Британияда инсон ҳуқуқлари ҳақида

Британияда инсон ҳуқуқлари ҳақида
49 views
17 November 2019 - 16:16

Британия ҳуқуқ тизими жуда мураккаблигини кўпчилик билади. Ёзиб қўйилган конституция йўқ. “Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қонун” борлигини билардим, (бу қонун асосида икки марта Британия ички ишлар вазирлигини судга бериб, ютиб чиққанман, яқинларимга виза масаласида) аммо бу қонуннинг қанчалик кучли эканига бугун эрталаб “Гардиан”да чоп этилган бир мақоладан яна бир марта амин бўлдим. Суд “Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қонун”га асосланиб, ҳукуматнинг қонуности ҳужжатга мувофиқ киритган даъво аризасини рад этган. Натижада 155 киши ва ўхшаш вазиятдаги яна минглаб одамларнинг ҳуқуқи қайта тикланган. Бошқача айтганда, “Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қонун” турганда бошқа қонун ёки қонуности ҳужжатлари ишламайди.

Бу маънода “Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қонун”нинг кучи қарийб асосий қонун – Конституцияга тенглаштирилган. Яъни бу тизимда, масалан, пропискага ўхшаган бемаъни бир тартиб жорий қилинса ҳам, иш бермайди. Конституция йўқ, лекин конституциявий ҳуқуқ бор. Бу ҳуқуқ “умумий ҳуқуқ”, “суд прецеденти” ва “конституциявий одатлар” деб аталадиган қисмлардан ташкил топган. Ўзбекча айтсак, ҳамма учун умумий қонунлар бор ва конституция одатга айланган. Қонун олдида кимдир тенг, “кимлардир янада тенгроқ” эмас. Бизда қонун бор, лекин амалда ҳаммага бир хилмас. Конституция бор, аммо одатга айланмаган. Аксинча, тарки одат. Ҳар куни ўқийдиган ва ёзадиган хабарларимиз – бузилиш ва қурилишлар, лицензия олиш ва беришлар, одам уриш ва сўкишлар, самосудлар, амалдорларнинг қовун тушириши, коррупция, қама-қама, қийноқлар ва бошқа кўпгина муаммоларнинг тамалидаги масала ҳам аслида шу.

Паҳлавон Содиқ