. Ўзимнинг ҳаётим ва жамиятда давлат томонидан содир этилаётган адолатсизликларни рад этиб бўлмайдиган ҳужжат – далиллар асосида, исботи билан баён этаман ва ечимлари ҳақидаги айрим фикрларимни билдираман.

Мен 13 йил муқаддам суднинг оқлов ҳукми билан оқланганимга ва икки йил илгари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитети мени ҳақ, давлатни ноҳақ деб қарор қабул қилганига қарамасдан, ҳозирги кунга қадар ҳақ – ҳуқуқларим тикланмади.

БМТ Комитетининг қарорини бажарилишига амалий ёрдам беришингизни сўраб, Сизнинг номингизга тўрт марта, эътиборингизга етказишни сўраб Бош вазир, Президент Администрацияси раҳбари ва Президент маслаҳатчилари номларига ўн олти марта мурожаатномалар ва Сизнинг номингизга ёзган эътирозномамни тақдим этдим.

Сўнги 1,5 йил ичида ижтимоий тармоқларда 8 марта мақола, мурожаатнома ва эътирозномаларим эълон қилинди.

Сўнги марта, бундан 2,5 ой илгари ижтимоий тармоқлар орқали Сизга эътироз билдирдим.

Давлат органлари ва арбоблари томонидан менга нисбатан содир этилган жиноий қилмишларни ва қилмишларга, адолатсизликка расман расмий ҳужжат бўйича иштирокчи бўлганлигингизни, яъни Вазирлар Маҳкамасининг Сиз имзолаган ғайриқонуний қарори билан Термиз давлат университети ректори лавозимидан озод этилганлигимни, Олий суд билан мамлакатнинг 8 та ҳудудларида жойлашган жами 14 та суднинг судьялари уч йил мобайнида мени суд қилишганлигини, бироқ ушбу судларнинг барчаси мени айбсиз деб топиб, оқлов ҳукми чиқарганлигини ва БМТ Комитети мени ҳақ деб, қарор қабул қилганлигини баён этдим.

Сиздан, давлатимиз раҳбари сифатида адолатли ёндашувни, менга нисбатан содир этилган жиноий қилмишларга шахсан Сизнинг муносабат билдиришингизни ва БМТ Комитети чиқарган қарори Ўзбекистон давлати номидан бекам-кўст бажарилишига амалий ёрдам беришингизни сўрадим.

Сиз, “Ер тагида илон қимирласа биламан” дейяпсиз. Лекин содир этилган жиноий қилмишларга муносабат билдирмадингиз ёки Сизнинг муносабатингизни билдирувчи жавоб олмадим. БМТ Комитети қарорини бажариш бўйича бирон-битта иш амалга оширилмади.

Балким, ҳақиқатдан ҳам мурожаатнома ва эътирозномаларим Сизга етиб бормагандир. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинганларига кўзингиз тушмагандир. Лекин Президент маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов менинг масаламда Сиз билан уч марта суҳбатлашганлигини шахсан менга айтган. Менга нисбатан содир этилган қилмишлардан хабардорлигингизни Президент маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатган Маъруф Усманов Президент Администрациясининг беш нафар маъсул ходимлари олдида тасдиқлаган.

Бундан ташқари, Сизнинг номингизга ёзган эътирозномам давлатга тақдим этилганлигини ва БМТ Комитети қарорини бажармай келаётган Ўзбекистон давлатига нисбатан Комитетнинг қоидаларида назарда тутилган чораларни қўллашга ўтилганлигини Комитет менга ёзма маълум қилган.

Сиз Президент сифатида юксак минбарлардан туриб, “Бир елкада имон, бир елкада шайтон туради. Ҳаммамизга Худо бор”, деб таъкидлаяпсиз.
Ваҳоланки, “Абу-Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу):
Аллоҳнинг расулидан:
Ё расулуллоҳ! Иброҳимнинг (алайҳиссалом) саҳифаси нима эди? – деб сўради.
Расули акрам:
Ҳаммаси тамсил ва ўгит эди, – деб, қуйидаги намунани айтдилар:
– Эй умматимнинг бошига бало бўлиб, ўзига ишонган ҳукмдор! Мен сени дунё бойликларини йиғишинг учун юбормадим. Мен сени зулм кўрган кимсанинг шикоятини менинг ўрнимга эшит, деб юбордим. Зеро, зулм кўрган кимсанинг шикоятини, у кофир бўлса ҳам, рад этмайман (қайтармайман)”, – дедилар.

Сиз иштирокчи бўлган қилмишлар туфайли 15,5 йилдирки зулм кўриб, оила аъзоларим билан жабр чекиб келмоқдамиз. Лекин, Сиз Худонинг амрига эмас, шайтон сўзига қулоқ тутаяпсиз. Мурожаатнома ва эътирозномаларимни эътиборсиз қолдираяпсиз. Менга нисбатан содир этилган жиноий қилмишларга муносабат билдирмаяпсиз. БМТ Комитети қарорини Ўзбекистон давлати номидан бекам-кўст бажарилишига ва ҳақ-ҳуқуқларим тикланишига амалий ёрдам беришни истамаяпсиз. Шу имондан – ми?

Ректорларни тайинлаш ваколати бирдан – бир Ўзингизда. Бошқа ҳеч бир шахс бундай ваколатга эга эмас. Менинг масалам шахсан Ўзингизга бориб тақалиб турибди. Лекин, Сиз имзолаган қарор билан ректор вазифасидан олинганим учун ҳақлигимни ва менга нисбатан содир этилган кирдикорларни тан олмаяпсиз, оқибатларини бартараф этишни истамаяпсиз, ишга тикланишимга шахсан Ўзингиз қарши турибсиз, қонуний ҳақ – ҳуқуқларимдан сиёсий иродангиз ва Сиз имзолаган ғайриқонуний қарор устун қўйилмоқда, деб ҳисоблайман. Боз устига, Комитетга қилган мурожаатим ва унинг қарори ёқмаган, деган фикрдаман.
Ахир, мен лавозим талашаётганим йўқ – ку.

Ўзингиз хулоса қилинг. Суднинг оқлов ҳукми ва БМТ Комитетининг қарори бўла туриб, илгариги ишимга тикланмаслигим, адолатданми?

Ҳаммамизга Худо бор бўлса, имон бўлса амрига итоат қилмаслик, шаънимни тикламаслик Худога хуш келадими?

Суднинг оқлов ҳукми ва БМТ Комитети қарори талабларини бажармай келаётган, Худонинг амрига итоат қилмаётган ваколатли давлат арбоблари учун муқаддас бўлган нима бор, ўзи?

Ҳақиқат ҳурмати айтишим лозимки, Сиз Олий мажлис Сенатида 2017 йил 22 декабрь куни қилган мурожаатингизда Бош вазир сифатидаги 13 йиллик фаолиятингизни баҳолаб ва инвестиция дастурлари ҳақида гапира туриб “Ўзбек миллатига манфаат олиб келмаган дастурлар кўп эди. Мен 13 йил мебелга қоровул бўлиб ўтирганим йўқ, Вазирлар Маҳкамасида. Ҳамма нарсани биламан … Бир хиллар айтиши мумкин, сен Бош вазир бўлиб, ўтириб шуни билмаганмисан. Билганман. Лекин жуда атроф чатоқ бўлган … Бизда художниклар бор эди. Рақамларни чизар эди. Мана мен 854 – , нима дейди, баланс валюта положительно, уни мен қўл қўяр эдим. Ўтмаган таможенный, бало-баттар. Шундай қилиб қилардик” деб айтдингиз. Қонун талабларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларни имзолаганингизни ва Сизнинг раҳбарлигингиздаги ҳукумат халқ манфаатларига зид бўлган қилмишларни содир этганлигини тан олдингиз.

Қайд этиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг Сиз имзолаган қарори билан боғлиқ масалани БМТ Комитети “Х.Аллақуловга ҳокимият томонидан босим ўтказилган, ишдан бўшатишда процессуал қонунларга риоя қилинмаган” деб баҳолаган.

Агар бирон – битта корхона, ташкилот ёки муассасада рақамлар ва ҳужжатлар сохталаштирилса, уни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилишлари муқаррар.

Лекин, давлат раҳбарининг атрофида бўлган Сиз ва бошқалар нафақат ҳамма нарсани билган ҳолда жим тургансизлар, балки халқ ва давлат манфаатларига зид бўлган ишларни қилгансизлар. Боз устига, Сизнинг иборангиз билан айтганда қарсак чалавердиларингиз, чалавердиларингиз, мақтайвердиларингиз, оқибатда тараққиётдан орқага қолиб кетдик.

Аммо таҳдидларга қарамасдан, қонун ва халқ манфаатлари устивор деб, қатъий турган, давлат раҳбарининг сиёсий иродасига итоат этмаган, давлат сиёсати ва мамлакат нотўғри йўлдан бораётганини айтган, ноқонунийликларга қарши туриб, юкланган вазифаларни виждонан бажарган шахслар ишдан олиниб, терговма – тергов, судма – суд сарсон – саргардон қилинди, қамоқхоналарга ташланди, ватанини тарк этишга мажбур бўлди, “жиноятчи”, “давлат ва халқ душмани”, “ватан хоини” тамғалари остида ватанидан бадарға қилинди.

Бўлган ишлар бўлиб, ўтди.

Сиз Президент бўлиб сайландингиз, олий даражадаги мансаб ва мартабага эришдингиз.

Бироқ, кадрларни танлашда давлатчилик тафаккури билан халқ ва мамлакат манфаатлари тамойили нуқтаи назаридан туриб эмас, балки таниш – билишчилик, қариндош – уруғчилик фикри билан ёндашдингиз. Кадрларни ишчанлик қобилияти ва салоҳияти тамойили нуқтаи назаридан эмас, балки сиёсий иродангизга итоаткорлиги ва содиқлиги жиҳатидан танладингиз.

Олдинги давлат раҳбари даврида Президентнинг давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари ҳамда давлатимизнинг муҳим соҳалари, тармоқлари ва ҳудудларида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган, давлат раҳбарининг сиёсий иродасига сўзсиз итоат этиб, қарсак чалиш, мақташ билан машғул бўлган, лекин турли сабаблар ва субъектив факторлар туфайли лавозимидан олинган ёки жиноий жавобгарликка тортилиб, суднинг ҳукми билан айбдор деб топилган ва жиноятчи деб эълон қилинган ёки озодликдан маҳрум қилиниб, қамоқхоналарда сақланиб келган ёки Жиноят кодексининг қатор моддалари билан устидан жиноят иши қўзғатилганлиги учун чет элга кетиб қолган ёхуд давлат, халқ мулкини мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда арзимас суммага сотишга мажбур этганлиги учун ҳуқуқни маҳофаза қилувчи органлардан ҳайдалган шахслар, қилмишларидан қатъий назар, Сизнинг ташаббусингиз билан лавозимларига қайтарилди. Улар жамиятда яна ўрин эгалладилар.

Кимлар давлат арбоби мақоми, даражасига кўтарилмади, кимлар юксак лавозимларга тайинланмади, дейсиз. Умри давомида бирон – битта корхона, ташкилот ёки муассасани бошқариб кўрмаган кечаги мирзалар Президентдан кейин турувчи давлат арбобларига айланди, қолди. Бугунги кунда давлат сиёсати, бинобарин халқ тақдири уларнинг қўлларида. Хуллас, атрофингизга сиёсий иродангизга сўзсиз итоат этиб, иборангиз билан айтганда энди Сизга қарсак чалиб, Сизни мақтовчи ва Сиз билан сиёсий рақобатлашмайдиган кишиларни йиғдингиз.

Лекин, қонун устиворлиги ва халқ манфаатлари деб қатъий турган, давлат раҳбарининг сиёсий иродасига қарши борган, давлат сиёсати ва мамлакат нотўғри йўлдан бораётганлигини айтган шахсларнинг номлари оқланмади, шаъни тикланмади, ватанига қайтарилмади. Улар таркибидан ҳанузгача шаънини тиклаш йўлида судма – суд сарсон – саргардон бўлиб юрганлар бор.

Қонунга сўзсиз итоат этиб, ҳалол, пок ишлаган, юкланган вазифаларни виждонан бажарган, бироқ вазифасидан туҳмат билан четлатилиб, ноҳақ жабр кўрган кадрлар, шу жумладан суднинг оқлов ҳукми билан оқланган ва БМТ Комитети ҳақ деб топган мен ҳам четда қолдик.

Сиз айтаётган адолатми шу?

Сўнги уч йилда Сизнинг раҳбарлигингизда маълум соҳаларда муайян ижобий ўзгаришлар бўлди, албатта. Уларни ҳеч ким инкор этмайди.

Аммо туб ислоҳатлар амалга оширилмади. Тизим ўзгармади. Амалда ҳаммаси эски тоз, эски ҳаммомлигича қолди.

Жумладан, барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлаш борасида ҳеч қандай силжиш бўлмади. Аксинча, аҳолининг уй – жойлари ва кўчмас мулкларини бузиш билан боғлиқ воқеалар қонун кучига эмас, ўзбошимчалик ва зўравонликка таянилаётганлигининг яна бир исботи бўлди.

Сиз ва ҳокимлар ҳали – ҳануз қонундан юқори турибсиз. Мамлакат қонунлар асосида эмас, бири амалда иккинчисини инкор этувчи кўп сонли қарорларга кўра бошқарилмоқда. Қарорлар таркибида лоббизм, яъни кимларгадир ёки қайсидир гуруҳларга имтиёз берадиган, манфаатдорлик келтирадиган қарорлар мавжуд. Бу каби қарорлар тараққиётга эмас, коррупция манфаатларига хизмат қилади.

Цивилизацияли давлатларда мамлакат қонунлар асосида бошқарилади. Фаолият турлари фақат қонунларга таяниб ташкил этилади. Шу боис бу мамлакатлар ривожланган ва инвестициялар оқиб келади. Чунки инвесторлар муваққат ва бири иккинчисини инкор этувчи қарорларга кўра эмас, қонунларга асосан фаолиятини ташкил этади.

Қарорларга кўра бошқариладиган эскирган усуллардан воз кечиш, ҳамманинг қонун олдида тенглигини таъминлаш лозим. Акс ҳолда ҳеч қандай тараққиёт, бинобарин фаровонлик таъминланмайди.

Конституция бўйича суд мустақил ҳокимият ҳисобланади. Лекин судга мустақиллик берилмади. Суд ижро ҳокимиятига бўйсинувчи ҳокимиятлигича қолмоқда.

Қонунларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир хилда бажарилиши ва ижро этилишини назорат қилиш ва таъминлаш вазифаси зиммасида бўлган прокуратурага автономия берилмади.

Сиз бир томондан, бу органлардан адолатли фаолият юритишни талаб қилаяпсиз,шу билан бир вақтнинг ўзида уларни Ўзингизга бўйсинишини хохлаяпсиз. Бу икки талаб бир – бирини рад этади. Бу икки талабни бир вақтнинг ўзида амалга ошириш асло мумкин эмас. Фақат улардан бирини танлаш ва амалга ошириш мумкин. Бу органлар ўзларига юкланган вазифаларни бажаришга лаёқатли бўлиши учун нафақат коррупциядан холи, соғлом тузилмалар бўлиб шаклланмоғи, балки Сизнинг ўзингиз бу органларга ва фуқароларга ҳисобдор бўлмоғингиз лозим. Ҳеч ким қонундан юқори бўлмаслиги керак.

Бу тузулмаларга мустақиллик ва автономия берилса, давлат бошқарувидаги юкни кўтариш вазифаси ҳам улар зиммасида бўлади.

Администрация тизими ислоҳ қилинмади. Кадрлар касбий салоҳияти ва маҳорати тамойили нуқтаи назаридан эмас, Сизга содиқлиги жиҳатидан тайинланди. Боз устига, тез – тез алмаштирилмоқда. Улар аҳолининг қонуний талаб ва истакларини эмас, Сизнинг сиёсий иродангизга сўзсиз итоат этиб, Сизнинг қарор ва кўрсатмаларингизни бажаришни устивор деб билишади. Чунки, кадрлар, жумладан ҳокимларнинг ўз лавозимида фаолият кўрсатиш ёки кўрсатмаслиги билан боғлиқ тақдири, бирдан – бир Сизнинг қўлингизда. Бугун хоин деб эълон қилсангиз, эртага орден беришингизни билишади.Чекланмаган ҳокимиятга эгасиз, деб ҳисоблайман.

Кадрларни танлаш ва жой – жойига қўйишда аҳоли ҳеч қандай таъсир кучига эга эмас.Аҳолининг фикри ва талаблари устивор турадиган тизим яратиш лозим.
Мамлакат сиёсий майдонида давлат органлари томонидан бошқариладиган амалдаги партиялардан фарқли ўлароқ, мустақил ва мухолифатдаги партиялар йўқ. Сиёсий партия бу жамият тараққиёти бўйича фикри, қараши ва мақсадлари ўхшаш ёки яқин кишиларнинг сиёсий уюшмаси демакдир.

Сиёсий партиянинг бош мақсади – қонунийлик, тараққиёт, фаровонликни таъминлашдан иборат бўлиб, шу мақсадни амалга ошириш учун давлат ҳокимиятига келиши лозим. Ҳокимият мақсадни амалга оширишда восита бўлиб хизмат қилади. Ҳокимиятга келиш учун қонун устиворлиги, жамият тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлайдиган илғор ғояларни, уларни амалга оширишнинг йўллари ва усулларини ўзида мужассам этган дастурларни сайловчилар ҳукмига тақдим этиш, амалдаги ҳукумат билан рақобатлашиш лозим. Сайловчиларнинг кўпчилиги дастурини мақбул деб топиб, овоз берган сиёсий партия ҳокимиятга келади. Илғор ғояларни олға сурадиган мустақил ва мухолифатдаги партиялар мамлакат сиёсий майдонида бўлиши лозим.

Аҳолига мустақил уюшмалар тузиш, йиғилишлар қилиш ва тинч намойишлар ўтказишга эркинлик берилмади. Аҳолининг бирдамлиги йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши лозим.

Юқоридаги холатлар Сиз сиёсий рақобат бўлишини ҳамда фуқароларнинг том маънода Конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишини истамаётганлигингиздан дарак беради, деб ҳисоблайман.

Мустақил суд ҳокимияти, мамлакат сиёсий майдонида Конституция доирасида ва цивилизацияли усуллар билан хокимиятга келиш учун рақобатлашадиган, амалдаги ҳукумат билан курашадиган мустақил ва мухолифатдаги партиялар, эркин ОАВ ва аҳолининг бирдамлиги йўқ жойда қонун устиворлиги таъминланмайди, коррупция авж олади, адолат биноси хароб бўлади, халқнинг косаси оқармайди. Қонунийлик таъминланса тараққиёт бўлади, тараққиёт бўлган жойда фаровонлик таъминланади.

Бошланган ислоҳатлар бир жойда тепсиниб, туриб қолди. Бунинг асосий сабабларидан бири бу Сиз атрофингиздаги командани давлатчилик тафаккури тамойили билан эмас, балки сиёсий иродангизга содиқлик фикри билан тўплаганингиз ва уларга таянганингиз бўлса, бошқа томондан, қонун ва жамият олдида ҳисобдор бўлишни ҳохламаётганлигингизда, деб биламан.

Шаъним учун БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан 1966 йилда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда ратификация қилган, қўшилган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт” (келгусида Пакт) номи билан аталувчи Конвенция билан берилган ҳуқуқларимдан фойдаланиб, Женевага бориб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Комитетига мурожаат қилдим.

Комитет обрўим, шаъним, қадр – қимматим ва ишчанлик обрўимни ҳамда бошқа ҳақ – ҳуқуқларимни тиклаш ҳақида 2017 йил 19 июлда қарор қабул қилди.

Комитет давлатдан қарори бажарилгани ҳақида 180 кун муддат ичида маълумотнома тақдим этишни сўраган.

Давлат “Пакт”ни ратификация қилиб, юрисдикциясида ва ҳудудида бўлган шахсларга Пактда кўрсатилган ва мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларни таъминлаш мажбуриятини олган. Комитет ваколатини тан олиб, қарорини бажариш мажбуриятини зиммасига олган.

Комитет томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатларда “ Халқаро назоратни мақуллаб, шахсларнинг Пактда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган давлат Комитет қарорига сиёсий ва маънавий жиҳатдан ҳам бўйсинишга мажбур” деб, ёзиб қўйилган.
Миллий қонунларимиздан халқаро конвенциялар устун туриши конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган.

Аммо Комитет давлат учун белгилаган муддат аллақачон ўтиб бўлди. Комитет қарорини давлат ҳанузгача бажармасдан келмоқда.

Ўзбекистон қанақа давлат ўзи?

БМТда олган мажбуриятини, Комитетнинг қарорини бажармаётган давлатга ким ёки қайси инвестор ёки халқаро ташкилот ёхуд давлатлар ишонади? Қаердан Ўзбекистонга инвестиция келсин?

Комитет томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатларда “Комитетнинг қарори қатъий, шикоятга ўрин йўқ” деб ёзиб қўйилган.

Лекин, Комитет қарорини бекам – кўст бажариш ўрнига, давлат Ўзбекистон Республикаси номидан Комитетга “Х.Аллақуловнинг иши бўйича Комитетнинг важлари ўз исботини топмади, Комитет хулосалари билан келишиб бўлмайди, хулосалар асоссиз. Х.Аллақуловнинг хуқуқлари тикланган” деган, мазмунда ёзма маълумотнома тақдим этган. Ушбу маълумотнома нусхасини Комитет менга 2019 йил 30 июлда тақдим этди. Комитет қарорини бажармай келаётган Ўзбекистон давлатига нисбатан Комитет қоидаларида белгилаб қўйилган чораларни қўллашга ўтилганлигини менга ёзма маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси номидан Комитетга тақдим қилинган маълумотномада уни тайёрлаб, тақдим этган давлат идораси ёки органининг номи ёхуд ваколатли шахснинг исми ва фамилияси кўрсатилмаган. Маълумотнома имзоланмаган.

Сиз, “Ҳар бир ҳужжатнинг жавоб берадиган эгаси бўлиши керак” деб таъкидлаб келаяпсиз.

Ўзбекистон Республикаси номидан тақдим қилинган маълумотноманинг эгаси ким? Қани ҳақ – ҳуқуқларим тикланганлиги? Имзосиз маълумотнома учун ким жавоб беради? Ўзбекистонда эга борми? Ўзбекистонда том маънода давлатчилик борми, ўзи?

Имзосиз маълумотнома тақдим қилган кимсаларнинг Тошкент ахборот технологиялари университетида маддоҳлик билан шуғулланган ва фош этилган троллар “фабрикаси” дан нима фарқи бор?

Давлат органлари ва арбоблари томонидан содир этилган жиноий қилмишлар туфайли 3 йил терговма – тергов, судма –суд сарсон – саргардон бўлган ва оқланган, лекин ҳақ – ҳуқуқлари тикланмаган, Женевадаги судлашувда ҳақ деб топилган, лекин ҳанузгача ҳуқуқлари тикланмаган мен Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имижига салбий таъсир келтираяпманми ёки Комитет қарорини қасддан бажармаётган ваколатли шахслар ва имзосиз маълумотнома тақдим этган кимсаларми? Қаердан Ўзбекистоннинг ижобий имижи шакллансин?

Олинган мажбуриятлар бажарилса, халқаро ташкилотлар билан мулоқатларда ўзаро ҳурмат таъминланса, ижобий имиж шаклланади – да, ахир!

Сўзимни мухтасар қилиб, Султон Иззат Кайковус II билан Мавлона Муҳаммад Румий ҳазратлари ўртасида бўлган, ёзма манбаларда мавжуд, воқеани келтираман.
Султон Иззат Кайковус II Мавлоно Румий ҳазратларини зиёрат қилгани мадрасага келди ва: “Мавлоно ҳазратлари менга бир насиҳат қилсин” деди. Мавлоно “Сенга нима ўгит беришим мумкин, сенга чўпонликни амр этишган, сен эса бўрилик қилаяпсан. Сенга ҳимоя қилиш ва қоровуллашни амр этишган, сен эса одамларга зўрлик қилаяпсан. Аллоҳ сени султон қилди, сен эса шайтоннинг сўзи билан ҳаракат қилаяпсан” дедилар.

Султон кўзида ёш билан ташқарига чиқди, мадрасанинг эшигига бошини қўйиб, тавба – тазарру қилди ва “Эй Аллоҳим, Мавлоно ҳазратлари менга қўпол сўзлар сўзлаган бўлса ҳам бу сўзларни Сен учун айтди. Мен бир бечора қулинг камтарлик билан Сенга ялвораман. Бу риёсиз самимийликнинг ҳурмати билан, эй Роббим, менга марҳамат кўрсат, раҳм – шафқат қил, кечир” деб Яратганга илтижо қилди.

Сиз юксак минбарлардан туриб одамларни рози қилиш, халқнинг ишончини қозониш, адолатли фаолият юритиш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш Сиз ва давлатнинг бош мақсади эканлигини таъкидлаб келаяпсиз. Уларни амалга ошириш учун чуқур, туб ислоҳатлар ўтказиш талаб этилади. Боз устига, ислоҳатни Ўзингиздан, яъни қонунга сўзсиз итоат қилишда, ҳаммага ўрнак бўлишдан бошламоқ лозим. Акс ҳолда Сизга бўлган ишонч, шубҳасиз йўқолиб бораверади.

Профессор Хидирназар Аллақулов