“Сўнгсўз” ўрнида

“Сўнгсўз” ўрнида
27 views
11 October 2019 - 21:45

1917 йил апрель ойида Конгрессга қилган мурожаатида АҚШ Президенти Вудро Вильсон шундай деган эди: “Эркин миллатлар ҳеч қачон қўшни давлатларни шпионлар билан тўлдириб, турли фитналар қилиб, улар воситасида ишларнинг “критик” ҳолатини яратиб, вазиятдан фойдаланган ҳолда хужум орқали фатх этмайдилар. Бундай фитналар махфий бўлсагина ва ҳеч кимнинг савол бериш ҳуқуқи бўлмаган жойдагина муваффақиятли амалга оширилади. Бир неча авлод улғаядиган вақт давомида амалга оширилиб келинадиган – ёлғон ва агрессия – зулмни мақсад қилган, қувлик ва шумлик билан ишлаб чиқилган режалар фақатгина монархик ҳокимият шафелигида ёки қаттиқ қўриқланадиган конфеденциаллик (яъни маҳфийлик) таъминланган тор доирадаги танланган синф вакилларининг шафелигида ҳаётга тадбиқ этилиши мумкин. Не бахтки, бундай ҳолат ўз давлатининг барча ишларидан хабардорликни талаб қиладиган, жамоатчилик фикри бошчилик қиладиган (яъни демократик) жамиятларда вужудга келолмайди!” – деган эди. Бу фикрлар Вильсон томонидан Германиянинг уруш эълон қилинишига атаб айтилган эди. Мен Вильсон таърифлаган ҳолат нечоғлик бугун менинг Ватанимда вужудга келган ҳолатга орадан 102 йил ўтсада, мос келишидан ҳайратдаман. Нияти бузуқ бўлмаган ташкилотлар ҳеч қачон Давлат ичини шпионлар билан тўлдириб, турли интригалар (фитна, туҳмат) қилиб, улар воситасида критик ҳолат яратиб (яъни сунъий шаклда), вазиятдан фойдаланган ҳолда ўз позицияларини кучайтирмайдилар. Бундай фитналар маҳфий бўлсагина, ва ҳеч кимнинг савол бериш ҳуқуқи (балки-да жасорати) бўлмаган жойдагина муваффақиятли амалга оширилади. Бир неча авлод улғаядиган вақт давомида (тахминан 28 йил) амалга оширилиб келинадиган ёлғон ва агрессия зулмини мақсад қилган, қувлик ва шумлик билан ишлаб чиқилган режалар фақатгина қаттиқ қўриқланадиган конфедициаллик, яъни маҳфийлик таъминланган тор доирадаги танланган синф вакилларининг (бизнинг ҳолатда ДХХ контразведкасидаги “танланган” ва дахлсизлиги таъминланган гуруҳнинг) шафелигида тадбиқ этилиши мумкин. Не бахтки, бундай ҳолат ўз давлатининг барча ишларидан хабардорликни талаб қиладиган жамоатчилик фикри бошчилик қиладиган яъни демократик жамиятда вужудга келолмайди. Бизнинг ҳолатда не бахтсизликки, бизда талаб қилинмайдиган, тўғрироғи талаб қилина ололмайдиган жамоатчилик фикри, аслида эса жамоатчилик “куратор”лари – ОАВ кураторлари фикри бошчилик қиладиган псевдодемократик жамиятда табиийки, вужудга келади, келди ҳам! Бу Вильсоннинг буюк футуролог бўлганини ҳам исбот қилади. Шу нуқтада мен учун куюнган, жим қараб турмаган барча ватандошларимга, чин демократик қадриятларни қадрлайдиганларга, оиламга дастак ва суянч бўлган қариндошу, қариндош бўлмасада, тақдиримга бефарқ бўлолмаган инсонларга, маҳалладошларимга, алоҳида эса BBC Ўзбек хизматига, ҳамда чет элдаги мени қўллаб қувватлаган барча ОАВ, журналистларга, ҳамда оиламни қўллаб қувватлаган фейсбук фойдаланувчиларига, мени ҳақимга жамоатда дуо олиб берган бутун дунёдаги мусулмон биродарларимга чексиз миннатдорчилигимни етқазинглар, Аллоҳ ҳар бирларидан рози бўлсин, муродларини ҳосил қилсин!

Менинг туҳматлар билан қамалишимга келсак, агар бу уюштирилган акция бўлмаганида иш ва суд маҳфий бўлмас эди. Шунинг ўзи менга қарши акция эканлигини исбот қилади. Бундан кейин ОАВларда менга қарши туҳматлар пайдо бўлса, ёки менинг қамоқда ўз жонига қасд қилди ёки бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этди каби маълумотлар чиқиб кетса, билингки бу ёлғон. Менинг мунис (булар аҳмоқ деб ўйлайдиган) миллатим жуда зукко, буларга ҳеч қачон ишонмайди.

Ҳар бир ҳақиқатпарвар, либерал демократнинг қамалиши – қонунсизликнинг қонун устидан ғалабасидир. Бу ҳолат эркинликка, ҳурриятга интилган миллатнинг энди пайдо бўлаётган умидлари мағлубиятидир.

Бу мағлубият энди шаклланаётган янгича дунёқарашнинг қотиб қолган эски коммунистик догмаларга мағлубиятдир.

Бу мағлубият – эркин ОАВ ва демократик жамият имконларининг жамиятни изоляция қилишга ўрганган тизим имконларидан устун келолмаганидир.

Бу демократик эркинлик принципларининг НКВД коммунистик принципларидан мағлубиятидир.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза, қонунда параллел давлат тақиқланган, исталган давлат легитимлиги учун паралел давлат тизими аниқ хавфдир.

Бу эзгуликнинг зулм томонидан мағлубиятга учратилишидир.

Аммо умидсизликка тушиш йўқ. Чунки, энг катта имкон ва чексиз куч-қудрат соҳиби Оллоҳ жалли-жаллаладир! Умидим, ягона Оллоҳдан!

Ассалому Алайкум!

Саид Абдулазиз Юсупов
Либерал Демократ