ЎЗЛИК ИҚРОРИ

ЎЗЛИК ИҚРОРИ
90 views
27 November 2019 - 9:49

ЎЗЛИК ИҚРОРИ

Инсон сирли хилқат шу қадар –
Пинҳон эрур ўзига ҳатто.
Ўз-ўзини ахтариб одам
Тополмайди умрбод гоҳо.

Ўтиб кетар минглаб, милёнлаб
Ўзин таний олмаган башар.
Зотан, ўзин унутиб мутлақ
Киши дайдиб қайгадир шошар.

Қаҳ-қаҳ отган чеҳралар ёлғон,
Табассумда йўқдир ҳақиқат.
Учрашади ўзига инсон
Қайғу билан қолганда фақат!

Бу не жумбоқ, ахир, одамзод,
Қочиб яшар қайғудан мудом.
Кошки, чин бахт берса бу ҳаёт,
Кошки, умр ҳадя этса ком!

Инсон топар, танир ўзини
Дард қошида, ғам қучоғида.
Бу ўтлардан қутулса омон
Қанот қоқар аршнинг боғида.

Ором йўқдир оламда, эй дўст,
Ҳар бир нафас – битта курашдир.
Зафар йўлин ягона йўли –
Ҳар нафасда Ҳақни сўрашдир!

Ҳақ жондан ва ҳаётдан қиммат,
Ҳақ энг пок жонларни жамлар.
Ҳақдан шараф топгайдир фақат
Ўз нафсини билган Одамлар!

АКРОМ МАЛИК
26.11.2019