Уйғоқлиги таҳсинга лойиқ

Уйғоқлиги таҳсинга лойиқ
30 views
04 November 2019 - 18:05

Мен Акром Маликни қаҳрамон эмас, сўз эркинлиги таъмин этилаётган бир даврда ноҳақ жабр чекаётган бир мазлум деб биламан. Акром ака жамиятимиздаги камёб инсонлардан бири ва мен уни ҳақиқатгўй инсон, нуктадон олим ва уйғоқ бир фуқаро деб таниганман.

Уйғоқлиги таҳсинга лойиқ. Лекин атрофдаги уйқу дори ичган одамларни уйғотишга уриниш бесамар эди, эҳтимол.
Навоийни англаган қалб ўлароқ Акром ака бу ҳаракатни бошқача бир йўсинда сарф этиши зарур эди, чамамда. У Охири чоҳ бўлган йўлга кириш ўрнига манзили қачонлардир Ҳаққа олиб борадиган йўлдан юрмоғи ҳам мумкин эди. Лекин халқ учун бу “жиззакилик”ни бўйнига олди, адолатсизликка жим қараб тура олмади.
Зеро, мазлум дардига даво излаш ҳам – Ҳақ ва ҳақиқат йўлидир.

Акром акани биринчи курс пайтимда таниганман, энергияси, салоҳияти ва миллатпарварлигига қойил қолганман.
Аллоҳ синов берди, унинг бу синовни енгиб ўтиши учун дуодамиз.

Бугун илм йўлида Акром Малик каби бир йўловчи миллат учун сув ва ҳаводек зарур.

Акром ака, Аллоҳ сизни ёруғ кунларга етказсин. Бу кунларга оз қолди, иншааллоҳ!

Акром Маликньнг шеъри:

СИНИҚ НАФС

Унинг нафси синди. Синди шу қадар –
Нигоҳида тўла синиқлар биллур.
Бошига инди бу, инди бу қадар,
Ҳикматини ёзган Роббиси билур!

Дунё ғавғосидан безган қалбини
Кўтарди кафтига жиш палопондек.
Сукут саҳросида кемадек қалқиб
Бу қул кетиб борар шикаста жондек.

Оҳ, бу саҳронинг қуёши тиғдор,
Қумлари оёқни куйдирар чўғдек.
Улуғ Манзилгача бир умр йўл бор,
Кафтдаги полапон пар чиқармас лек…

Хуршид Абдурашид