Жасурларнинг номи ўчмайди, қўрқоқлар эса йўқ бўлувчидир!

Жасурларнинг номи ўчмайди, қўрқоқлар эса йўқ бўлувчидир!
30 views
27 November 2019 - 10:12

Бу – 1936 йил Олмониясидан архивларда қолган сурат. Адольф Гитлернинг ўзи нақ рўпарадаги минбарда турганида уни ошкора шарафламаётган, унга қарши эканини очиқ кўрсатишдан қўрқмаётган жасоратли йигитнинг исм-шарифи Август Ландмессер. Ўшанда у 26 ёшда экан.

* * *

– Ҳой, сен тентакмисан?! Нима қиляпсан ўзи? – дедилар унга атрофидагилар ҳайрат ва қўрқув билан қараб.
– Гитлер ва унинг тузумига қарши эканимни, уни ҳеч вақт маъқулламаслигимни кўрсатяпман, – деди йигит қўлларини бемалол қовуштириб.

* * *

Бу суратдаги йигит ва унинг исёни фарқ этилгунига қадар орадан икки йил ўтди. 1938 йилда уни тутиб, «ирқни кирлатди» деган айблов билан ҳисбга олдилар. Рафиқасини ҳам. Рафиқаси 1942 йилда меҳнат лагерида вафот этди. Август Ландмессер эса шу кўйи бедарак кетди.

Уларнинг икки нафар қизчалари бор эди, уларни гитлерчилар зулмидан Худо асради.

2012 йилда тарихда илк бор бир олмон газетаси шу суратни ва Август Ландмессер ҳақида ёзилган «Зулмга ошкора йўқ демоқ жасорати» номли мақолани эълон қилди. Унда шундай жумлалар бор экан:
« Август Ландмессер бу жасоратининг бадалини ўзининг ва рафиқасининг ҳаёти билан ўтади, лекин энг чиркин бир даврда ўз номини, оиласи номини пок сақлаб қола олди… Миллат унинг хотирасини ҳурмат билан ёд этади. Жасурларнинг номи ўчмайди, қўрқоқлар эса йўқ бўлувчидир!»

Дилфуза Комил