Абдураҳмон МЕШЯН: ЖИСМИМ-ХОРИЖДАДИР, КЎНГЛИМ ВАТАНДА

Абдураҳмон МЕШЯН: ЖИСМИМ-ХОРИЖДАДИР, КЎНГЛИМ ВАТАНДА
126 views
11 October 2019 - 21:38

Бутун умр куйдим, бир умр ёндим,
Соғинч деб аталмиш олов, гулханда.
Тунда йиғлаб, тонгда йиғлаб уйғондим
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Муножотни куйлаб чиқса бир хофиз
Ёхуд Лазги куйин чалса созанда
Бадан музлади-ю юрак этди жиз
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Гарчи хорижда хам ўсар атиргул
Булбуллар хам сайрар ўзга гулшанда
Мени соғинтирар ўз юртим нуқул
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Менинг дардим англар бир Парвардигор
Унга дардин айтур мендайин банда
Нечун олмайин тан ва бўлмай иқрор
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Муқимликдан кетиб бўлгач мусофир
Энг кучли оғриқни сездим ўшанда
Юртдан айро яшаш бунчалар оғир
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Хотиралар юки хоритди онгни
Охири мадор хам қолмади танда
Юртни дуо қилиб, бошлаб хар тонгни
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Билмадим бу хиснинг исми нимадир
Бу ходисот не деб аталур фанда
Менинг кўз ёшларим чехрам шимадир
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Соғинтирди онам улашган сомса
Мен учун хануз йўқ ундан пазанда
Кулмангиз кўзимдан ёмғирлар томса
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

Гўдак киби йиғлар юрагим хўнг-хўнг
Лабларим отсада шодликдан ханда
Насиб, кўришгаймиз шу бахордан сўнг,
Жисмим-хориждадир, кўнглим-Ватанда!

21-02-2015
Абдураҳмон Мешаян