12 йиллик муҳожиратдан кейин Ватанга қайтган фаол вафот этди

12 йиллик муҳожиратдан кейин Ватанга қайтган фаол вафот этди
131 views
27 November 2019 - 18:23

12 йиллик муҳожиратдан кейин Ватанга қайтган фаол вафот этди – Толиб Ёқубов мустақил Ўзбекистондаги илк ва энг таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири эди.

У Каримов даврида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган, ҳали муҳожиратда экан, 2014 йилда фуқароликдан маҳрум этилган.

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб инсон ҳуқуқлари билан “жиддий” шуғуллана бошлаган фаол Ўзбекистонда давомли таъқиб ва тазйиқлар остида фаолият юритиб келган.

Толиб Ёқубов 2006 йилнинг июлида Францияга муҳожиратга юз тутган.

Фаол бунга Ўзбекистонда ўзига нисбатан “сохта” жиноий иш очилгани сабаб бўлганини айтган.

У қанд хасталигидан оғриган, орада кечган вақт давомида Ўзбекистонга қайтиш истагини такрор ва такрор изҳор этган.

Ватанда кўз юмиш учун қамоқ қадар ҳар қандай хавфга юз тутишга тайёр эканлигини айтган.

Аммо ўтган 2018 йилга қадар кекса ва хаста фаол бунга имконли бўлмаган.

Ўтган йил янги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи арафасида унинг ортга қайтганига оид хабар олинган.

Аммо фаолнинг қандай шартлар асосида бунга муваффақ бўлгани тафсилотлари кенг матбуотга имконсиз қолганди.

Бу – Франция мисолида Ўзбекистон янги раҳбарининг бир Европа давлатига амалга оширган биринчи расмий ташрифи бўлган.

Расмий ташриф, худди шу боис ҳам, ҳам Ўзбекистон ва ҳам ташқи дунё нигоҳида алоҳида эътибор топган.

Аммо худди шу манзарада ҳам, янги Ўзбекистон сиёсатини Каримов давридаги эскисига ўхшатган, қиёс берганлар бўлган.

Таъбир жоиз, кузатувчилар тавсифида бу каби “илтифот”лар марҳум президент бошқарувига хос бир анъана бўлган.

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, Толиб Ёқубов Жиззахдаги уйида ҳаётдан кўз юмган. 79 ёшда бўлган.

Яқинлари унинг ўлими манзарасида айрим Ғарб нашрларига фаолнинг сўнгги пайтларда оғир аҳволда ётганини айтишган.

Ортга қайтиш

Интернетда имконли бўлган суҳбатларидан фаолнинг ортга қайтгач, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлардан ҳайратда экани англашилган.

У ўзининг диққатини Ўзбекистондаги қурилишлар, йўллардан олиб ташланган саноқсиз блок постлар ва бир неча метрлик панжарасиз қолган, турган ҳукумат биноларига қаратган.

“Одамлардаги катта кўтаринки руҳ ўзини жуда қувонтиргани”ни ҳам алоҳида қайд этиб ўтган.

Уйга қайтгач, тўй қилиб, элга ош бергани, кунлаб уни кўриш учун келаётганларнинг кети узилмаганини ҳам айтган. Уларнинг орасида узоқлардан келаётганлари ҳам борлигидан, ҳатто, ўзи ҳам таажжубда экани сезилган.

Агар, ўз сўзларига таянилса, Жиззахда, ўз ота уйида, аёли, қизи, куёви – яқинлари бағрида ва қаровида бўлган.

Фаолнинг вафоти Ўзбекистонда қолган саноқли инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳануз босимлар остида бўлган, муҳожиратдаги аксарияти эса, ҳамон Ўзбекистонга қайтишга имконсиз ва иложсиз бир манзарада кузатилган.

Инсон ҳуқуқлари Каримов даври Ўзбекистони халқаро миқёсда кескин танқидлар, хавотирларга сабаб бўлиб келган энг муҳим соҳалардан бири бўлган.

Ўша пайтларда Ўзбекистондаги диний-сиёсий маҳкумларнинг сони, ҳатто, халқаро ҳисоб-китобларда ҳам мингларга нисбат берилган.

Айнан шу каби маҳкумларга нисбатан ноинсоний муносабат ва қийноқ ҳоллари ҳам халқаро ҳамжамият нигоҳида алоҳида эътибор топган воқеълик сифатида кўрилган.

Толиб Ёқубов ҳали Ўзбекистонда экан, Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида бу каби маҳкумларнинг сони 30 мингдан ортишини айтган.

Уларнинг тақдири инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида у ўз диққатини қаратган энг муҳим масалалардан бири бўлган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли

Толиб Ёқубов аввалига норасмий “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” таркибида мамлакат фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бошлайди.

У 1996 йилда бу ташкилотнинг Бош котиби ва 2001 йилда эса, раиси этиб сайланади.

Аммо фаолнинг 16 йил давомида бу жамиятни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш уринишлари иш бермайди.

Толиб Ёқубов, Ўзбекистонда экан, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг давомли босими остида фаолият юритишга мажбур бўлган.

Фаол бу ҳақда доимо ўзининг суҳбатларида алоҳида таъкидлаб келган.

Алал-оқибат, ўзига нисбатан “сохта жиноий иш” очиларкан, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, ўз фаолиятини муҳожиратда – Францияда давом этдириш истагида ҳам кўрилган.

“Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” 2008 йилда Франция ҳукумати томонидан давлат рўйхатига олинган. Унга халқаро мақом берилган.

Фаол Би-би-си Ўзбек хизматига берган энг сўнгги суҳбатларидан бирида, энди “ташкилотнинг Ўзбекистонда қурултойини ўтказиш, раҳбариятини шакллантириш ва уни “де-юре” тан олдириш устида иш олиб бораётганликлари”ни айтган.

Аммо орада кечган вақт давомида унинг бунга қанчалик муваффақ бўлгани тафсилотлари ноаён қолган.

Инсон ҳуқуқлари янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларининг диққат-марказидаги энг асосий муаммолардан бири бўлади.

Аммо, бунга қарамай, ҳали-ҳануз мамлакатда фаолият олиб борувчи инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг сони бармоқ билан санарли экани кўрилади.

Бундан ташқари, “Хьюман Райтс Вотч” бўладими ёки “Амнести Интернейшнл”га ўхшаш халқароларининг ҳам ҳамон Ўзбекистонга тўлиғича қайтмагани кузатилади.

Толиб Ёқубов

Толиб Ёқубов ҳаётининг салмоқли қисми “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” билан боғлиқ эканини айтган.

“Қилган ишларига таниш ва нотаниш одамларнинг баҳо беришлари”ни маъқул кўрган.

Толиб Ёқубов 1941 йилда Жиззах шаҳрида дунёга келган.

Физика-математика фанлари номзоди. Олти фарзанднинг отаси бўлган.

1964 йилдан 1992 йил охирига қадар Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Институтида ўқитувчилик қилган.

У 20 аср олтмишинчи йилларда дастлаб Москва ва кейинчалик Кишеневда илмий иш билан шуғулларкан Совет сиёсий диссидентларидан “инсон ҳуқуқлари” ва “демократия” борасида биринчи марта эшитганини айтади.

Толиб Ёқубов 1980-йиллар охирида “Бирлик” Халқ ҳаракатининг фаол аъзосига айланади.

У 1992 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқлари билан “жиддий” шуғуллана бошлаган.

Манба: bbc.com/uzbek